Ягона солиқ тўлови тўловчиси ҳисобланган хусусий корхонамиз савдо фаолияти билан шуғулланиб келади (ХХТУТ бўйича коди – 71150).
2013 йилда корхонамиз «STANDART» МЧЖнинг таъсисчилари қаторига кириб, унинг устав фондини шакллантиришга 200 млн сўмлик маҳсулотларини киритди.
Мазкур маҳсулотлар корхонамиз томонидан бухгалтерия ҳисобида товарларни сотишдан тушум суммаси сифатида 9020-«Товарларни сотишдан даромадлар» ҳисобварағининг кредитида нотўғри акс эттирилган ҳолда, ушбу операция бўйича маҳсулотларнинг балансдан чиқим қилиниши ҳисобварақ-фактураси орқали расмийлаштирилган.
Ушбу ҳолда хусусий корхонамиз «STANDART» МЧЖнинг устав фондини шакллантиришга қўйган маҳсулотлари реализация ҳисобланиб, ундан ягона солиқ тўлови тўлаймизми ва бу операциялар бухгалтерияда қандай акс эттирилиши керак эди?
«OIL SAVDO» ХК раҳбари.
– 21-сон БҲМСга асосан бошқа корхоналарнинг устав капиталига қилинган узоқ муддатли инвестициялар (қўйилмалар) ва уларнинг ҳаракати тўғрисидаги ахборотлар 0600-«Узоқ муддатли инвестицияларни ҳисобга олувчи счётлар» ҳисобварақларида акс эттирилади.
«Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун ва БҲМСга кўра бошқа корхона устав капиталига йўналтирилган маҳсулотлар таъсисчи томонидан топширилганда томонлар ўртасида қабул қилиш-топшириш тўғрисидаги далолатнома ва юкхати расмийлаштирилади.
Устав капиталига йўналтирилган маҳсулотлар таъсисчи корхона бухгалтериясида қуйидагича ёзувлар билан ифодаланиши мумкин:
Дт 0690-«Бошқа узоқ муддатли инвестициялар»
Кт 2910-«Омбордаги товарлар».
СКнинг 355-моддасига асосан ягона солиқ тўлови тўловчилари учун ялпи тушум солиқ солиш объекти ҳисобланади. Солиқ солиш мақсадида ялпи тушум таркибига товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушум киритилади.
СКнинг 22-моддасига кўра, реализация қилиш деганда – сотиш, айирбошлаш, беғараз бериш мақсадида товарларни жўнатиш (топшириш), ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш, шунингдек гаровга қўйилган товарларга бўлган мулк ҳуқуқини гаровга қўювчи томонидан гаровга олувчига топшириш тушунилади. Ҳисобварақ-фактуралар, ишлар бажарилганлиги ёки хизматлар кўрсатилганлиги тўғрисидаги далолатномалар, товарлар жўнатилганлигини (топширилганлигини), ишлар бажарилганлигини, хизматлар кўрсатилганлигини тасдиқловчи квитанциялар, чеклар ва бошқа ҳужжатлар реализация қилганликни тасдиқловчи ҳужжатлар ҳисобланади.
СК 22, 355-моддаларининг қоидаларидан келиб чиқиб, корхонангиз томонидан бошқа МЧЖ устав фондига йўналтирилган 200 млн сўмлик маҳсулотлар товарларни реализация қилиш деб эътироф этилмайди ва улар ягона солиқ тўловининг солиқ солиш базасига киритилмайди ҳамда ундан ЯСТ ҳисобланмайди.
Жавобни экспертимиз Умидбек САФАРОВ
тайёрлади.