Эшитишимизча, янги очилган корхоналар улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 2 йил мобайнида мол-мулк солиғини тўлашдан озод қилинади.
Айтинг-чи, мазкур имтиёз янги барпо этилган тижорат ташкилотимизга ҳам татбиқ этиладими ва бунда бўшайдиган маблағлардан мақсадли фойдаланиш назарда тутилганми?
Шоҳиста Турсунбаева, ташкилот бухгалтери.
Жиззах шаҳри.
– Ҳақиқатан ҳам, СКнинг 269-моддаси иккинчи қисмининг 4-бандига асосан янги ташкил этилган корхоналар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан 2 йил мобайнида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқдан озод қилиниши белгиланган. Мазкур имтиёз қайта ташкил этилган юридик шахслар негизида ташкил этилган корхоналарга, шунингдек бошқа корхоналар ҳудудида шу корхоналардан ижарага олинган асбоб-ускуналардан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини амалга ошираётган юридик шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Демак, сиз қайд этган мазкур имтиёз янги барпо этилган тижорат ташкилотингизга у давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 2 йил мобайнида татбиқ этилади. Бунда шуни назарда тутингки, агар корхонангиз ўз фаолиятини бошқа корхоналар ҳудудида улардан ижарага олинган асбоб-ускуналардан фойдаланиб амалга оширса, сизга ушбу имтиёз татбиқ этилмайди.
Мазкур имтиёз мақсадли ҳисобланмайди, уни қўллаш натижасида бўшайдиган маблағлардан мақсадли фойдаланиш кўзда тутилмаган.
Жавобни экспертимиз Ғуломжон ТЎЛАГАНОВ тайёрлади.