Norma.uz

Нафақалар, пенсия ва бошқа тўловлар ҳақида

 

Кам таъминланган оилаларга, болаликдан ногирон болаларни тарбиялаётган ёлғиз оналарга ижтимоий кўмак билан боғлиқ саволлар ўқувчиларнинг мурожаатларида тез-тез учраб туради. Кўп учрайдиган саволларга «Norma» МЧЖ эксперти Зафаржон Хўжаев жавоб беради. 

 

– Кимлар кам таъминланган фуқаролар тоифасига киритилади?

– Қонунчиликда «кам таъминланган оила» тушунчаси қўлланилади. Оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7%идан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила кам таъминланган оила деб эътироф этилади (Низомнинг 6-б., ВМнинг 5.03.2021 йилдаги ­122-сон қарорига 1-илова).

 

 

– II гуруҳ ногирони бўлган, ёш болали ёлғиз она 1 300 000 сўм миқдорда пенсия оладиган бўлса, боласи учун нафақа тўланмайдими? Агар тўланадиган бўлса, нима қилиш керак?

– 14 ёшгача боласи бўлган оилаларга нафақа фақат кам таъминланган оилаларга тўланади. Юқорида айтиб ўтилганидек, оиланинг ҳар бир аъзосига жами даромад аниқланадиган даврда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 52,7%идан кўп бўлмаган миқдорда тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромадга эга бўлган оила кам таъминланган оила деб эътироф этилади (122-сон Низомнинг 6-б.).

2021 йил 1 февралдан бошлаб энг кам меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори – ойига 747 300 сўм (30.12.2020 йилдаги ПҚ-4938-сон қарорнинг 1-б.). Тегишинча, оилани кам таъминланган деб эътироф этиш учун ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад 393 827,1 сўмни (747 300 х 52,7%) ташкил этиши керак.

Пенсия жами даромад таркибига киритилишини ҳисобга олган ҳолда, ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромадингиз пенсия миқдори 1 300 000 сўм бўлганда 650 000 сўмга (1 300 000 / 2, бунда 2 – оила аъзолари сони) тенг бўлади, бу эса 393 827,1 сўмдан ошади. Тегишинча, нафақа берилмайди.

 

– Кичик ёшли болам бор. Болани 2 ёшгача парваришлаш нафақасини оламан. Уни бир ўзим тарбиялаяпман, ҳеч қаерда ишламайман. Давлатдан бирор-бир ёрдам олишга ҳақлиманми? Агар шундай бўлса, қаерга мурожаат қилишим керак?

– Ҳа, сиз ун ва қолипли нон харид қилиш бўйича қўшимча харажатларни қоплаш учун 50 000 сўм миқдорида тўланадиган пул компенсациясини олишга ҳақлисиз. Компенсация болани 2 ёшгача парваришлаш нафақасини тўлаш билан бир вақтда берилади (ВМнинг 14.10.2019 йилдаги 866-сон қарори 5-б.). Сиз компенсация олмаётган бўлсангиз, яшаш жойингиздаги Пенсия жамғармаси бўлимига мурожаат қилишингиз лозим.

 

– Аёл болаликдан ногирон бўлган фарзандини тарбиялайди. У муддатидан олдин пенсияга чиқиши мумкинми ва бунинг учун қандай стаж талаб этилади?

– Болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари охирги иш жойидан қатъи назар, 50 ёшга тўлганда белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Бунда иш стажи камида 20 йил бўлиши керак («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида ги Қонуннинг 12-м. «з» б.).

Имтиёзли пенсияни олиш учун ТМК томонидан берилган ариза берувчининг боласи 8 ёшгача ногирон бола деб эътироф этилишини тасдиқлайдиган тиббиёт хулосаси ёки Тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан берилган парвариш остидаги шахс ногирон деб тан олинишини тасдиқлайдиган ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилиши лозим (Низомнинг 12-б., «г» кичик б., ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарорига 1-илова).

 

– 50 ёшлик аёл болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандини тарбиялади. У ёшга доир нафақани олишга ҳақлими?

– Афсуски йўқ. Ёшга доир пенсия болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор (бўлган) оналарга 55 ёшга етганларида тайинланади (Низомнинг 6-б., ВМнинг 7.04.2011 йилдаги 107-сон қарорига 2-илова).

 

– 14 ёшгача боласи бўлган оилаларга бериладиган нафақа, болани 2 ёшгача парваришлаш бўйича нафақа ва моддий ёрдам қандай муддатларда тўланади?

– Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам 6 ой муддатга, бола парвариши бўйича нафақа 12 ой муддатга тайинланади, бироқ бола тегишлича 2 ёшга тўлган ойнинг охиригача тўланади. Агар бир оилада туғилган икки ва ундан ортиқ икки ёшга тўлмаган болалар парвариш қилинса, у ҳолда бола парвариши бўйича нафақа бир фарзанд учун белгиланган миқдорда кичик бола 2 ёшга тўлгунига қадар тўланади (122-сон Низомнинг 3-б.).

 

– Ўғлим болаликдан II гуруҳ ногирони. У давлатдан квартира олиш ҳуқуқига эгами?

– Болаликдан ногирон болани тарбиялаётган оилага бепул асосда квартира берилиши қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Бироқ бундай шахслар ўзининг уй-жой шароитларини яхшилашга ҳақлидир, ушбу мақсадлар учун имтиёзли ипотека кредити берилади (ВМнинг 16.01.2017 йилдаги 14-сон қарори билан тасдиқланган Низом). Ушбу масала юзасидан маҳаллий ҳокимиятга мурожаат қилиш лозим.

Шунингдек болаликдан ногиронлиги бўлган шахслар нафақа олишлари мумкин. Нафақа 16 ёшгача тўланади. Болаликдан I гуруҳ ва II гуруҳ ногиронлари деб эътироф этилган 16 ёшдан катта шахсларга нафақа тўланади (Низомнинг 2, 13-б., ВМнинг 107-сон қарорига 1-илова).

Прочитано: 88 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика