Корхона кварцли қум харид қилиб, уни ишлаб чиқариш жараёнида хом ашё сифатида ишлатади. Қумнинг бир қисми хом ашё сақланаётган тупроқли майдонни тўлдириш ва текислаш учун сарфланди. Ишлатилган қум қиймати қандай ҳисобга олинади?
Саволга МВ департаменти директори ўринбосари Асал ҲАШИМОВА жавоб берди:
– Мазкур саволга жавоб тупроқли майдонни яхшилаш кўлами ва даврийлигига боғлиқ.
Майдонни кварцли қум билан текислаш ва тўлдириш заруратини асослаш муҳимдир. Шу боис хом ашёни сақлаш шартларига қўйиладиган норма ва талаблар (очиқ майдон, усти ёпилган майдон ва ҳ.к.) корхонанинг ички ҳужжатлари билан белгиланади.
Агар тупроқли майдон хом ашёни, мазкур ҳолда – кварцли қумни сақлаш учун махсус ажратилган участка ҳисобланса, ундан самарали фойдаланиш муддатини (1 йилдан кўп ёки кам) кўрсатинг.
Шубҳасиз, майдоннинг юқорида кўрсатилган хусусиятларини аниқлаш бухгалтерия ҳисоби хизматининг функцияси ҳисобланмайди.
Бухгалтерия ҳисоби мақсадларида, активни асосий восита деб тан олиш учун у бир вақтда қуйидаги иккита мезонга жавоб бериши керак:
● 1 йилдан ортиқ хизмат муддати;
● қиймати БҲМнинг 50 бараваридан ортиқ. Бунда корхона раҳбари буюмларни асосий воситалар таркибида ҳисобга олиш учун улар қийматининг энг кам чегарасини белгилашга ҳақли (5-сон БҲМСнинг 4-б., АВ рўйхат рақами 1299, 20.01.2004 й.).
Агар майдоннинг хизмат муддати 1 йилдан ошса, уни барпо этиш харажатлари эса БҲМнинг 50 бараваридан (ёки раҳбар томонидан белгиланган бошқа суммадан) кўп бўлса, майдон асосий восита сифатида малакаланади. Майдонни барпо этиш бўйича харажатлар ҳисобининг хусусиятларини ҳисоб сиёсатида қайд этинг.
МИСОЛ. Тупроқли майдонни барпо этиш бўйича харажатлар
Корхона ишлаб чиқариш хом ашёсини сақлаш учун тупроқли майдонни барпо этди. Умумий харажатлар 11 млн сўмни ташкил этди. Хизмат муддати – 3 йил.
Корхонанинг ҳисоб сиёсати активларни асосий воситаларга киритиш учун қиймат мезонини белгилайди – БҲМнинг 30 баравари (30 х 270 000 = 8,1 млн сўм).
Майдон барча мезонларга жавоб берганлиги боис, у АВ таркибига киритилади.
Агар объектнинг хизмат муддати 1 йилдан кам бўлса ва (ёки) харажатлар қиймати белгиланган қийматга етмаган бўлса, уларни ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатлар (Низомнинг 1.5.1.1-б., 5.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚга илова) сифатида ҳисобга олинг, бу ҳам корхонанинг ҳисоб сиёсатида акс эттирилиши керак.