Norma.uz

Боқувчисини йўқотганлар учун

 

1 июлдан бошлаб Президентнинг «Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига (4.06.2021 йилдаги ПФ-6241-сон) мувофиқ боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўловлар белгиланган. Ҳисоб-китобнинг янги тартибини бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мутахассислари тушунтириб бердилар: 

 

2021 йил 1 июлдан бошлаб боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида (52 494 сўм) қўшимча тўлов жорий этилди (ПФ-6241-сон Фармоннинг 1-б. «г» кичик б.).

Пенсия олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 675 сўмдан 400 000 сўмга оширилади.

Кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 256 675 сўм миқдорида пенсия тўланади.

Шунингдек нафақа олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 000 сўмдан қўшилиши белгиланди.

Мисолларда батафсил кўриб чиқамиз:

 

1-МИСОЛ. Оиланинг бир нафар меҳнатга лаёқатсиз аъзоси бўлганда

2021 йил 1 июлдан бошлаб пенсиянинг энг кам миқдори 452 500 сўмни ташкил этади. Шундан:

пенсия – 400 000 сўм;

қўшимча тўлов – 52 494 сўм.

 

2-МИСОЛ. Оиланинг тўрт нафақа меҳнатга лаёқатсиз аъзоси бўлганда

2021 йил 1 июлдан бошлаб пенсиянинг энг кам миқдори 1 380 000 сўмни ташкил этади. Шундан:

оиланинг бир нафар аъзоси учун пенсия – 400 000 сўм;

қолган учта меҳнатга лаёқатсиз оила аъзосига пенсия – 770 025 сўм (256 675 х 3);

тўрт нафар меҳнатга лаёқатсиз оила аъзосига қўшимча тўлов – 209 976 сўм (52 494 х 4).

 

 

Эслатиб ўтамиз, вафот этган боқувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзолари боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларига («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 19-м. «в» кичик б.) пенсия улар боқувчининг қарамоғида турган-турмаганидан қатъи назар тайинланади.

Марҳумнинг қарамоғида турмаган ота-онаси ва эри (хотини) ҳам, кейинчалик кун кечириш учун зарур маблағ манбаидан маҳрум бўлиб қолсалар, пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Қуйидагилар оиланинг меҳнатга қобилиятсиз аъзолари ҳисобланадилар:

а) болалар, ака-укалар, опа-сингиллар ва набиралар 16 ёшга тўлмаган бўлса ёки 16 ёшдан катта бўлса ҳам 16 ёшга тўлмасдан ногирон бўлиб қолган бўлсалар, уларнинг меҳнатга қобилиятли ота-онаси бўлмаса;

б) ота, она, ўгай ота, ўгай она, хотин, эр, башарти, улар пенсия ёшига тўлган ёки ногирон бўлсалар;

в) ёшидан ва меҳнат қобилиятидан қатъи назар, ота ва онадан бири ёки эр (хотин) ёхуд бува, буви, ака-ука ёки опа-сингил, агар у вафот этган боқувчининг болалари, ака-укалари, опа-сингиллари ёки набираларини, ишловчиларга болага қараш учун иш ҳақи сақланмаган таътилда бўлиш ҳуқуқини берадиган ёшга тўлгунга қадар боқиш билан машғул бўлса ва ишламаса;

г) бува ва буви – агар қонунга мувофиқ уларни боқиши шарт бўлган кишилар бўлмаса.

Ўқувчилар 18 ёшга тўлгунга қадар боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқига эгадирлар (Қонуннинг 19-м.).

Кўрсатиб ўтилган оила аъзолари, агар улар марҳумнинг тўлиқ боқувида бўлган ёки ундан ёрдам олиб турган бўлсалар, бу ёрдам улар учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса, марҳумнинг қарамоғида турган деб ҳисобланадилар.

Марҳумнинг бирон турдаги пенсия олаётган оила аъзолари, агар марҳумнинг ёрдами улар учун доимий ва асосий кун кечириш маблағининг манбаи ҳисобланган бўлса – боқувчисини йўқотганлик пенсиясига ўтиш ҳуқуқига эгадирлар (Қонуннинг 20-м.).

 

Саида Жонизакова тайёрлади.

Прочитано: 34 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика