Бирлашган Араб Амирликларидан охирги русумдаги суюқ кристалли телевизор олиб келмоқчиман. Менга айтишларича, уни тахминан 1 800 АҚШ долларига сотиб олса бўларкан. Шу муносабат билан савол туғилади: агар уни ўзим самолётда олиб келсам, божхонада қандай ва қанча солиқ тўлашим лозим?
Т.Тлеубаев.
– Хатингизга қараганда, суюқ кристалли телевизорнинг қиймати Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бож олинмайдиган товарларни олиб киришнинг чегараланган меъёрлари1 томонидан белгиланган, чегарадош бўлмаган давлатлардан товарларни бож олинмасдан олиб кириш лимитидан (1 000 АҚШ долларидан ошмайдиган эквивалентда) ошади. Бунинг маъноси шуки, меъёрдан ошган суммадан тегишли божхона тўловларини тўлашингизга тўғри келади.
Хатингиздаги тавсифга қараганда, телевизорингиз ТИФ ТН 8528 72 2001 кодга эга кўринади. Бу ҳолда сиз қуйидагиларни тўлашингиз керак:
товар божхона қийматининг 30%и миқдорида, бироқ донаси учун 85 АҚШ долларидан кам бўлмаган импорт божхона божи (Президентнинг 5.08.2009 йилдаги «Ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ПҚ-1169-сон қарори);
қўшилган қиймат солиғи – солиқ солинадиган базанинг 20%и (Солиқ кодексининг 206-моддаси; Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарори 3-банди);
акциз солиғи – божхона қийматининг 60%и (Президентнинг 25.12.2012 йилдаги ПҚ-1887-сон қарорига 12-2-илова);
божхона расмийлаштируви учун йиғим – товар божхона қийматининг 0,2 фоизи, бироқ камида 25 АҚШ доллари ва 3 000 АҚШ долларидан ортиқ эмас (ВМнинг 30.04.1999 йилдаги «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида» 204-сон қарори).
Тўловлар ҳисоб-китоби учун Т-6 шаклидаги божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага кўра2 телевизорнинг божхона қийматини эълон қилиш зарур. Уни тасдиқлаш учун сиз чек, тўловнома (счёт) ва декларацияланаётган товар харид қилинганлиги ва унинг қийматини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатларни тақдим этишингиз лозим. Улар бўлмаганда божхона товарнинг божхона қийматини бу хил товарларни сотишни амалга оширадиган чет эл ташкилотларининг каталогларида кўрсатиладиган маълумотлар асосида ёки божхоначилар ихтиёрида мавжуд бўлган бошқа нарх маълумотларига асосан мустақил равишда белгилаш ҳуқуқига эгадир. Бунда қийматга товар сифати, унинг бозордаги нуфузи, келиб чиққан мамлакати, тайёрланган вақти ва нархга таъсир кўрсатадиган бошқа омилларга боғлиқ ҳолда тузатиш киритилиши мумкин.
1МВ ва ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 10.09.1996 йилда 279-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
2ДБҚнинг АВ томонидан 23.04.2004 йилда 1342-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.