Norma.uz
Норма маслахатчи / 2023 йил / № 15 / Биз яшайдиган уй

Бошқарувчи компаниянинг хизматлари учун тўлов миқдори нималарни ўз ичига олади

 

Бошқарувчи ташкилот ўзи хизмат кўрсатадиган кўп квартирали уйларнинг мулкдорлари ҳисобланмайдиган фуқароларга маълумотларни тақдим этмасликка ҳақлидир. У бошқа мулкдорларга тегишли қуйидаги шахсий маълумотларни уларнинг рухсатисиз тақдим этишни рад қилиши мумкин: масалан, телефон рақами, паспорт маълумотлари, иш жойи, қарзи миқдори ва ҳ.к. БКнинг телефон рақамига келсак, у фойдаланиш учун очиқдир. Бироқ бухгалтер, электрик, сантехник ёки бошқа ходимларининг мобиль телефон рақамларини бериш сўралганда БК, албатта, агар компания ходими бунга қаршилик билдирмаса, бу илтимосни рад қилиши мумкин.  

 

Молия-хўжалик фаолиятига келсак, БК мулкдорларга улар ҳақ тўлайдиган шартнома мажбуриятлари доирасида фақат бажарилган ишлар ҳажми бўйича маълумотларни тақдим этади ва ҳисобот беради. Бошқача айтганда, мулкдорларнинг уй-жойнинг умумий мол-мулкига хизмат кўрсатишга, таъмирлаш ишларини амалга оширишга сарфланган маблағлари ҳаракати юзасидан ҳисобот бериши лозим. Бу бошқарувчи ташкилотнинг ички норматив ҳужжати ҳисобланади, у компания тузилмаси, ходимлар сони, уларнинг лавозимлари, маошлари, устамаларига тааллуқли бўлади. У уй аҳлини БКнинг хизмат хоналарини таъмирлаш, техник воситалар, транспорт, асбоб-ускуналар ҳамда БКни ривожлантиришга тааллуқли бўлган бошқа нарсалар билан боғлиқ харажатлар билан таништириш ҳақидаги илтимосни рад этишга ҳақлидир. Бошқарувчи компаниянинг даромадлари тижорат сири ҳисобланади. Бироқ у бундай даромадларни уй-жой эгаларининг уйни таъминлаш учун берган тўловлари ҳисобидан олади, шу сабабли уй аҳли компаниядан самарали ишлашни талаб қилишга ҳақлидир.

 

Беш йил учун ҳисоботни тақдим этинг

Кўпинча низоли вазиятлар юзага келганда уй аҳли БКдан бир неча йиллик ҳисоботларни ёки ишлар бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этишни талаб қиладилар. Бундай ҳолатда мулкдор ўз талабининг заруратини асослаган ҳолда БК раҳбарига ёзма равишда мурожаат қилиши лозим. Албатта, бошқарувчи компания ҳужжатнинг аслини ёки унинг тасдиқланган нусхасини тақдим эта олмайди. Лекин белгиланган тўлов учун нусхаларни тақдим этиши ёки ҳужжатлар билан идорада, БК ходимлари иштирокида танишиб чиқишни таклиф қилиши мумкин.

Афсуски, БК ва мулкдорлар ўртасидаги шартномаларда, бошқа ҳужжатлардаги сингари, уй аҳлига маълумотларни тақдим этиш тартиби қайд этилмайди. Бундай вазиятларда НҲҲдаги нормалардан келиб чиқиб иш тутиш лозим. Хусусан «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тўғрисида», «Шахсий маълумотлар тўғрисида», «Тижорат сири тўғрисида»ги қонунлар.

Албатта, БК умумий мол-мулкни сақлаш юзасидан қилинган ишлар ҳақидаги маълумотларни мулкдорлардан яширишга ҳақли эмас – ахир бу ишлар квартира эгаларининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Уй-жой тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жойларнинг мулкдорлари БКнинг молия-хўжалик фаолиятининг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги, ККУларнинг умумий мол-мулкини сақлаш ва таъмирлаш бўйича кўрсатилаётган хизматлар ҳамда бажарилаётган ишлар ҳақидаги, хизматларнинг қиймати ва тарифи ҳақидаги ахборотдан эркин фойдаланишни таъминлаши шарт. Бироқ, БК фаолияти тўғрисидаги айнан қандай маълумотлар фойдаланиш учун очиқ бўлиши батафсил айтилмаган.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ республикада «Менинг уйим» электрон биллинг тизими ишга туширилди. Барча бошқарув органлари унга уланишлари лозим. Бироқ мулкдорлар учун фақат уй-жой тўлов миқдори, унинг тўлов баланси ҳолати, умумий майдони тўғрисидаги маълумотлар фойдаланиш учун очиқдир. Мулкдорлар уй-жойнинг умумий мол-мулкини сақлаш ва таъмирлаш билан боғлиқ ишларнинг бажарилиши юзасидан БК фаолияти натижалари тўғрисидаги маълумотлардан фойдалана олмайдилар.

 

Бошқарувчи компания томонидан ахборотни ошкор этиш стандарти нима?

Ушбу масала бошқа мамлакатларда қандай ҳал этилиши қизиқарли мавзудир. Хусусан, Россияда яқин вақтгача Ҳукумат қарори амал қилган, унда кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида фаолият юритадиган ташкилотлар томонидан ахборотларни ошкор қилиш стандарти белгиланган эди. Ҳужжат мулкдорларга илгари истеъмолчилар учун ёпиқ ҳолда бўлган уй-жойларни бошқарувчи компаниялар фаолияти ҳақидаги маълумотлардан деярли тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиб берган эди. Бу уларнинг иши ошкор бўлишига ва уй аҳли томонидан назорат қилинишига хизмат қилган. Улар жумласига қуйидагилар киритилган:

• ташкилот ҳақидаги умумий маълумотлар, шу жумладан номи, манзили (БК сайтига ҳавола), ташкилий-ҳуқуқий шакли, йиллик бухгалтерия ҳисоботи кўрсаткичлари ва баланси унга илова қилинган ҳолда;

• бошқариладиган уйлар ҳақидаги умумий маълумотлар;

• бажариладиган ишлар ва кўрсатиладиган хизматлар ҳақидаги маълумотлар;

• коммунал хизматлар ва уларнинг етказиб берувчилари, тарифлари ва истеъмол нормативлари ҳақидаги маълумотлар;

• ККУларнинг умумий мол-мулкидан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотлар;

• ККУ умумий мол-мулкини капитал таъмирлаш тўғрисидаги маълумотлар;

• уй аҳли томонидан ўтказилган умумий йиғилишлар тўғрисидаги маълумотлар, уларнинг овоз бериш якунлари, умумий йиғилишнинг қарорлари ва баённомалари натижалари жойлаштирилган ҳолда;

• бошқарувчи компаниянинг бошқарув шартномаси бўйича ўз мажбуриятлари ижроси тўғрисидаги йиллик ҳисобот;

• бошқарувчи компания ёки унинг мансабдор шахсига кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасидаги лицензия талабларини бузганлиги учун ёзма кўрсатма берилганлиги, жарима солинганлиги ёки бошқарувга нолойиқ деб топилганлиги тўғрисидаги маълумотлар.

Барча ахборотлар бошқарувчи компаниялар томонидан Интернетдаги ўз расмий сайтларида, БК биносидаги маълумотлар стендида жойлаштирилиши ёки ёзма мурожаатлар орқали 20 иш куни мобайнида ошкор этилиши лозим.

Бундай ҳужжат икки йил аввал ўз кучини йўқотган. Энди стандарт қўлланилмайди – РФ Уй-жой кодексининг нормаси амал қилмоқда, унда уй-жой-коммунал хўжалигининг давлат ахборот тизимида (УЖКХ ДАТ) аниқ маълумотлар кўрсатилиши назарда тутилади.

УЖКХ ДАТда жойлаштирилган ахборот расмий ҳисобланади. Бошқарувчи ташкилотлар унинг ишончлилигини ва тизимда долзарблигини таъминлашлари шарт. Ахборотларни жойлаштириш усуллари ва муддатлари бўйича белгиланган тартибларга риоя этилмаганлиги учун огоҳлантириш ёки жарима солиш тарзидаги санкциялар назарда тутилган.

Прочитано: 194 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика