Илгари вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври стажга киритилмаганлигини биламан.
Ҳозир қандай?
– Вазият ўзгармаган. Қуйидагилар иш стажига қўшиб ҳисобланади:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун — фаолият тури, мулк ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат томонидан ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш, агар у Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаган бўлса;
• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун — ходим томонидан бажарилган ҳар қандай иш, агар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган бўлса («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 37-м. 1-қ. «а» б.).
Бунда вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида ходимларга нафақа тўланади, ушбу нафақа меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар таркибига киритилмайди (МК 285-м.).
Кўрсатиб ўтилган (тиббиёт муассасалари томонидан берилган меҳнатга лаёқатсизлик варақалари билан тасдиқланган) давр иш стажига фақат:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланган;
• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган тақдирда киритилади (252-сон Низомнинг 64-б.).
Зафаржон Хўжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.