Кўчмас мулк ёки автотранспорт ижарага берилганда солиқ қандай ҳисобланади ва Ҳисоб-китоб қандай тўлдирилади
Жисмоний шахс ўзининг мол-мулкини ижарага топшира олади. Бу, мисол учун, кўчмас мулк, автомобиль, телефон бўлиши мумкин. Жисмоний шахс томонидан олинадиган ижара ҳақи – бу унинг солиқ солинадиган мулкий даромади ҳисобланади (СК 375-м. 3-б.).
Корхона – тўлов манбаи ундан ЖШДСни ушлаб қолиши лозим. Яъни, ижарага берувчи ижара ҳақини солиқ чегирилган ҳолда олади (СК 387-м., 388-м., 390-м.).
Кўчмас мулк ёки автотранспорт ижарага олинганда ЖШДС ҳисоб-китобининг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Солиқ қуйидагилардан ушлаб қолинади:
● ижара тўловининг шартномавий суммасидан, агар у давлат даражасида ўрнатилганидан кам бўлмаса;
● энг кам ставкалар қўлланилиши билан ҳисоблаб чиқарилган ижара тўлови суммасидан, агар шартномадаги ижара тўловининг суммаси ўрнатилган даражадан кам бўлса (25.12.2020 йилдаги «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунга 8-илова).
2021 йилда нотурар жойларнинг 1 кв.м учун ойлик ижара тўлови ставкаларининг энг кам миқдори қуйидагиларни ташкил этади:
● Тошкентда – 29 000 сўмни;
● Нукус шаҳри ва вилоят марказларидаги шаҳарларда – 17 000 сўмни;
● бошқа аҳоли пунктларида – 7 500 сўмни.
Мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар «иш берувчи – ходим» муносабатлари билан боғлиқ бўлмаганлиги сабабли, ижарадан олинган даромаддан ШЖБПҲга бадаллар ҳисобланмайди.
Мулкий даромадлар, шу жумладан мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар ижтимоий солиққа тортилмайди (СК 375, 403, 404-м.).
МИСОЛ. Ходим иш ҳақи билан бирга ижарага беришдан даромад олади
Ходимнинг 2021 йил январь–сентябрь ойлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ҳар ойлик даромади 2 500 000 сўмни ташкил этди.
2021 йил 1 январдан бошлаб, ходим иш берувчи билан Тошкент шаҳрида жойлашган майдони 40 кв.м.дан иборат бўлган нотурар жойга ижара шартномасини тузди. Ҳар ойлик ижара тўловининг суммаси – 1 200 000 сўм.
1-қадам. Ходимга – ижарага берувчига сентябрь ойи учун тўланадиган даромадни ва ЖШДС, ижтимоий солиқ, ШЖБПҲга бадал суммасини ҳисоб-китоб қиламиз.
Ижара тўловининг энг кам миқдори (Қонунга 8-илова) 1 160 000 сўмни (29 000 х 40 кв.м.) ташкил этади. Бу ижара шартномасида белгиланган ижара тўлови суммасидан кам. Шунинг учун шартнома бўйича ижара тўловидан ЖШДСни қуйидагича ҳисоб-китоб қиламиз:
1 200 000 х 12% = 144 000 сўм.
Ижарадан олинган даромаддан январь–сентябрь ойлари учун ЖШДС суммаси 1 296 000 сўмни (144 000 х 9) ташкил этади.
Ходимнинг январь–сентябрь ойлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларидан ЖШДСни ҳисоб–китоб қиламиз:
2 500 000 х 9 х 12% = 2 700 000 сўм.
Январь–август ойларида 2 400 000 сўм солиқ ушлаб қолинган.
Сентябрь ойи учун солиқ суммаси 300 000 сўмни (2 700 000 – 2 400 000) ташкил этади.
Январь–сентябрь ойлари учун ШЖБПҲга мажбурий бадаллар 22 500 сўмни (22 500 000 х 0,1%) ташкил этади.
Январь-август ойларида ШЖБПҲга 20 000 сўм йўналтирилган, сентябрь ойи учун ажратма суммаси 2 500 сўмни (22 500 – 20 000) ташкил этади.
Сентябрь ойи учун бюджетга 297 500 сўм (144 000 + 300 000 – 2 500) солиқ ўтказиб берамиз.
Солиқ ушлаб қолинганидан кейин ходимнинг қўлига 3 258 500 сўм (2 500 000 + 1 200 000 – 441 500) тўлаб берамиз.
Ижтимоий солиқни фақатгина, январь-сентябрь ойлари учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардангина ҳисоб-китоб қиламиз:
(2 500 000 х 9) х 12% = 2 700 000 сўм.
Январь–август ойларида 2 400 000 сўм солиқ тўланган.
Сентябрь ойи учун ижтимоий солиқ суммаси 300 000 сўмни (2 700 000 – 2 400 000) ташкил этади.
2-қадам. ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобини тўлдирамиз (4-илова, АВ рақами 3221, 24.02.2020 й.). Ҳисоб-китобни тўлдиришни 5-«Ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ва ҳар бир жисмоний шахс кесимида жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ тўғрисидаги ахборот» ҳамда 6-«Ҳисобланган мулкий даромадлар (дивиденд ва фоизлардан ташқари), моддий наф тарзидаги даромадлар, бошқа даромадлар ва ҳар бир жисмоний шахс кесимида жисмоний шахсларнинг даромадидан олинадиган солиқ тўғрисидаги ахборот» иловаларидан бошлаймиз.
1) Шаблон-файлни юклаб олинг:
● файлнинг биринчи варағида, яъни 5-иловада, ҳар бир жисмоний шахс – даромад олувчи бўйича қуйидагиларни кўрсатинг:
● меҳнатга ҳақ тўлаш тарзида ҳисобланган даромадларни;
● ШЖБПҲга бадаллар чегирилмаган ҳолда ҳисобланган ЖШДСни.
2020 йилдан ШЖБПҲга бадаллар тўғрисидаги реестр, Халқ банкининг сайтидаги шахсий кабинет орқали алоҳида юборилиши зарур.
2) файлнинг иккинчи варағида, яъни 6-иловада, жисмоний шахснинг мулкий даромадини кўрсатинг. Мазкур иловани ҳам ҳар бир даромад олувчи кесимида тўлдиринг.
Тўлдирилган шаблон-файлни ҳисоботга бириктиринг.
3-«Мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам миқдори ҳисоб-китоб маълумотномаси» иловани тўлдиринг. Корхона Тошкентдаги нотурар жойни ижарага олганлиги боис, 7-устунда қуйидаги маълумотларни кўрсатасиз:
● 10-сатрда ижарага олинган мулкнинг майдонини (кв.м да) – 40;
● 020-сатрда ойлик ижара тўловининг энг кам миқдорини (сўмда) – 29 000;
● 030-сатрнинг қиймати дастур томонидан автоматик равишда ҳисоблаб чиқарилади ва у 1 160 000 га тенг бўлади;
● 040-сатрда ижара шартномасига мувофиқ, ҳар ойлик ижара тўловини – 1 200 000 – 050-сатрнинг қиймати нолга тенг бўлади, чунки шартнома бўйича ижара тўлови энг кам миқдордан юқори.
Ижарадан олинган даромадни Ҳисоб-китобнинг 012-сатрида акс эттиринг.
ВАЗИЯТ. Корхона жорий ой учун ижара тўловини тўлаш юзасидан вақтинчалик молиявий қийинчиликларга дуч келгани сабабли тўлов кейинроқ амалга оширилади. ЖШДС қандай ҳисобланади?
Ижарага олувчи – корхона солиқ агенти ҳисобланган ҳолда, солиқ солиш мақсадларида, ҳисоблаш усули бўйича ҳисоб юритади (СК 78-м.). Яъни, ижарага берувчи – жисмоний шахснинг даромадлари, уларнинг ҳақиқатда тўланиши пайтидан қатъи назар, ЖШДС ва ижтимоий солиқ Ҳисоб-китобида акс эттирилиши лозим.
Солиқ агенти тўлов манбаида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасини солиқ тўловчига даромадларни тўлаш билан бир вақтда, лекин солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддатларидан кечиктирмай тўлайди (СК 390-м.).
Aгар солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддати даромадни тўлашдан олдин юзага келса, жисмоний шахснинг даромадларидан ушлаб қолинган ЖШДС Ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмай тўланиши керак.
Кўчмас мулкни сотишдан олинган даромадлардан солиқ қандай ҳисоб-китоб қилинади
Жисмоний шахс томонидан ўзининг кўчмас мулкини сотишдан олинган даромади – бу унинг 12% ставкада солиққа тортиладиган мулкий даромади (СК 375-м. 4-б.).
Хусусий мулкдорлар турар жойларни сотишдан олган даромадидан, агар у 36 ёки ундан ортиқ календарь ой давомида уларнинг мулкида бўлган бўлса, ЖШДСни тўлашдан озод қилинади (СК 378-м. 7-б.).
Мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромад мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади (СК 375-м. 4-б.). Ушбу суммадан ЖШДС тўланади.
Харид қилиш қийматини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаган тақдирда, кадастр қиймати ҳамда реализация қилиш нархи ўртасидаги ижобий фарқ кўчмас мулкни реализация қилишдан олинган даромад деб эътироф этилади.
МИСОЛ. Корхона жисмоний шахсдан турар жой харид қилади
Корхона жисмоний шахсдан кўп қаватли уйнинг биринчи қаватида жойлашган хонадонни харид қилади. Хонадон нотурар жойга ўтказилади ва унда савдо дўкони ташкил этилади.
Жисмоний шахс хонадонни 200 млн сўмга харид қилган ва реализация қилиш пайтигача 2 йил хонадонга эгалик қилган. Харид қилишнинг қиймати олди-сотди шартномаси билан тасдиқланган. Корхонага реализация қилиш қиймати – 300 млн сўм.
Реализация қилиш чоғида хонадон турар жой ҳисобланганлиги ва у 2 йил (24 ой) давомида жисмоний шахснинг мулкида бўлганлиги боис, жисмоний шахс томонидан унинг реализация қилинишидан олинган даромадга ЖШДС солинади.
Реализация қилишдан олинган даромад қуйидагини ташкил этади:
300 – 200 = 100 млн сўм.
Жисмоний шахснинг реализация қилишдан олган даромадидан ЖШДС қуйидагига тенг бўлади:
100 х 12% = 12 млн сўм.
Корхона жисмоний шахсга қуйидаги суммани тўлайди:
300 – 12 = 288 млн сўм.
Бошқа ҳолатда эса, масалан, жисмоний шахс камида 3 йил (36 ой) хонадонга эгалик қилса, солиқ ушланмайди. Ушбу ҳолатда, жисмоний шахс хонадоннинг тўлиқ қийматини – 300 млн сўмни олади.
Умид ҲАМРОЕВ,
МВ департаменти директорининг биринчи ўринбосари,
Дилором САИДОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.