Солиқларни тўлашда пенсионерларга қандай имтиёзлар берилган?
– Солиқ солиш қисмида пенсионерлар қуйидаги ҳолатларда солиқларни тўлашдан озод қилинади:
• ёшга доир пенсия ва нафақа олувчи ҳунармандчилик фаолияти субъектлари бўлган «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари солиқ тўлашдан озод этилади. СКнинг 408-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган, ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган қолган шахслар, шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун эса солиқ миқдори унинг белгиланган энг кам миқдорининг камида 50%ини ташкил этиши керак. Мазкур имтиёзлар пенсия гувоҳномаси ёки тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг (ТМЭК) маълумотномаси асосида берилади. Имтиёзларга бўлган ҳуқуқ календарь йил давомида вужудга келган ёки тугатилган тақдирда, солиқни қайта ҳисоб-китоб қилиш ушбу ҳуқуқ юзага келган ёки тугатилган ойдан эътиборан амалга оширилади (СК 408-м. 3-қ.);
• пенсионерларнинг жисмоний шахсларнинг мулкида бўлган мол-мулк 60 квадрат метр доирасида солиқ солишдан озод қилинади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси асосида берилади (СК 421-м. 2-қ.);
• ёлғиз пенсионерлар ер солиғини тўлашдан озод қилинади. Ёлғиз ёки вояга етмаган болалари билан ёхуд ногиронлиги бўлган боласи билан бирга алоҳида уйда яшовчи пенсионерлар ёлғиз пенсионерлар деб тушунилади. Мазкур имтиёз пенсия гувоҳномаси ёки Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимининг маълумотномаси, шунингдек фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномаси асосида берилади (СК 436-м. 1-қ. 4-б.);
• иш берувчидан солиқ даври мобайнида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,11 бараваригача бўлган қийматдаги илгари мазкур иш берувчининг ходимлари бўлган ишламаётган пенсионерлар ва меҳнат қобилиятини йўқотган шахслар, вафот этган ходимнинг оила аъзолари томонидан олинган совғалар ҳамда бошқа турлардаги ёрдам туридаги даромадга солиқ солинмайди (СК 378-м. 1-қ. 10-б.).