II гуруҳ ногиронлари қандай имтиёзларга эгалар?
– Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар:
• республикадаги ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказларининг барчасида бепул даволаниш ҳуқуқига эгалар (26.02.2003 йилдаги ПФ-3214-сон Фармонга 2-илова);
• Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимининг турғун даволаш-профилактика муассасаларида овқатланиш учун ҳақ тўлашдан озод қилинадилар (5.02.2016 йилдаги 31-сон ВМҚга 1-илова).
• вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказларида бепул ёрдам олиш ҳуқуқига эгалар (Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази тўғрисидаги низомга илова, 18.03.2008 йилдаги 48-сон ВМҚ билан тасдиқланган);
• 2 йилда 1 марта (навбат тартибида) Ўзбекистон санаторийларига бепул йўлланма олиш ҳуқуқига эгалар (Маъмурий регламент, 19.11.2021 йилдаги 693-сон ВМҚ билан тасдиқланган).
Шунингдек I ва II гуруҳ ногиронлари, ногирон болалар хусусий тиббиёт муассасаларида (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) бепул тиббий хизматларни олиш ҳуқуқига эгадирлар (АВ рўйхат рақами 2911, 11.08.2017 й.).
Бундан ташқари, Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси маблағлари ҳисобидан оғир ташхисли касалликлари ҳамда ногиронлиги бўлган кексаларга шифокорларнинг рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50%игача бўлган суммаси компенсация қилинади (15.03.2022 йилдаги ПҚ-167-сон).
Бунда дори-дармонлар рўйхати Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишилади ҳамда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан қарор қабул қилинган кунда дори воситаларининг тегишли суммаси компенсация қилинади.