Norma.uz
Норма маслахатчи / 2013 йил / № 25 / Шартномавий муносабатлар

Меҳнат шартномасининг фуқаролик– ҳуқуқий шартномадан жиддий фарқи бор

Пойтахтдаги хусусий медиа корхонасининг раҳбари менга шартнома, бироқ меҳнат шартномаси эмас, балки фуқаролик шартномаси тузишни таклиф қилди. Бироқ, эшитишимча, у ходим сифатида манфаатларимни меҳнат шартномаси билан таққослаганда бир қадар даражада камситар экан. Ҳақиқатан ҳам шундайми?
П.С., веб-дизайнер.
Тошкент шаҳри.

– Меҳнат шартномаси билан фуқаролик-ҳуқуқий шартнома ўртасидаги фарқлар ғоятда жиддий тусга эга, чунки уларга доир муносабатларни турли меъёрий ҳужжатлар тартибга солади.
Фуқаролик-ҳуқуқий шарт­нома шахслар ўртасидаги якка тартибдаги битим бўлиб, у ҳуқуқий муносабатларнинг пайдо бўлиш, ўзгариш ва бекор қилиш тартибини белгилайди. Мазкур соҳадаги мажбуриятларни ФК ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тартибга солади.
Фуқаролик-ҳуқуқий шарт­номага кўра, меҳнат шартномасидан фарқ қилиб, муайян муддатда якка тартибдаги аниқ вазифа (топшириқ, буюртма ва бошқалар) бажарилади. Унинг предмети меҳнат шартномасига биноан бўлганидек бевосита меҳнат жараёни эмас, балки пировард меҳнат натижаси (масалан, тайёрланган бухгалтерия ҳисоботи, қурилган ёки таъмирланган бино, етказиб берилган юк, сайтнинг web-дизайни, ишлаб чиқилган дастурий маҳсулот ва ҳоказо) ҳисобланади.
Меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўй­сунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир. Ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафлари бўлиб ҳисобланадилар. Улар ўртасидаги муносабатлар аввало Меҳнат кодекси билан тартибга солинади.
Яъни меҳнат шартномасининг ўзига хос жиҳатлари қуйидагиларда ифодаланади, биринчидан, ходим ўз вазифаларини бажаришини унинг меҳнат жамоаси таркибига кириши тақозо этган, иккинчидан, у меҳнат вазифасини шахсан ўзи, ўз меҳнати билан амалга ошириши керак, чунки юзага келадиган муносабатлар айни унинг салоҳиятини меҳнат фаолиятининг муайян турига қўллаш билан боғланган. Ходимнинг корхонада белгиланган ички меҳнат тартиби қоидалари, меҳнат режими, иш берувчининг унинг ишига тааллуқли кўрсатмаларига бўйсуниши шартлиги меҳнат муносабатларининг муҳим хусусиятидир.
Меҳнат шартномаси бў­йича ишловчига қонун ҳужжатлари билан бир қатор кафолатлар тақдим этилган. Улар жумласида:
l ҳар ярим ойда ­камида 1 маротаба меҳнатга ҳақ тў­лаш;
l муддатлари ­чегараси белгиланган иш вақтини ўрнатиш;
l дам олиш ва иш қо­билиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари;
l ижтимоий таътиллар;
l меҳнатга қобилиятсизлик варақаси (касаллик варақаси)га ҳақ тўлаш;
l меҳнат шартномаси ало­ҳида асосларга кўра бекор қилинганда моддий мадад бериш учун белгиланган қўшимча кафолатлар;
l давлат органларидаги сайлаб қўйиладиган лавозимларга сайланган ходимларни ишга жойлаштириш юзасидан қўшимча кафолатлар;
l қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда иш берувчидан меҳнат шарт-шароитларини ўзгартиришни талаб қилиш ҳуқуқи.
Фуқаролик-ҳуқуқий шарт­нома бўйича шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:
l ҳақ олиш (агар иш муддатида ва тегишли сифат билан бажарилган бўлса);
l иш ёки хизмат кўрсатиш жойига эркин кира олиш;
l ўз вақтидан эркин фойдаланиш (одатда тарафларнинг бирортаси иккинчи тарафни муайян тартибга риоя этишга мажбур этишга ҳақли эмас – асосийси, иш шартнома билан белгиланган муддатда бажарилиши).
Фуқаролик-ҳуқуқий шартномага кўра бир тараф бошқа тарафга бўйсунмасдан иш бажаради, шахс корхона штатида турмайди ва жамоа аъзоси ҳисобланмайди. Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича ишловчига меҳнат шартномасига биноан ишловчидан фарқли равишда интизомий жазо чораларини қўллаб бўлмайди. Фуқаролик-ҳуқуқий шартнома тузиб ёллашда меҳнат дафтарчаси юритилмайди. Ҳақ миқдори келишувга кўра белгиланади. У ҳатто қонун билан белгиланган энг кам миқдордан кам бўлиши мумкин. Ҳақ одатда иш тугаганидан кейин, ишнинг пировард натижаси учун берилади. Фуқаролик-ҳуқуқий шартномани, меҳнат шартномасидан фарқли равишда, дастлабки синов шарти билан тузиб бўлмайди. У бўйича ишловчиларга таътил, шу жумладан ижтимоий таътил ҳам берилмайди.
Ленара ХИКМАТОВА,
юрист.

Прочитано: 7067 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика