Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 17 / Устуворликлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси тўғрисида ахборот

2013 йил 23 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил биринчи чорагида республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларига ҳамда шу йил 18 январда республика Ҳукумати мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган 2013 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим йўналишлари ва устувор вазифалари амалга оширилишини баҳолашга бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда мамлакатни ривожлантиришнинг белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичларига эришишни таъминлаш, энг аввало, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини жадал модернизация­лаш ва ривожлантиришнинг қабул қилинган дастурларини аниқ мақсадга йўналтирилган ҳолда амалга ошириш ҳисобига иқтисодиётнинг рақобатбардошлилигини ошириш ҳамда уни таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш, шунингдек, аҳоли бандлиги ва фаровонлигини оширишни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг натижалари ҳар томонлама кўриб чиқилди ва чуқур таҳлил қилинди.

Қайд этиб ўтилдики, жаҳон иқтисодиётида давом этаётган инқирозли ҳолатларга қарамай, иқтисодиётни модернизациялаш ва унинг рақобатбардошлилигини ошириш дастурининг тизимли ва изчил амалга оширилиши туфайли макроиқтисодий барқарорликни ва республика иқтисодиётини ўстиришнинг барқарор суръатларини сақлаш таъминланмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 7,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш – 6,2 фоизга, қурилиш ишлари – 13,2 фоизга ўсди. Давлат бюджети ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,4 фоиз миқдоридаги профицит билан ижро этилди. Инфляция даражаси прогноз параметрларидан ошмади.

Ички талабни рағбатлантириш ва ички бозорни рақобатбардош маҳаллий маҳсулотлар билан янада кўпроқ тўлдириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 9,4 фоизга, чакана товар айланмаси 13,1 фоизга ва хизматлар ҳажми 9 фоизга кўпайди. Хизматлар кўрсатиш соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ўтган йилдаги 52,1 фоиз ўрнига 52,5 фоизгача ўсди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини 40,4 фоизга ўстириш таъминланди, импорт ўрнини қоплашнинг ҳисоблаб чиқилган самараси 1,0 миллиард АҚШ долларини ташкил қилди.

Энг аввало, иқтисодиёт тармоқларини жадал ривожлантиришга ва модернизациялаш кўламларини кенгайтиришга йўналтирилган фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилаётганлиги, ўзлаштирилган инвестициялар ҳажмининг 7,2 фоиз, шу жумладан хорижий инвестициялар ҳажмининг 35,5 фоиз ўсишига кўмаклашди, уларнинг қарийб 84 фоизини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил қилади. 587 та ишлаб чиқариш объекти фойдаланишга топширилди, шунингдек, умумий қиймати 4,3 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 114 та янги инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бошланди.

«Обод турмуш йили» Давлат дастури тадбирлари фаол амалга оширилмоқда. Уларни молиялаштиришга жорий йилнинг биринчи чорагида барча манбалар ҳисобидан 1,3 триллион сўм миқдорида маблағлар йўналтирилди.

Вазирлар Маҳкамаси мажлисида саноат тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, рақобатбардош маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштириш ҳамда уларни экспортга етказиб бериш ҳажмлари ва турларини кўпайтириш дастурларининг бажарилишини муфассал таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокама давомида «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компанияси, «Ўзкимёсаноат», «Ўзбекэнерго», «Ўзбекенгилсаноат» давлат-акциядорлик компаниялари, «Ўзфармсаноат» давлат концерни, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси ҳамда қишлоқ хўжалиги машинасозлигининг бир қатор корхоналари раҳбарлари олдига айрим инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда ва янги ишлаб чиқариш объектларини ўз вақтида фойдаланишга топширишда йўл қўйилган қолоқликнинг ўрнини қоплашни таъминлаш юзасидан қатъий талаблар қўйилди.

Мажлисда фойдаланилмаётган резервларни ва ишлаб чиқариш қувватларини ишга солиш, қайта ишлаш тармоқларини, қурилиш индустрияси ва хизматлар кўрсатиш соҳаларини жадал ривожлантириш ҳисобига ҳудудларни комплекс ривожлантиришни таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилган топшириқларнинг ижроси ҳолати кўриб чиқилиб, батафсил таҳлил қилинди. Қайд этиб ўтилдики, фойдаланилмаётган резервлар ва ишлаб чиқариш қувватларини танқидий баҳолаш юзасидан Иқтисодиёт вазирлиги томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, вазирликлар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда амалга оширилган ишлар натижасида тармоқ ва ҳудудий ривожлантиришни ўзаро мустаҳкам боғлашни таъминлаган ҳолда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўртача муддатли дастурларига тузатишлар киритилди.

Муҳокама давомида барча даражадаги ҳокимликлар, тармоқлар, корхоналар ва Иқтисодиёт вазирлиги раҳбарлари олдига фойдаланилмаётган резервлар ҳамда қувватларни аниқлаш ва сафарбар этиш самарадорлигини янада оширишга, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ўртача муддатли дастурлари параметрлари ва тадбирларининг бажарилишини сўзсиз таъминлашга йўналтирилган вазифалар қўйилди.

Мажлисда йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмасини, қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича замонавий уй-жой қурилишини жадал ривожлантириш дастурлари амалга оширилишини таҳлил қилишга алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этиб ўтилдики, жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Миллий автомагистрали таркибига кирувчи автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича жами 62 миллиард сўмлик ишлар бажарилди. Қўқон шаҳрини айланиб ўтувчи «Тошкент – Ўш» автомобиль йўлининг 42 километрли участкасини реконструкция қилиш тугалланди, 45 километр темир йўллар қайта тикланди.

Муҳокама давомида «Ўзавтойўл» давлат-акциядорлик компанияси, Республика йўл жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига умумий фойдаланиладиган автомобиль йўллари ва аҳоли пунктлари кўчаларидаги йўл-қурилиш ва таъмирлаш ишларини, шунингдек, Ўзбекистон Миллий автомагистрали бўйлаб йўлбўйи инфратузилмаси ҳамда сервис объектларини қуриш ва фойдаланишга топширишни жадаллаштириш, бажарилаётган ишларнинг сифати юзасидан назоратни кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўриш юкланди.

Ўзбекистон Республикаси алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси раисининг, энг аввало, идоравий ахборот ресурсларини ва маълумотлар базаларини шакллантириш, идоралараро айирбошлашни ташкил этиш ва интерактив давлат хизматлари кўрсатиш ҳамда интернет-сайтларни ривожлантириш ҳисобига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш бўйича вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва йирик корхоналарнинг махсус бўлинмалари фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги ҳисоботи эшитилди. Вазирлар Маҳкамаси комплекслари раҳбарларига «Электрон ҳукумат» тизимини шакллантиришнинг комплекс дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишни, тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига интерактив давлат хизматлари кўрсатишнинг электрон шаклларини жорий этишни алоҳида назоратга олиш топширилди.

Вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари раҳбарларининг эътибори уларнинг фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш кўламларини кенгайтириш ҳамда чуқурлаштириш, энг аввало, замонавий идоравий ахборот ресурслари ва маълумотлар базаларини шакллантириш, сифатли идоралараро айирбошлашни ташкил этиш, интерактив давлат хизматларини ривожлантириш зарурлигига қаратилди.

Алоҳида таъкидлаб ўтилдики, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Замонавий уй-жой қурилиши – қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили» мавзусида шу йил 17 апрелда Тошкент шаҳрида ўтказилган халқаро конференциядаги маърузасидан келиб чиқадиган кўрсатма ва вазифалар барча даражадаги ҳокимликлар, тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ҳамда корхоналар раҳбарларидан қишлоқларни тубдан қайта ўзгартиришга, қишлоқ аҳолиси ҳаёти даражаси ва сифатини янада изчил оширишга, уларни замонавий стандартларга яқинлаштиришга йўналтирилган ишларни кучайтиришни талаб қилади. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, «Қишлоқ қурилиш инвест» компанияси ва «Қишлоқ қурилиш банк» акциядорлик-тижорат банки раҳбарларига жорий йилда фойдаланишга топширилиши назарда тутилган қишлоқ жойларида намунавий лойиҳалар бўйича 10 мингта янги уй-жойлар қурилишини жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг мақсадли параметрларини сўзсиз бажариш, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу масала бўйича меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори, Тошкент шаҳар ва Қашқадарё вилояти ҳокимларининг ҳисоботлари эшитилди. Қайд этиб ўтилдики, кўрилган аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг биринчи чорагида республикада 250,4 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди, уларнинг 150 мингтадан кўпроғи ёки қарийб 60 фоизи қишлоқ жойлардадир.

Бунда вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари эътибори касб-ҳунар коллежларининг 501 минг нафардан кўпроқ битирувчиларини ишлаб чиқариш амалиётини ўташ ва уларни келгусида ишга жойлаштиришни таъминлаш учун аниқ корхоналар ва ташкилотларга бириктириш борасида улар томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатига қаратилди.

Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари олдига янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли бандлигини ошириш, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган ихтисосликларига мувофиқ ишга жойлаштиришни таъминлаш учун мавжуд резервларни сафарбар этиш юзасидан аниқ вазифалар қўйилди.

Кун тартибидаги масалалар бўйича республика вазирликлари, идоралари, хўжалик бирлашмалари, йирик корхоналари ва вилоятлар ҳокимликлари раҳбарлари сўзга чиқдилар. Республика Ҳукумати мажлисига киритилган масалаларни муҳокама қилиш якунлари бўйича 2013 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурининг энг муҳим устувор вазифалари бажарилишини таъминлаш чора-тадбирлари белгиланган тегишли қарорлар қабул қилинди.

ЎзА.

Прочитано: 2641 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика