2012 йил декабрида ЯСТ тўловчиси бўлган корхонамиз банк кредити маблағлари ҳисобига, 1,5 млрд сўмга янги технологик асбоб-ускуна харид қилди. Кредит бўйича асосий қарзни сўндириш 2013 йил июндан бошланади. Ўтган даврда 27,4 млн сўм миқдорида кредит бўйича фоизлар тўланди.
2013 йилда солиқ солинадиган базани камайтириш бўйича имтиёз қўлланадими? Агар қўлланса, қандай сумма қисмида: 1,5 млрд сўмдан 25%ми ёки кредит бўйича асосий қарзни сўндириш ҳисобига 2013 йил июнь–декабри учун тўланадиган суммадан 25% қисмидами?
Директор.
– Солиқ кодексининг 356-моддасига кўра ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган база янги технологик асбоб-ускуналар олишга йўналтирилган маблағлар суммасига, лекин солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 25 фоизига камайтирилади. Солиқ солинадиган базани камайтириш технологик асбоб-ускуналарни фойдаланишга жорий этилган солиқ давридан бошлаб 5 йил мобайнида амалга оширилади. Ягона солиқ тўлови бўйича имтиёз технологик жиҳозга унинг харид қилиш манбаидан (ўз маблағлари ёки қарзга олинган маблағлар) қатъи назар, берилади (АВ томонидан 11.06.2007 йилда 1688-сон билан рўйхатдан ўтказилган Ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтириш, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилишни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисида низомнинг II бўлими 2-параграфи).
Шу тариқа, имтиёз қўллана бошлаган вақт кредит бўйича тўловлар бошланишидан эмас, балки ускуна фойдаланишга жорий этилган пайтга боғлиқдир. Чунончи, агар сиз ускунани 2012 йил декабрида фойдаланишга жорий этсангиз, имтиёз 2012 йилдан бошлаб; агар 2013 йилда жорий этилса – 2013 йилдан бошлаб қўлланади. Агар ускуна 2013 йилда фойдаланишга жорий этилмаса, кредит бўйича тўловлар амалга оширилишига қарамай, имтиёз қўлланмайди.
ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базанинг камайиш суммасига келсак, камайишнинг чегараланган суммаси, ускунанинг қиймати ёки сўндирилган кредит суммасидан эмас, балки солиқ солинадиган базанинг ўзидан 25%ни ташкил қилади. Масалан, қиймати 1,5 млрд сўм бўлган ускуна 2013 йил январда фойдаланишга жорий этилган бўлса, 2013 йил I чораги учун солиқ солинадиган ялпи тушум эса (ЯСТ ҳисоб-китобининг 040-сатри) 145 млн сўмга тенг бўлса, сиз I чорак учун солиқ солинадиган базани 36,25 млн сўмга (145 х 25%) камайтиришингиз мумкин, чунки ускунанинг қиймати солиқ солинадиган базанинг 25%идан ошади. 1,5 млрд сўмни чегириш учун зарур бўлган муддат мобайнида, бироқ 5 йилдан кўп бўлмаган муддатга, ке-йинги даврларда ҳам камайиш суммаси худди шундай тарзда ҳисобланади.
200-00-59 телефон рақами орқали ҳамда norma.uz сайтига келиб тушган саволларга «Norma Ekspert» мутахассислари жавоб бердилар.