2021 йилнинг 10 октябридан 31 декабрига қадар бўлган даврда гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма ва уларни мамлакат ҳудудига олиб кириш ҚҚСдан озод қилинган (СК 483-м. 9-қ.). Имтиёзни қўллаш тўғрисидаги саволларга молия вазирининг ўринбосари Дилшод СУЛТОНОВ жавоб берди.
– ЎРҚ-725-сон Қонун 26 октябрда кучга кирган, имтиёзлар эса 10 октябрдан амал қилишни бошлаган. Агар товар айнан шу вақт оралиғида ҚҚС билан харид қилинган ва ҚҚС билан сотиб бўлинган бўлса, нима қилиш керак?
– Биринчидан, давлат имтиёзли айланмалар бўйича 10 октябрдан кейин бюджетга тўланган ҚҚСни қайтариши керак. Бунинг учун энди ҚҚСсиз ва етказиб берувчилар харидорлар билан келишадиган нарх бўйича ҳисобварақ-фактураларни (тузатилган ҳисобварақ-фактураларни) қайта тақдим этиш зарур. Бу – бизнес билан боғлиқ масалалар. Масалан, агар нарх 115 (100 + 15 ҚҚС) бўлганда, энди у ҚҚСсиз 110, 108, 113 ёки 115 минг сўм бўлиши мумкин. Бу икки корхонанинг келишувига боғлиқ масала.
Иккинчидан, ДСҚ улар учун тушум бу даврда 10 октябрдан 26 октябрга қадар НКТ орқали ўтган махсус товарлар реализациясида имтиёзни қўллаш учун техник имкониятни тақдим этиши керак. Агар бундай имконият берилса, солиқ тўловчилар бир томонлама тузатиш киритилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этишлари мумкин.
Бу юридик шахсларга корпоратив карта ва якка тартибдаги тадбиркорларга уларнинг банк карталари орқали реализация қилишга дахл қилмайди, албатта. Бу ҳолларда ЭҲФ харидорнинг талабига кўра реализация қилинган календарь ойнинг охирги санасига қадар тақдим этилади. Шу боис 31 октябрга қадар бундай харидорларга ЭҲФни имтиёз қўлланган ҳолда тақдим этиш имконияти бўлган. Агар ҳисобварақ-фактуралар имтиёзсиз тақдим этилган бўлса, уларни қайта тақдим этиш лозим. Тузатилган ҳисобварақ-фактуралар асосида харидорларда илгари ҳисобга олинган ҚҚСга автоматик тарзда ўзгариш киритилади.
– Бундай вазиятда етказиб берувчи ва харидор шартномага нархни ўзгартириш юзасидан қўшимча келишув тузишлари керакми?
– Шартномалар имтиёзларни жорий қилиш тўғрисидаги Қонун қабул қилингунга қадар тузилган бўлса ва 10 октябрдан 26 октябрга қадар бўлган даврда қисқа муддатли етказиб беришни назарда тутса, уларни ўзгартириш шарт эмас, деб ўйлайман. Етказиб берувчи харидорга ушбу ҳужжат қабул қилинганлиги сабабли мазкур шартнома бўйича жўнатилган товарлар ҚҚСдан озод этилганлиги юзасидан хабарнома йўллаши ва тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этиши мумкин.
Агарда шартнома имтиёзли товарларни кейинчалик ҳам етказиб беришни назарда тутса, унга қўшимча келишув тузиш ва товарлар нархини тартибга солиш мақсадга мувофиқдир.
– ҚҚС билан харид қилинган гўштнинг бир қисмидан, масалан, колбаса ишлаб чиқариш учун фойдаланилса-чи?
– Колбасани реализация қилиш – ҚҚС солинадиган айланма. Бу ҳолда «кирувчи» ҚҚС колбаса ишлаб чиқаришда фойдаланилаётган гўштнинг қийматига киритилмайди, балки ҳисобга олинади.
Агарда корхона имтиёзли товарнинг бир қисмини реализация қилса-ю, бир қисмидан – солиқ солинадиган айланма учун фойдаланса, айнан шу айланмага тўғри келадиган ҚҚС суммаси ҳисобга олинади. Солиқ тўловчи ушбу суммани алоҳида-алоҳида ёки мутаносиб усулда аниқлашни танлашга ҳақли (СК 268-м.).
Алоҳида-алоҳида ҳисобни юритиш усулида солиқ солинадиган айланмаларда фойдаланиладиган харид қилинган товарлар (хизматлар) ва улар бўйича «кирувчи» ҚҚС ҚҚС солишдан озод этилган айланмалардан алоҳида ҳисобга олинади.
Алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиш мумкин бўлмаган умумий харажатлар бўйича тақсимлаш мутаносиб усулда амалга оширилади. Бунда ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси реализация қилиш бўйича умумий айланманинг солиқ солинадиган қисми солиштирма миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланади (солиқни ҳисобга олмаган ҳолда). Унинг салмоғи жорий календарь йил давомида ўсиб борувчи якун билан аниқланади.
МИСОЛ. Маҳсулотнинг бир қисмидан колбаса ишлаб чиқариш учун фойдаланилган тақдирда имтиёзни қўллаш
ҚҚС тўловчиси бўлган корхона 2021 йил 8 октябрда 5 750 минг сўмлик гўшт харид қилди, шу жумладан – ҚҚС 750 минг сўмни ташкил этади.
11 октябрда харид қилинган гўштнинг 40%и ҚҚС ҳисобланган ҳолда реализация қилинди, 60%идан эса – ўзининг цехида колбаса ишлаб чиқариш учун фойдаланилди.
10 октябрдан бошлаб гўштни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚСдан озод қилинган.
Корхона:
1) реализация қилинган гўшт бўйича ҚҚСни ҳисобга олишга тузатиш киритиши – ҳисобга олишдан реализация қилинган гўштга тўғри келадиган ҚҚСни (750 х 40% = 300 минг сўм) чиқариб ташлаши ва фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташланадиган харажатларга киритиши керак, сабаби энди уни товарнинг қийматига киритиб бўлмайди (СК 269-м. 7-қ.);
2) гўшт харидорига олдиндан товар нархини келишиб олиб, ҚҚС бўйича имтиёз акс эттирилган ҳолда тузатилган ҳисобварақ-фактура тақдим этиши керак.
Корхона колбаса ишлаб чиқаришда фойдаланилган гўштга тўғри келадиган ҚҚСни (750 х 60% = 450 минг сўм) ҳисобга олишга ҳақли. Агар солиқ ҳисоботига асосан бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммаси салбий бўлса, корхона СКнинг 274-моддасида назарда тутилган тартибда уни қоплаш ҳуқуқига эга.
– Имтиёз олган солиқ тўловчи ЭҲФни қайта топширмаса ва ҚҚСни ҳисобга олишдан чиқармаса нима бўлади?
– ҚҚС бўйича имтиёзни ҳамма қўллаши шарт – тартиб шундай. Уни танланма асосда қўллаш мумкин эмас (СК 75-м. 6-қ.).
Агар корхона омборида 10 октябрга қадар ҚҚС билан харид қилинган ва сотиш учун мўлжалланган имтиёзли товар бўлса, 10 октябрдан бошлаб бу маҳсулот бўйича харидорга солиқни тақдим этишга ҳақли эмас. Бунда сотувчи «кирувчи» ҚҚСни товарнинг қийматига киритиши керак бўлади, сабаби уни солиқ солинадиган айланмалардаги сингари ҳисобга олиб бўлмайди.
ЭҲФни қайта тақдим этмаслик ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тартибини бузиш ҳисобланади. Агар етказиб берувчи солиқдан озод қилинган товарларни реализация қилишда ҳисобварақ-фактурада ҚҚСни акс эттирган бўлса, у бюджетга қуйидагиларни тўлаши керак бўлади:
● ЭҲФда кўрсатилган солиқ суммасини;
● 20% миқдорида жаримани (СК 225-м.).
– Имтиёзли товарларни 10 октябрдан 26 октябрга қадар бўлган даврда олиб кирган ва «божхона» ҚҚСни тўлаган импортчилар нима қилишлари лозим? Солиқ уларга қайтариладими?
– Албатта қайтарилади. Бунинг учун импортчилар БЮДни имтиёз режимида қайта расмийлаштиришлари керак, шунда уларга божхонада тўланган солиқ қайтарилади.