Корхона ёзда ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаган ҳолда ходимлар ва таъсисчиларнинг болалари учун оромгоҳга йўлланмалар учун тўловни амалга оширди. Ҳозир бизни аудиторлар текширмоқда, бу жараёнда низоли саволлар юзага келди.
Мазкур тўловларга ЖШДС солинадими? Бундай харажатлар фойда солиғи ҳисоб-китобида чегириб ташланадими?
Саволга Молия вазирлиги Солиқ ва божхона сиёсати ва даромадларни прогнозлаштириш департаменти директорининг биринчи ўринбосари Умид ҲАМРОЕВ жавоб берди:
– Оромгоҳга йўлланма қийматини тўлаш ходимлар учун ҳам, таъсисчи учун ҳам – бу моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади. Унга ЖШДС солинади ва ижтимоий солиқ солинмайди (СК 370, 376-м. 1-қ. 1-б., 403, 404-м.).
ЖШДС бўйича имтиёз
Ходимлар учун ЖШДС бўйича имтиёз мавжуд. Юридик шахслар томонидан Ўзбекистон ҳудудида жойлашган болалар оромгоҳлари, бошқа соғломлаштириш оромгоҳлари, санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларига ўз ходимларининг 16 ёшгача болалари (ўқийдиганларга – 18 ёшгача) учун йўлланмалар қийматини тўлиқ ёки қисман қоплаш суммаларига солиқ солинмайди (СК 378-м. 2-б.).
Бу ерда 2 та вазият бўлиши мумкин:
● агар болалар оромгоҳига йўлланмани ходимнинг ўзи мустақил равишда сотиб олган бўлиб, корхона унга қийматини тўлиқ ёки қисман қоплаб берган бўлса, ЖШДС бўйича имтиёз қўлланилади. Таъсисчи учун, агар у бир вақтда корхона ходими ҳисобланмаса, ЖШДС бўйича имтиёз йўқ.
● агар йўлланмаларни корхонанинг ўзи сотиб олиб, ходимлар ўртасида тақсимлаган бўлса, бу энди қоплаш ҳисобланмайди ва тегишинча, ЖШДС бўйича имтиёз қўлланилмайди.
Таъсисчи учун солиқ оқибатлари
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи
Таъсисчи ўз даромадидан ЖШДС тўлаши керак.
Сиз:
1) агар таъсисчидан у солиқни ўзи ихтиёрий равишда декларация асосида тўлаши ҳақида ариза олсангиз, тўлов манбаида солиқни ушлаб қолмаслигингиз мумкин. Бу ҳолда корхона, солиқ агенти сифатида, 30 январдан кечиктирмай солиқ органларига Тўланган даромадлар ва жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқнинг ушлаб қолинган суммалари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши керак (СК 387-м. 2-қ., 389-м. 1-қ. 1-б.);
2) ЖШДСни ушлаб қолишингиз мумкин. Агар сизда таъсисчига тўланмаган дивидендлар мавжуд бўлса, солиқ суммасини улардан ушлаб қолиш мумкин. Асос – таъсисчининг тўланиши лозим бўлган дивидендларнинг бир қисми солиқни сўндиришга йўналтиришга оид қарори бўлади.
Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига бадаллар
Таъсисчида ШЖБПҲга мажбурий бадаллар ҳисобланмайди, сабаби таъсисчи ушбу даромадни ходим сифатида олмаган («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-м.).
Корхонанинг СКнинг 376-моддасида назарда тутилган жисмоний шахсларнинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланадиган харажатлари чегирилмайдиган харажатларга киради (СК 317-м. 3-б.). Бинобарин, болалар йўлланмалари учун харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайди.