Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 47 / Божхона

Ҳисобварақ-фактурада декларациялаш мумкин

 

Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (АВ рўйхат рақами 2131, 13.08.2010 й.) 20-банди нормаларининг ягона талқини мавжуд бўлмаганлиги сабабли Божхона брокерлари уюшмасига ТИФ иштирокчиларидан катта туркумларда бўлмаган (фактура қиймати 5 000 АҚШ долларигача бўлган) товарларнинг келиб чиқишини тасдиқлашга доир саволлар келиб тушмоқда. Масалан, товарларнинг кузатув ҳужжатларида кўрсатилган товарларнинг келиб чиқиши ҳақидаги маълумотлар қайси ташкилотлар томонидан тасдиқланиши лозим: товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатларни беришга ваколатли бўлган ташкилотлар (мисол учун, ССП) томониданми, ёхуд ҳисобварақ-фактура (инвойс) ва (ёки) товарларнинг бошқа кузатув ҳужжатларини берган ташкилотлар (яъни сотувчи ёки жўнатувчи) томониданми? Товарларнинг кузатув ҳужжатларини берган ташкилотлар томонидан тасдиқланишининг ўзи етарли бўладими? 

 

Шу муносабат билан ББУ томонидан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига юборилган сўровга қуйидаги мазмундаги жавоб олинди:

«Товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомда (20-б., АВ рўйхат рақами 2131, 13.08.2010 й.) белгилашича, катта туркумларда бўлмаган (фактура қиймати 5 000 АҚШ долларигача бўлган) товарларнинг келиб чиқишини гувоҳлантиришда, экспортёр товарнинг келиб чиқиш мамлакатини ҳисобварақ-фактурада ёки товарнинг кузатув ҳужжатларида қуйидаги шартларда декларациялаши мумкин:

● мазкур товарлар туркуми битта шартнома доирасида етказиб берилаётган товарлар туркумининг бир қисми бўлмаса;

● ҳисобварақ-фактурада ва/ёки бошқа товарнинг кузатув ҳужжатларида кўрсатилган маълумотлар уларни бериш ваколатига эга бўлган ташкилотлар томонидан ўрнатилган тартибда тасдиқланган бўлса.

Вазирлар Маҳкамасининг 13.12.2019 йилдаги 994-сон қарори (илованинг 47-б.) билан катта туркумларда бўлмаган (фактура қиймати 5 000 АҚШ долларигача бўлган, Европа Иттифоқи мамлакатлари учун 6 000 еврогача бўлган) товарларнинг келиб чиқишини гувоҳлантиришда, товарнинг келиб чиқиш мамлакатини ҳисобварақ-фактурада ёки товарнинг кузатув ҳужжатларида, агарда мазкур товарлар туркуми битта шартнома доирасида етказиб берилаётган товарлар туркумининг бир қисми бўлмаса декларациялаш имконияти тақдим этилади.

Бундан ташқари, Товарларнинг келиб чиқиш мамлакатларини аниқлаш қоидаларининг (МДҲ ҳукуматлари раҳбарлари кенгашининг 24.09.1993 йилдаги қарори билан тасдиқланган) 17-бандида кўрсатилишича, катта туркумларда бўлмаган (фактура қиймати 5 000 АҚШ долларигача бўлган) товарларнинг келиб чиқишини гувоҳлантиришда, экспорт қилувчилар товарнинг келиб чиқиш мамлакатини ҳисобварақ-фактурада ёки товарга илова қилинган бошқа кузатув ҳужжатларида декларациялаши мумкин.

Маълумот учун: 2011 йил 18 октябрдаги Эркин савдо зонаси тўғрисидаги шартномани унинг тарафлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қўллаш тўғрисидаги Баённоманинг (Минск, 31.05.2013 й.) 2-моддаси 3-бандига мувофиқ 24.09.1993 йилдаги Товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини аниқлаш қоидалари қўлланилади.

Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва уйғунлаштириш бўйича Халқаро конвенцияга (Киото, 18.05.1973 й.) мувофиқ товарларнинг келиб чиқиш мамлакатини ҳужжатлар билан тасдиқлашга ариза ва тасдиқлаш шакли келиб чиқиши тўғрисидаги сертификат ва бошқа ҳужжатли тасдиқнома кўринишида бўлади.

Бунда товарнинг келиб чиқишини ҳужжатлар билан тасдиқлаш товарнинг келиб чиқиши тўғрисидаги декларация бўлиши мумкин, бу товарлар экспорт қилинганлиги муносабати билан тайёрловчи, ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи, экспорт қилувчи ёки бошқа ваколатли шахс томонидан тижорат тўлов қоғозида ёки ушбу товарларга тааллуқли бўлган бошқа ҳужжатларга қўйилган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги тегишли белгини англатади.

Ташқи савдо масалаларини тартибга солувчи Савдо ва тарифлар бўйича бош битимга (ГАТТ, 30.10.1947 й.) мувофиқ товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги белгиларга тааллуқли қонунлар ва қоидалар қабул қилинганда ва қўлланилганда, истеъмолчиларни ёлғон ёки чалғитувчи кўрсатмалардан ҳимоя қилиш заруратига лозим даражада эътибор қаратитилиб, экспорт қилувчи мамлакатлар савдоси ва ишлаб чиқаришига зарар етказиши мумкин бўлган мураккаблик ва ноқулай ҳолатлар минимал даражага келтирилиши лозим.

Юқорида айтиб ўтилганларни ­эътиборга олган ҳолда, катта туркумларда бўлмаган (фактура қиймати 5 000 АҚШ долларигача бўлган) товарларнинг келиб чиқишини гувоҳлантиришда, экспорт қилувчилар товарнинг келиб чиқиш мамлакатини ҳисобварақ-фактурада ёки товарнинг кузатув ҳужжатларига бошқа иловаларда товарларнинг келиб чиқиш сертификатларини бериш мажбурияти юкланган ваколатли органлар томонидан ушбу маълумотларни қўшимча тасдиқлашларсиз декларациялаши мумкин деб ҳисоблаймиз».

 

Бадриддин АБИДОВ,

ЎзР Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари.

 

 

Изоҳга эътибор беринг

Божхона брокерлари уюшмаси божхона расмийлаштируви бўйича мутахассисларга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхатига (ВМнинг 4.06.2021 йилдаги 352-сон қарорига 1-илова) изоҳга эътибор қаратишни тавсия қилади.

Унда кўрсатилишича, импорт божхона божи ва ҚҚСни тўлаш бўйича имтиёзлар ушбу Рўйхатга ТИФ ТН кодлари киритилган янги технологик ускуналарга қўлланилади ҳамда битта контрактга (шартномага) мувофиқ янги технологик асбоб-ускуналар билан биргаликда етказиб бериш шарти билан ва ушбу асбоб-ускунанинг ажралмас қисми ҳисобланган бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларга татбиқ қилинади.

Прочитано: 344 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика