Norma.uz
СБХ / 2013 йил / № 17 / Устуворликлар

Экспорт бўйича маслаҳатчи: ишнинг охири кўринмайди

Кейинги 2 йил ичида мамлакатимизда ўз маҳсулотимиз экспортини рағбатлантиришга йўналтирилган бир қатор муҳим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Имтиёз ва преференциялар тизими, рухсат бериш таомилларини соддалаштириш туфайли экспорт жиддий равишда ўсди, унинг таркибини диверсификациялаш амалга ошириляпти. Ушбу шароитда экспорт операциясини малакали маслаҳат билан қўшиб олиб боришга талаб кучаймоқда. Бироқ, амалиётнинг кўрсатишича, ушбу соҳада мутахассислар етарли эмас, ягона стандартлар ва уларни тайёрлаш услубияти мавжуд эмас. Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича USAID ло-йиҳаси Ўзбекистон бухгалтерлар, аудиторлар ва маслаҳатчилар федерацияси (ЎзБАМФ) билан ҳамкорликда яқинда ташкил этган давра суҳбатида ушбу муаммолар, шунингдек экспорт бўйича маслаҳатчиларни сертификатлаштириш истиқболлари тўғрисида сўз борди. Унда давлат тузилмалари ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, Божхона брокерлари уюшмаси ва ЎзБАМФ аъзолари, ўзбекистонлик аудитор ва маслаҳатчилар иштирок этишди.

 

Давра суҳбатини очаркан, Минтақавий иқтисодий ҳамкорлик бўйича USAID лойиҳаси раҳбари Виктор Продедович Лойиҳанинг вазифаларини қисқача ёритди, улар жумласига экспорт ҳамкорлигини барпо этиш ҳамда самарали бизнес моделларини жорий этиш воситасида Марказий Осиё минтақаси ва Афғонистон корхоналарининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш киради. Ўзининг «Экспортчи маслаҳатчилар учун сертификатлаштириш дастурини барпо этиш учун шарт-шароитлар» мавзусидаги нутқида В.Продедович мутахассислар тайёрлаш дастурларини яратиш бўйича халқаро ва миллий тажрибани ўрганиш зарурлигига, бошқа тармоқлардаги муваффақиятли мисолларга эътибор қаратди. Тақдимотда малака талабларини ишлаб чиқиш, имтиҳоннинг мақбул шакл ва таомиллари масалаларига катта урғу берилди.

ЎзБАМФ катта эксперти Андрей Байрашевнинг тақдимоти экспорт бўйича халқаро сертификатлаштириш дастурларининг таҳлилига бағишланди. Жаҳон бозорида энг талабгир дастурлардан бири Савдога ўргатувчи ташкилотлар халқаро уюшмасининг (IATTO) дас­тури ҳисобланади. У табақалаштирилган ва ўз ичига қуйидаги уч даражали сертификатлаштиришни олади: халқаро савдода маъмуриятчилик бўйича сертификат, халқаро савдо бўйича етакчи сертификат ва халқаро савдони бошқариш бўйича диплом. 2013 йил 1 январдан бошлаб IATTO янги халқаро малака – Халқаро савдо бўйича мутахассис малакасини таклиф қилди. Уни IATTO дипломига эга бўлган, халқаро савдода камида 2 йиллик иш тажрибаси бўлган, «Халқаро савдо бўйича мутахассис» одоб кодексига риоя этадиган, узлуксиз касбий ривожланиш дастурида иштирок этадиган жисмоний шахс олиши мумкин. Шунингдек А.Байрашев 10 йилдан кўп вақтдан бери муваффақият билан ўқув дастурларини ишлаб чиқаётган Экспорт институти (Буюк Британия) ва Хал-қаро савдо ҳамда ўқитиш бўйича форумнинг (Канада) амалиёти тўғрисида ҳикоя қилди. Айтиш жоизки, уларнинг иккаласи ҳам IATTO аъзоларидир.

 

ИХТИСОСЛАШУВИ – ТИФ

Тақдимот блокининг иккинчи қисми мамлакатимиз тажрибасининг шарҳига бағишланди. ТИАИСВ ҳузуридаги ТИФ соҳасида кадрлар малакасини ошириш марказининг фаолияти тўғрисида унинг директори, иқтисод фанлари доктори, профессор Мухтабар Насриддинова ахборот берди. Марказ ТИФ ихтисослиги бўйича, шу жумладан кадрлар малакасини оширишнинг қисқа муддатли дастурлари асосида узлуксиз ўқувларни ташкил этади. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ТИФ масалалари бўйича мутахассислари тингловчиларнинг алоҳида тоифаси ҳисобланади. 10 йил ичида 2 200 дан зиёд киши сертификат олди. Директор машғулотларнинг мавзу доираси ва шакли, бизнес вакилларини ўқитишнинг алоҳида масалалари тўғрисида батафсил ҳикоя қилди.

Ўзбекистонда ТИФ ва божхона иши бўйича мутахассислар тайёрлаш тажрибаси тўғрисида Божхона брокерлари уюшмасининг маслаҳатчиси Холида Усмонова ҳикоя қилиб берди. Уюшма ташқи иқтисодий фаолият ва божхона ишининг назария ва амалиётини ўрганувчи махсус курс дастурини ишлаб чиқди. Унга Ўзбекистоннинг қонун ҳужжатлари ва халқаро битимлари, ТИФни давлат томонидан тартибга солиш чоралари, контрактлар тузиш тартиби, валюта назорати, божхона режимлари, товарлар ва транспорт воситаларини олиб ўтиш, уларни кўрикдан ўтказиш, декларациялаш, божхона қийматини аниқлаш, божхона тўловлари ва ҳоказолар киради. Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишлар ва улар учун жавобгарликка алоҳида эътибор берилади. Тингловчиларга божхона ҳужжатларини расмийлаштириш ўргатилади. Бундай ўқитишдан кутилган мақсад – мижозни стратегик жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, контрактни расмийлаштиришдан бошлаб божхонада тозалашга қадар ташқи савдо битимини кузатишни амалга оширишга тайёр мутахассисларни тайёрлашдир.

Шу билан бирга, давра суҳбати иштирокчиларининг фикрича, мамлакатимиздаги ТИФ–консалтинг ривожланишнинг бошланғич босқичида турибди ва ушбу босқич учун хос камчилик, мутахассислар, стандартлар, уларнинг малакасига қўйиладиган талаблар ва бошқаларни тайёрлашнинг ягона услубияти йўқлигини очиқ айтиш керак. ТИФ менежерларининг хизматлари одатда декларант функциялари билан чекланади.

Ана шу муаммолар ҳақида ЎзБАМФ бошқаруви раиси Дилноза Султонова ўзининг «Ўзбекистонда экспорт бўйича маслаҳатчиларни сертификатлаштиришни жорий этиш истиқболлари» тақдимотида сўзлади. Экспорт бўйича маслаҳатчиларни тайёрлаш модели ҳақида сўзларкан, у эътиборни кўпчилик касблар учун профессионал сертификатлаштиришнинг самарали тизими профессионал таълим, мустақил имтиҳонлар ва профессионал ташкилотга аъзоликка асосланганлигига қаратди. Рақобатбардошлик ва узоқ муддатли ривожланишни таъминлаш учун ўқув дастури миллий талабларни ҳисобга олган ҳолда халқаро дастурларга асосланиши керак. Таълим рақобатли бўлиши керак, яъни таълим беришга лицензияси бўлган ҳар қандай нодавлат таълим муассасаси экспорт бўйича маслаҳатчиларни сертификатлаштириш бўйича таълим хизматларини кўрсатиши мумкин. Профессионал имтиҳонларга кириш мажбурий таълимни ўтишдан қатъи назар эркин бўлиши керак.

Д.Султонова мустақил имтиҳонларнинг жиҳатларини ҳам ёритди. Экспорт бўйича маслаҳатчиларни сертификатлаштиришнинг самарали тизимини жорий этиш учун халқаро ҳамкорлар билан бирга ўқув дастури ва материалларни ишлаб чиқиш, уларни ЎзР давлат органлари билан келишиш, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки тренингларни ўтказиш ва уларни тренерларни тайёрлашдан бошлаш лозим. Самарали имтиҳон жараёнини ташкил этиш учун мустақил ташкилотни жалб этиш зарур. Сертификатларни бериш ва уларни узайтириш бўйича ваколатларни маслаҳатчиларнинг профессионал ташкилотига бериш керак.

Давра суҳбатининг кун тартиби масалалари бўйича музокара етарлича фаол ўтди. Ўйлашимизча, фикрларнинг хилма-хиллиги – яхши аломат, у муҳокаманинг маҳсулдорлиги, манфаатдор тарафлар мулоқотининг самарадор бўлишига имкон яратади ва экспорт бўйича малакали маслаҳатчилар тайёрлашга ҳар томонлама пухта ёндашувни шакллантириш учун замин яратади.

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

Прочитано: 2894 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика