Кўп квартирали уйга бошқарувчи компания хизмат кўрсатади. Узоқ йиллардан буён 4 та квартиранинг томидан чакка ўтаётганлиги муаммо бўлиб келмоқда. БК томни таъмирдан чиқарди, бироқ уйнинг асосий муаммоси барибир бартараф этилмади, чакка ўтиб ётибди. Уй аҳлининг аризалари ва шикоятларига қарамай, бошқарувчилар бу муаммоларга кўз юмишмоқда. Уй-жойларнинг мулкдорлари БКга умумий йиғилиш ўтказиш ҳамда бажарилган ишларга оид ҳужжатлар ва далолатномаларни тақдим этган ҳолда томнинг таъмири ҳақида ҳисобот беришни талаб қилиб, мурожаат қилишди. Бошқарувчи компания ходимлари уй аҳлига рад жавобини беришди, буни БК тижорат ташкилоти эканлиги, УМШ эмаслиги билан асослашди. БК уларнинг ҳар бир мурожаатлари бўйича йиғилиш ўтказиш ва ҳисобот беришга мажбур эмас экан. Бошқарувчилар навбатдаги ўтказиладиган йиллик умумий йиғилишда ҳисобот беришларини маълум қилдилар. Ушбу масала қонунчиликда қандай ҳал этилишини айтиб ўтишингизни сўраймиз: БК уй-жойлар мулкдорларининг талабига кўра умумий йиғилиш ўтказиши ҳамда бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот бериши лозимми?
– Уй-жой мулкдорлари ва бошқарувчи компаниялар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган барча низоли масалалар шартномада батафсил баён этилиши керак. Бироқ БК мулкдорларга таклиф этаётган шартномалар намуналарининг кўп қисми қонунларни қўпол равишда бузган ҳолда тузилган. Квартира эгаларининг кўпчилиги ушбу ҳужжатларни умуман имзолашмаган ёки мазмунига эътибор бермасдан, бунинг қанчалик муҳим эканлигини англамасдан ва улар учун ҳуқуқий нигилизм қандай оқибатларга олиб келишини билмасдан туриб имзо қўйишган.
Шартномада йиғилишларнинг даврийлиги қайд этилмаган бўлса, ушбу масалани ҳал қилишда Уй-жой кодекси ва «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунга таяниш лозим. УЖКнинг 139-моддасига мувофиқ, агар уй-жой фондини бошқариш шартномасида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, бошқарувчи ёки бошқарувчи ташкилот кўп квартирали уйдаги жойлар мулкдорларига ҳар йили уй-жой фондини бошқариш шартномасининг ўтган йилги бажарилиши тўғрисида жорий йилнинг биринчи чораги ичида ҳисобот тақдим этади.
Яъни УЖКга мувофиқ шартномада кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш бўйича ҳисобот топшириш юзасидан қуйидаги исталган даврийлик белгиланиши мумкин: чоракда, ярим йилда бир марта ёки уй-жой мулкдорларининг талабига кўра.
Қонунда ККУларни бошқариш органи томонидан ҳисобот топшириш ва умумий йиғилиш ўтказиш юзасидан имкониятлар кўлами кенгайтирилган. Қонуннинг 20-моддасида белгиланишича, умумий йиғилиш ушбу Қонунда белгиланган тартибда йилига камида бир марта чақирилади. Ҳар йилги умумий йиғилиш календарь йил тугаганидан кейин 60 кундан кечиктирмай чақирилади. Бунда йиллик ҳисобот йиғилиши ҳақида сўз бормоқда, унда БКнинг ўтган йилги молия-хўжалик фаолиятига якун ясалади, иш режалари, сметалари, келгусидаги тўлов миқдорлари тасдиқланади.
Шунингдек Қонуннинг 20-моддасида назарда тутилишича, навбатдан ташқари умумий йиғилиш кўп квартирали уйни бошқариш органининг ташаббуси билан ёки жойлар мулкдорларининг камида 10 фоизининг ташаббуси билан чақирилиши мумкин. Кўп квартирали уйни бошқариш органи томонидан қонунчилик бузилишига йўл қўйилган ҳолларда Уй-жой фонди инспекциясининг мансабдор шахси навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.
Жойлар мулкдорларини умумий йиғилиш ўтказиладиган жой, сана, вақт ва унинг кун тартиби тўғрисида хабардор қилиш йиғилиш ташаббускорлари томонидан умумий йиғилиш ўтказилишидан камида 10 кун олдин тегишли эълонни уйларнинг ҳар бир кириш йўлагига осиб қўйиш ёки эълонни мулкдорларга имзо қўйдириб топшириш орқали амалга оширилади.
Яъни ушбу масалада ҳуқуқий муносабатлар регулятори УЖК ва Қонун ҳисобланади. Бошқарувчи ташкилотда фаолият юритиш жараёнида уй-жойлар мулкдорлари олдида ҳисобот бериш мажбурияти пайдо бўлади. Албатта, бу компания алоҳида мулкдорнинг талабига кўра ҳисобот бериши ва умумий йиғилиш чақириши кераклигини англатмайди. Бироқ уй аҳли шуни билиши лозимки, муайян регламентларга риоя этилган ҳолда БК фаолияти бўйича уларни қизиқтираётган маълумотлар йиллик ҳисобот йиғилиши муддати келгунига қадар тақдим этилади.
Уй-жой мулкдорлари йиғилишни ташкил қилиш тўғрисидаги талабни бошқарувчи компанияга ёзма равишда тақдим этишлари лозим. Бошқарув органи талабларни бажаришни рад қилса, уй аҳли назорат қилувчи органларга – Уй-жой фонди инспекциясига, прокуратурага мурожаат қилишлари мумкин.