Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 11 / Божхона

Импортдан реэкспортга

 

Товарлар ИМ 40 режимидан реэкспорт режимига расмийлаштириладими? Бир режимдан бошқасига қайта расмийлаштирилаётганда божхонанинг рухсатномаси керак бўладими? Божхона тўловлари ИМ 40 режими чоғида тўлаб қўйилган бўлса нима қилинади? 

 

– Ҳа, Божхона кодексининг 6-бобида назарда тутилган шартлар ва талабларга риоя этилган тақдирда товарлар импорт режимидан реэкспорт режимига расмийлаштирилиши мумкин.

Реэкспорт божхона режими шундай режимки, бунда божхона ҳудудига илгари олиб кирилган товар ёхуд божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилган товарни қайта ишлаш маҳсулоти божхона ҳудудидан божхона божлари ва солиқлар тўланмаган, товарга нисбатан иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда, БКнинг 35-моддасида назарда тутилган ҳолларда эса, уни олиб киришда тўланган божхона божлари ва солиқлар суммалари қайтарилган ҳолда олиб чиқилади.

Бунда реэкспорт божхона режимига жойлаштирилган товарлар божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан 6 ойдан кечиктирмай божхона ҳудудидан олиб чиқилади (БК 32-м.).

Илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товарни реэкспорт божхона режимига жойлаштиришга айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда йўл қўйилади:

● контракт (шартнома, келишув) шартлари бажарилмаган бўлса;

● товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товардан фойдаланиш зарур бўлган ҳоллар мустасно;

● товар ўзгармаган ҳолатда турган бўлса, бундан унинг нуқсонлари аниқланган ҳоллар мустасно (БК 33-м.).

 

Реэкспортга рухсатнома

Товар реэкспорт божхона режимига божхона органи томонидан БК 21-бобининг қоидаларига мувофиқ бериладиган рухсатнома асосида жойлаштирилади. Рухсатнома олиш учун товарга нисбатан ваколатли шахс товар қайси божхона органи фаолият кўрсатиш зонасида турган бўлса, ўша божхона органига рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани тақдим этади. Бунда илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товарга нисбатан тегишли ваколатли органлар томонидан берилган, товарнинг қайтарилишига сабаб бўлган нуқсонлар ва бошқа ҳолатлар аниқланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар аризага илова қилинади (БК 133-м.).

 

Маълумот учун. Товарни реэкспорт божхона режимига жойлаштиришга рухсатнома олиш учун ваколатли шахсдан бошқа ҳужжатлар тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.

 

Рухсатнома бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ДБҚ томонидан белгиланади. Аризада ваколатли шахснинг электрон манзили кўрсатилиши мумкин. Аризада ваколатли шахснинг электрон манзили кўрсатилганлиги унинг ўз аризаси бўйича қабул қилинган қарор тўғрисидаги хабарни ахборот тизими орқали электрон шаклда олишга бўлган розилигидир.

Ҳужжатлар ваколатли шахс томонидан божхона органига Интерактив давлат хизматларининг ягона портали орқали «бир дарча» принципи бўйича тақдим этилади. Уларда кўрсатилган маълумотлар божхона органи унинг аксини тасдиқламагунича барча ҳолларда тўғри деб ҳисобланади. Рухсатнома бериш тўғрисидаги аризада кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик ваколатли шахснинг зиммасида бўлади (БК 135-м.).

Аризани кўриб чиқиш муддати илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товарга нисбатан ариза қабул қилинган санадан эътиборан 1 ойдан ошмаслиги керак.

Божхона органи тегишли қарор қабул қилинган санадан эътиборан 1 иш кунидан кечиктирмай ваколатли шахсга тегишли рухсатномани бериши (жўнатиши) ёки рухсатнома бериш рад этилганлиги ҳақида уни ёзма шаклда, шу жумладан ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилиши шарт (БК 137-м.).

 

Маълумот учун. Агар божхона органи тегишли рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш, рухсатнома бериш ёки уни беришни рад этиш муддати ичида ваколатли шахсга рухсатнома бермаган бўлса ёки беришни рад этмаган бўлса, белгиланган муддат тугаганидан кейин ваколатли шахс божхона органини ёзма равишда хабардор қилган ҳолда товарларни божхона органининг рухсатномаси олинишини назарда тутувчи божхона режимига жойлаштириш ҳуқуқига эга (БК 137-м. 4-қ.).

 

БК 137-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳолларда, божхона органи ваколатли шахснинг ёзма хабарини олганидан кейин 5 иш куни ичида унга рухсатнома бериши шарт. 

 

Тўловларни қайтариш

Реэкспорт божхона режимига жойлаштириладиган товар божхона божлари ва солиқлар тўлашдан озод этилади. Илгари эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилган товар реэкспорт қилинаётганда, товарнинг амалда реэкспорт қилинаётган қисмига нисбатан тўланган божхона божлари ва солиқлар суммаларини қайтариш БКнинг 49-бобида назарда тутилган тартибда, айни бир вақтнинг ўзида қуйидаги талаблар ва шартларга риоя этилган тақдирда амалга оширилади:

● товарнинг реэкспорти уни эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинган кундан эътиборан икки йил ичида амалга оширилаётган бўлса;

● товар божхона ҳудудида ишлатилмаган ва таъмирланмаган бўлса, бундан товарни қайтаришга сабаб бўлган нуқсонларни ёки бошқа ҳолатларни аниқлаш учун товарни ишлатиш зарур бўлган ҳоллар мустасно (БК 35-м.).

 

Маълумот учун. Товарни амалда олиб чиқиш БКнинг 32-моддасида кўрсатилган муддатда амалга оширилмаган тақдирда, мазкур товар эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштирилгандаги каби божхона божлари ва солиқлар тўланади.)

 

Қайтарилиши реэкспорт божхона режимига мувофиқ амалга оширилиши керак бўлган ундирилган божхона тўловларининг суммасини қайтариш БКнинг 35 ва 59-моддаларида белгиланган муддатларда амалга оширилиши лозим (БК 353-м.).

Тўловчи ундирилган божхона тўловлари суммаларини қайтариш тўғрисида ариза берган тақдирда уларнинг суммалари қайтарилади. Шуни эътиборга олиш лозимки, агар ундирилган божхона тўловлари суммасини қайтариш тўғрисидаги ариза БК 353-моддасининг 4-қисмида белгиланган тегишли муддатлар тугаганидан кейин топширилган бўлса, мазкур сумма божхона органлари томонидан қайтарилмайди.

Ариза шахсий ғазна ҳисобварағига ортиқча тўланган ёки ундирилган божхона тўловлари киритилган божхона органига топширилади. Тўловчи божхона органига ариза билан бирга ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш ҳуқуқини юзага келтирувчи ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этади (БК 355-м.).

Божхона органи ариза келиб тушган ва зарур ҳужжатлар тақдим этилган куннинг эртасидан эътиборан 10 иш куни ичида тўловчининг аризасига кўра қарор қабул қилади. Аризада ва тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг божхона органи томонидан қўшимча текширувини амалга ошириш зарурати туғилганда, аризани кўриб чиқиш 10 иш кунидан ошмайдиган муддатга узайтирилади (БК 356-м.).

 

Маълумот учун. Ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда божхона органи аризачини ёзма шаклда хабардор қилади. Ёзма хабардан кейин аризачи божхона органи билан бирга ўзаро ҳисоб-китобларни таққослаш далолатномасини тузади.

 

Ундирилган божхона тўловларининг суммаларини қайтариш божхона қийматига ва (ёки) божхона расмийлаштирувида аввал ҳисобланган божхона тўловларига тузатишлар киритиш йўли билан амалга оширилади (БК 357-м.).

 

Маълумот учун. Тўловчида божхона тўловларини, шунингдек пеняни ёки фоизларни тўлаш бўйича қарздорлик бўлган тақдирда, божхона органи қарздорликни тўловчининг розилиги билан ундирилган божхона тўловлари суммаси ҳисобидан тўланишини амалга оширади. Бунда ундирилган божхона тўловларининг суммаси тўловчига ушбу қарздорлик миқдоридаги божхона тўловларини, пеняни ёки фоизларни тўлаш бўйича қарздорлик чегириб ташланган ҳолда қайтарилади.

Ундирилган божхона тўловларининг суммалари қайтарилаётганда улар учун фоизлар тўланмайди ва қайтарилаётган тўлов суммаси индексацияланмайди.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 754 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика