Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 11 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»

 

Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг қарори

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 5 июндаги ПФ-6005-сон Фармони ижросини таъминлаш, шунингдек, божхона аудитини амалга ошириш тартибини белгилаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида» 2020 йил 5 июндаги ПФ-6005-сон Фармонига мувофиқ Давлат божхона қўмитасига божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари фаолиятини баҳолаш ҳамда уларнинг товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудитини амалга ошириш бўйича қўшимча вазифа юкланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2. Белгилансинки:

а) камерал божхона аудити давлат божхона хизмати органлари томонидан ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудга бормасдан қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:

божхона органлари ахборот дастурларининг маълумотлари таҳлили натижасида камерал божхона аудитини ўтказиш бўйича аниқланган хавф даражалари;

хорижий давлатларнинг тегишли органларидан олинган маълумотларнинг божхона органларидаги маълумотларга мос келмаслиги;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 188-моддасида назарда тутилган божхона назорати шакллари ўтказилиши натижалари бўйича божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкин деб ҳисобланганда;

ваколатли вазирлик ва идораларга сўровномалар юбориш натижаси бўйича олинган маълумотларнинг божхона органларидаги маълумотларга мувофиқ эмаслиги;

б) сайёр божхона аудити давлат божхона хизмати органлари томонидан ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудда ёхуд товарлар жойлашган жойда қуйидаги асосларга кўра амалга оширилади:

божхона органлари ахборот дастурларининг маълумотлари таҳлили натижасида сайёр божхона аудитини ўтказиш бўйича аниқланган хавф даражалари;

божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкинлигини кўрсатувчи камерал божхона аудити натижаларига кўра сайёр божхона аудити ўтказиш зарурияти вужудга келганда;

божхона органлари талабига асосан белгиланган муддатда хабарномада кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва (ёки) маълумотларнинг тақдим этилмаслиги;

камерал божхона аудити натижалари бўйича тузилган далолатнома юзасидан ваколатли шахснинг эътирози бўлган саволларга аниқлик киритиш зарурати юзага келганда;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 188-моддасида назарда тутилган божхона назорати шаклларининг ўтказилиши натижалари бўйича божхона қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкинлиги ҳолатига аниқлик киритиш учун товар ва транспорт воситалари сақланадиган жойларга чиқиб, улар бўйича амалга оширилган операцияларнинг қонунийлигини ўрганиш ва текшириш зарурияти юзага келганда;

в) божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юкланган божхона органи мансабдор шахслари «Bojxona auditi» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик тарзда тақсимланади. Бунда сайёр божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юклатилган божхона органи мансабдор шахслари ҳақидаги маълумотлар сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисида божхона органи қарори билан тасдиқланади.

3. Қуйидагиларни назарда тутувчи Божхона аудитини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

давлат божхона хизмати органлари томонидан товарларни чиқаришга рухсат берилгандан сўнг божхона аудитини ўтказиш тартиби;

божхона аудити тамойиллари ва усуллари, аудит объектларини танлаш усуллари ва механизми;

божхона аудитини ўтказишдан аввал ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисини хабардор қилиш тартиби;

божхона аудитини ўтказишдан аввал мустақил равишда ички бухгалтерлик ёки аудиторлик текширувини белгилаш;

божхона аудити натижаларидан келиб чиқиб, қўшимча ҳисобланган божхона тўловлари аниқланган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўриш тартиби.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси:

Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда божхона аудитини амалга ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирларни биргаликда ташкил этсин;

Давлат божхона қўмитасининг Божхона институтида божхона аудити ходимларининг малакасини ошириш мақсадида ўқув машғулотларини ташкил этсин, зарур ҳолларда мазкур ўқув машғулотларига хорижий давлатлардан божхона аудити бўйича малакали мутахассисларни жалб қилиш чораларини кўрсин;

ушбу қарорнинг моҳияти ва аҳамияти оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари орасида кенг ёритилишини таъминласин;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

5. Ушбу қарорнинг 3-банди 2021 йил 1 майда кучга киради.

6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Ж.А.Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси раиси М.Б.Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири

А.АРИПОВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 25 февраль

101-сон.

ЎзР ВМнинг 2021 йил 25 февралдаги 101-сон қарорига
ИЛОВА

БОЖХОНА АУДИТИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА
НИЗОМ

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1. Ушбу Низом божхона аудитини ўтказиш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

божхона аудити – товарларни чиқаришга рухсат берилгандан сўнг божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилганлигини ваколатли шахслар томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида тақдим этилган ҳужжатларни молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ ҳужжатларда акс эттирилган маълумотлар билан солиштирган ҳолда ўрганиш ва текширишга асосланган божхона назорати шакли;

божхона органи қарори – божхона органи (божхона пости бундан мустасно) томонидан ўз ваколатлари доирасида божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ёзма шаклда қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат;

божхона органи мансабдор шахси – ваколатли шахсга нисбатан божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юкланган божхона органи ходими;

ваколатли шахс – товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг эгаси ёки товарга ва (ёки) транспорт воситасига нисбатан божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ваколатларга эга бўлган ёхуд товарнинг ва (ёки) транспорт воситасининг эгаси номидан тегишли шартнома ёки ишончнома асосида иш кўрувчи, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ операцияларни амалга оширувчи ҳар қандай шахс;

камерал божхона аудити – божхона аудитини ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудга бормаган ҳолда амалга ошириш;

сайёр божхона аудити – божхона аудитини ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудда ёхуд товарлар жойлашган жойда амалга ошириш.

3. Божхона аудити ваколатли шахсга нисбатан қуйидагиларни ўрганиш ва текшириш билан боғлиқ вазифаларни ҳал этишга қаратилади:

товарларни муайян божхона режимига жойлаштиришнинг қонунийлиги;

божхона декларациясида қайд этилган маълумотларнинг тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларга мослиги;

божхона юк декларациясида расмийлаштирилган товарларнинг Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси кодига мувофиқ тўғри таснифланганлиги;

маълум қилинган божхона қийматининг ҳаққонийлиги;

божхона тўловларининг тўғри ҳисобланганлиги ва ундирилганлиги;

товарларга нисбатан тариф преференцияларининг тўғри қўлланилганлиги;

божхона тўловлари бўйича имтиёзлар тўғри қўлланилганлиги, товарлардан фойдаланиш бўйича чекловларга риоя этилганлиги ёки улардан белгиланган мақсадда фойдаланилганлиги;

шартли чиқариб юборилган товарлар бўйича белгиланган чекловларга риоя этилганлиги;

товар ва транспорт воситалари сақланадиган жойларга чиққан ҳолда, улар бўйича амалга оширилган операцияларнинг қонунийлиги;

божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа талаблар ва мажбуриятларга риоя этилганлиги.

4. Божхона аудитида ваколатли шахслар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг (кейинги ўринларда – Давлат божхона қўмитаси) «Bojxona auditi» автоматлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда – «Bojxona auditi» тизими) орқали танланади.

«Bojxona auditi» тизими орқали божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юкланган божхона органи мансабдор шахслари автоматик тарзда тақсимланади.

Сайёр божхона аудитини амалга ошириш вазифаси юклатилган божхона органи мансабдор шахслари ҳақидаги маълумотлар сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисида божхона органи қарори билан тасдиқланади.

Божхона аудити мустақиллик, холислик, профессионал малакалилик ва махфийлик принциплари асосида амалга оширилади.

5. Божхона аудити қуйидаги ваколатли шахсларга нисбатан ўтказилади:

декларант;

ташувчи;

божхона омбори бўлмаган жойларда товарларни божхона назоратида сақлаётган шахс;

божхона омбори, бож олинмайдиган савдо дўкони ва эркин омбор эгалари;

импортчи, юкни қабул қилувчи, товарларга нисбатан молиявий тартибга солиш учун жавобгар шахслар;

товарлар чиқариб юборилгандан кейин уларни сотиб олувчилар;

ваколатли иқтисодий оператор;

ваколатли шахснинг барча молиявий ва ҳуқуқий мажбуриятларини ўз зиммасига олган шахслар.

6. Божхона аудитини амалга ошириш жараёнига, заруратга кўра, махсус билим ва кўникмаларга эга, холис, аудит натижаларидан манфаатдор бўлмаган мутахассислар жалб қилиниши мумкин.

7. Божхона аудити товарларнинг божхона назорати остида бўлиш муддати тугаган пайтдан эътиборан уч йил давомида амалга оширилиши мумкин.

Ваколатли шахснинг айнан бир товарига нисбатан такрорий божхона аудити ўтказилишига йўл қўйилмайди.

8. Божхона аудити камерал ва (ёки) сайёр шаклда ўтказилади.

9. Божхона аудити мазкур Низомга 1-иловага** мувофиқ схема бўйича ўтказилади.

10. Ушбу Низомда белгиланган тартибда божхона органлари томонидан ўтказиладиган божхона аудити бўйича тузиладиган ҳужжатлар «Bojxona auditi» тизимида қайд этиб борилади.

 

2-БОБ. КАМЕРАЛ БОЖХОНА АУДИТИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

11. Камерал божхона аудитини ўтказиш учун «Bojxona auditi» тизимидаги қуйидагилар асос бўлади:

божхона органлари ахборот дастурларининг маълумотлари таҳлили натижасида камерал божхона аудитини ўтказиш бўйича аниқланган хавф даражалари;

хорижий давлатларнинг тегишли органларидан олинган маълумотларнинг божхона органларидаги маълумотларга мос келмаслиги;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 188-моддасида назарда тутилган божхона назорати шакллари ўтказилиши натижалари бўйича божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкин деб ҳисобланганда;

ваколатли вазирлик ва идораларга сўровномалар юбориш натижаси бўйича олинган маълумотларнинг божхона органларидаги маълумотларга мувофиқ эмаслиги.

12. Камерал божхона аудитини ўтказиш муддати ўн иш кунидан ошмаслиги керак.

Камерал божхона аудитини ўтказиш муддати Давлат божхона қўмитаси раиси (раис ўринбосари) ёки ҳудудий божхона бошқармаси бошлиғининг (кейинги ўринларда – божхона органи раҳбари) рухсати билан қуйидаги муддатларгача тўхтатиб турилиши мумкин:

божхона органи мансабдор шахсининг ташаббуси билан тайинланган экспертизалар, сўровномалар юзасидан жавоблар, шунингдек, мутахассис хулосаси олингунга қадар;

ваколатли шахс ўз юридик манзилида бўлмаганда ва (ёки) топилмаганда, унинг манзили топилгунча ва (ёки) аниқлангунча;

ваколатли шахс чет элга чиқиб кетганда, чет элдан қайтгунга қадар;

ваколатли шахсга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши юзасидан қарор қабул қилингунга қадар.

Тўхтатиб турилган муддат камерал божхона аудитини ўтказишнинг умумий муддатига киритилмайди.

13. Тайинланган камерал божхона аудитини ўтказиш муддати бир марта ҳамда ўн иш кунидан ошмаган муддатга божхона органи раҳбарининг рухсати билан қуйидаги асосларга кўра узайтирилиши мумкин:

камерал божхона аудити жараёнида ўрганилиши лозим бўлган ҳужжатлар ҳажмининг кўплиги сабабли божхона аудитини ўтказиш учун белгиланган муддатнинг етарли эмаслиги;

яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларнинг, товарлар ҳаракати ҳисобини юритишда фойдаланилаётган ва бухгалтерлик ҳисоботлари акс этган дастурий таъминотлардаги электрон ахборот ташувчиларнинг қайта тикланиши;

хорижий тилда тақдим этилган ҳужжатларни таржима қилиш (ҳужжатлар давлат тилига таржима қилинган асл нусхалари шаклида ёки нотариал тарзда тасдиқланган шаклда бўлиши мумкин).

Бошқа асосларга кўра камерал божхона аудитини ўтказиш муддатини узайтиришга йўл қўйилмайди.

Божхона аудити муддатини узайтириш тўғрисида ваколатли шахсга бир иш куни ичида узайтириш муддати ва асослари кўрсатилган ҳолда хабарнома юборилади.

14. Камерал божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги хабарнома мазкур Низомга 2-иловага** мувофиқ шаклда божхона органи мансабдор шахси томонидан тузилади.

Камерал божхона аудити тайинланганлиги тўғрисидаги хабарномада ваколатли шахс номи ва солиқ тўловчининг идентификация рақами, камерал божхона аудитини ўтказиши белгиланган божхона органи мансабдор шахсларининг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими, божхона аудитининг вазифаси, ўтказиш муддати ва даври кўрсатилади.

15. Божхона органи хабарномада қуйидагиларни сўраб олади:

товар ва транспорт воситаларига тегишли бўлган ҳужжатлар (товарларни буюртма қилиш, сотиб олиш, қайта сотиш, ишлаб чиқариш, юклаш, ташиш ҳамда жўнатиш билан боғлиқ ҳужжатлар);

олиб кириладиган ва (ёки) олиб чиқиладиган товарлар ва транспорт воситаларининг бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатлари;

товарларга нисбатан тариф преференцияларини қўллаш учун асос бўлган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатнинг асл нусхаси;

ташқи савдо фаолиятида валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатлар;

ваколатли шахснинг банк операцияларига оид ҳужжатлар;

ваколатли шахснинг фаолият тури ва ташкилий-ҳуқуқий шаклига оид ҳужжатлар.

16. Божхона органи камерал божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани ваколатли шахсга камерал божхона аудитини ўтказиш белгиланган кундан эътиборан етти кун олдин ваколатли шахснинг шахсий кабинетига электрон шаклда юборади.

Агар ваколатли шахснинг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, хабарнома почта орқали буюртма хат билан юборилади. Шунингдек, хабарнома ваколатли шахсга шахсан топширилиши мумкин.

17. Хабарномада назарда тутилган ҳужжатлар ва тушунтиришлар божхона органига хабарнома олинган кундан эътиборан уч кун ичида қоғоз шаклида тақдим этилади ёки ваколатли шахс хабарномада талаб этилган ҳужжатларга эга эмаслиги ҳақида хабарнома юборган божхона органини хабардор қилади.

Агар талаб этиладиган ҳужжатларни ва тушунтиришларни уч кун ичида тақдим этишнинг имкони бўлмаса, ваколатли шахс хабарномани олган кундан эътиборан уч кун муддатда божхона органига илтимоснома билан мурожаат қилганда, ҳужжатларни тақдим этиш муддати яна уч кунга узайтирилиши мумкин.

Ваколатли шахс томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг асл нусхаси камерал божхона аудити якунлангандан сўнг ваколатли шахсга қайтарилади, божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.

18. Тайинланган камерал божхона аудити доирасида ваколатли шахс томонидан божхона органи хабарномасида белгиланган муддатда ҳужжатлар ва (ёки) маълумотларнинг тақдим этилмаслиги ваколатли шахснинг барча ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ операцияларига нисбатан келгусида божхона назорати шаклларини хавф даражаси юқори кўрсаткичга ўтказиш ва унга нисбатан божхона назоратининг барча шаклларини қўллашга, божхона органларидаги мавжуд ҳужжатлар ва маълумотлар бўйича божхона тўловлари ҳисобланишига ёки сайёр божхона аудити белгиланишига асос бўлади.

19. Камерал божхона аудити жараёнида божхона органи мансабдор шахслари томонидан товарларнинг божхона юк декларацияларида кўрсатилган маълумотларга мувофиқлиги зарур ҳолатларда жойларга чиққан ҳолда ўрганилади.

20. Ваколатли шахс камерал божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги хабарномани олгандан сўнг мустақил равишда ички бухгалтерлик ёки аудиторлик текширувини белгилашга ҳақли. Мазкур текширув натижалари божхона органи томонидан камерал божхона аудитини ўтказиш даврида инобатга олиниши мумкин.

21. Камерал божхона аудитини ўтказиш жараёнида ваколатли шахсга тегишли ҳужжатларга тузатиш киритишга рухсат берилмайди.

22. Камерал божхона аудитини ўтказишни якунлаш вақти камерал божхона аудити натижаларини расмийлаштириш вақтида тузилган камерал божхона аудити натижалари тўғрисида далолатномани тузиш санаси ҳисобланади.

 

3-БОБ. КАМЕРАЛ БОЖХОНА АУДИТИ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

23. Камерал божхона аудити натижалари бўйича далолатнома Давлат божхона қўмитаси ахборот тизими орқали ушбу Низомга 3-иловага** мувофиқ шаклда электрон шаклда расмийлаштирилади.

24. Камерал божхона аудити натижалари бўйича расмийлаштирилган далолатномада қуйидагилар акс эттирилади:

далолатнома тузилган вақт, жой ва рўйхатга олиш рақами;

камерал божхона аудитини ўтказган божхона органи номи;

камерал божхона аудитини амалга оширган божхона органи мансабдор шахсининг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

ваколатли шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган жойи, солиқ тўловчининг идентификация рақами;

ваколатли шахснинг банк реквизитлари;

камерал божхона аудитини ўтказишда иштирок этиш учун жалб қилинган мутахассисларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

камерал божхона аудитини ўтказиш бошланган сана ва уни тугатиш санаси (камерал божхона аудитини ўтказиш муддати узайтирилганда ва (ёки) тўхтатилганда, мазкур узайтириш ва (ёки) тўхтатилган муддатлар ҳам кўрсатилади);

ўрганилган ҳужжатлар ва маълумотлар тури;

ваколатли шахснинг бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатларини юритиш ҳолати;

камерал божхона аудити натижалари бўйича хулоса;

камерал божхона аудитига оид бошқа маълумотлар.

25. Камерал божхона аудити натижалари тўғрисидаги далолатноманинг қоғозга чоп этилган нусхаси божхона аудити тугаган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай ваколатли шахсга юборилади.

26. Камерал божхона аудити натижалари тўғрисидаги далолатномада келтирилган тафовут ва (ёки) хатоликлар божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликка сабаб бўлганда, далолатнома расмийлаштирилган куннинг эртасидан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай тўловчи томонидан ушбу талабнома олинганлигини ва олиш санасини тасдиқлаш имконини берадиган ҳар қандай усулда тўловчига юборилиши керак.

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги талабнома мазкур Низомга 4-иловага** мувофиқ шаклда тузилади.

 

4-БОБ. САЙЁР БОЖХОНА АУДИТИНИ ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ

27. Ўтказиладиган сайёр божхона аудити Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилини хабардор қилган ҳолда ўтказилади.

Сайёр божхона аудити юзасидан маълумотлар Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилади.

28. Сайёр божхона аудити божхона органи раҳбарининг қарорига мувофиқ ўтказилади.

«Bojxona auditi» тизимида сайёр божхона аудити тўғрисида қарор чиқариш учун қуйидагилар асос бўлади:

божхона органлари ахборот дастурларининг маълумотлари таҳлили натижасида сайёр божхона аудитини ўтказиш бўйича аниқланган хавф даражалари;

божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкинлигини кўрсатувчи камерал божхона аудити натижаларига кўра сайёр божхона аудити ўтказиш зарурияти вужудга келганда;

божхона органлари талабига асосан белгиланган муддатда хабарномада кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар ва (ёки) маълумотларнинг тақдим этилмаслиги;

камерал божхона аудити натижалари бўйича тузилган далолатнома юзасидан ваколатли шахснинг эътирози бўлган саволларга аниқлик киритиш зарурати юзага келганда;

Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 188-моддасида назарда тутилган божхона назорати шаклларининг ўтказилиши натижалари бўйича божхона қонунчилик ҳужжатлари бузилиши мумкинлиги ҳолатига аниқлик киритиш учун товар ва транспорт воситалари сақланадиган жойларга чиқиб, улар бўйича амалга оширилган операцияларнинг қонунийлигини ўрганиш ва текшириш зарурияти юзага келганда.

29. Сайёр божхона аудитини ўтказиш муддати ўттиз иш кунидан ошмаслиги керак.

Сайёр божхона аудитини ўтказиш муддати Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилини хабардор қилган ҳолда, божхона органи раҳбарининг рухсати билан қуйидаги муддатларгача тўхтатиб турилиши мумкин:

божхона органи мансабдор шахсининг ташаббуси билан тайинланган экспертизалар, сўровномалар юзасидан жавоблар, шунингдек, мутахассис хулосаси олингунга қадар;

ваколатли шахс ўз юридик манзилида бўлмаганда ва (ёки) топилмаганда, унинг манзили топилгунча ва (ёки) аниқлангунча;

ваколатли шахс чет элга чиқиб кетганда, чет элдан келгунга қадар;

ваколатли шахсга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши юзасидан қарор қабул қилингунга қадар.

Тўхтатиб турилган муддат сайёр божхона аудитини ўтказишнинг умумий муддатига киритилмайди.

30. Сайёр божхона аудитини ўтказиш муддати бир марта ўттиз иш кунидан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Божхона аудитини ўтказиш муддати Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилини хабардор қилган ҳолда, божхона органи раҳбарининг рухсати билан қуйидаги асосларга кўра узайтирилади:

сайёр божхона аудити жараёнида ўрганилиши лозим бўлган ҳужжатлар ҳажмининг кўплиги сабабли божхона аудитини ўтказиш учун белгиланган муддатнинг етарли эмаслиги;

яроқсиз ҳолга келган ҳужжатларнинг, товарлар ҳаракати ҳисобини юритишда фойдаланаётган ва бухгалтерлик ҳисоботлари акс этган дастурий таъминотлардаги электрон ахборот ташувчиларнинг қайта тикланиши;

чет тилида тақдим этилган ҳужжатларни таржима қилиш (ҳужжатлар давлат тилига таржима қилинган асл нусхалари шаклида ёки нотариал тарзда тасдиқланган шаклда бўлиши мумкин).

Бошқа асосларга кўра сайёр божхона аудитини ўтказиш муддатини узайтиришга йўл қўйилмайди.

Сайёр божхона аудити муддатини узайтириш тўғрисида ваколатли шахсга бир иш кунида узайтириш муддати ва сабабларини кўрсатган ҳолда хабарнома юборилади.

31. Сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисида божхона органи қарори ушбу Низомга 5-иловага** мувофиқ шаклда тузилади.

Сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги божхона органи қарорида қуйидагилар кўрсатилади:

қарорнинг санаси ва рақами;

сайёр божхона аудитини ўтказувчи божхона органининг номи;

сайёр божхона аудити қамраб оладиган давр;

сайёр божхона аудитини ўтказиш муддати;

сайёр божхона аудитини ўтказиш учун асос бўлган ҳолатлар;

ваколатли шахснинг номи (фамилияси, исми ва отасининг исми);

ваколатли шахс жойлашган ва (ёки) ҳақиқатда фаолият юритадиган жой (жойлар), солиқ тўловчининг идентификация рақами;

сайёр божхона аудитини ўтказувчи божхона органи мансабдор шахс(лар)ининг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

сайёр божхона аудитини ўтказишга жалб қилинган бошқа шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

мазкур Низомнинг 3-бандига кўра божхона аудитининг олдига қўйилган вазифалар.

32. Божхона органи раҳбарининг розилиги билан сайёр божхона аудити давомида сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги божхона органи қарорига ушбу Низомнинг ­31-банди олтинчи–ўн иккинчи хатбошиларида кўрсатилган маълумотларга қуйидаги ҳолларда ўзгартириш ёки қўшимчалар киритилиши мумкин:

тайинланган сайёр божхона аудитининг муддати узайтирилганда ва (ёки) тўхтатиб турилганда;

божхона аудити олдига қўйилган вазифалар ўзгарганда ва (ёки) божхона аудити давомида божхона аудитининг бошқа вазифаларини ўрганиш зарурати вужудга келганда.

33. Божхона органи хабарномани ваколатли шахсга сайёр божхона аудитини ўтказиш муддатидан ўн беш кун олдин ваколатли шахснинг шахсий кабинетига электрон шаклда юборади.

Агар ваколатли шахснинг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, сўровнома почта орқали буюртма хат билан юборилади. Шунингдек, хабарнома ваколатли шахсга шахсан топширилиши мумкин.

Сайёр божхона аудити ўтказиш камерал божхона аудитида ҳужжатлар ва (ёки) маълумотларнинг тақдим этилмаслиги, шунингдек, камерал божхона аудити натижаларига кўра белгиланган ҳолатларда хабарнома сайёр божхона аудитини ўтказиш муддатидан беш кун олдин юборилади.

Ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисида хабарнома тузилади.

34. Божхона органи томонидан хабарномада ваколатли шахсдан сайёр божхона аудитини ўтказиш вақтида қуйидагиларни тақдим этиш ва тайёрлаш сўралади:

товар ва транспорт воситаларига тегишли бўлган ҳужжатлар (товарларни буюртма, сотиб олиш, қайта сотиш, ишлаб чиқариш, юклаш, ташиш ва жўнатиш билан боғлиқ ҳужжатлар);

олиб кириладиган ва (ёки) олиб чиқиладиган товарлар ва транспорт воситаларининг бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатлари;

товарларга нисбатан тариф преференцияларини қўллаш учун асос бўлган товарларнинг келиб чиқиши тўғрисидаги сертификатнинг асл нусхаси;

ташқи савдо фаолиятида валюта операцияларини амалга ошириш мақсадида молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатлар;

ваколатли шахснинг банк операцияларига оид ҳужжатлари;

муайян божхона режими асосида божхона назоратида турган ва (ёки) божхона назоратидан чиқарилган ҳамда сақланаётган бошқа товарларни хатловдан ўтказиш учун тайёрлаш;

божхона тўловлари бўйича имтиёзларга эга бўлган товарлардан мақсадли фойдаланилганлик ҳолатини аниқлаш, шунингдек, ишлаб чиқарилган маҳсулотни қиёслаш учун тайёрлаш;

ваколатли шахснинг фаолият тури ва ташкилий-ҳуқуқий шаклига оид ҳужжатлар.

35. Ваколатли шахс сайёр божхона аудитини ўтказиш ҳақида хабарномани олгандан сўнг божхона аудитининг мақсадидан келиб чиқиб, мустақил равишда ички бухгалтерлик ёки аудиторлик текширувини белгилашга ҳақли.

36. Ваколатли шахснинг мустақил равишда олиб борган ички бухгалтерлик ёки аудиторлик текшируви натижалари сайёр божхона аудити бошланишидан уч кун олдин электрон ёки қоғоз шаклида тақдим қилиниши лозим.

Мустақил равишда ўтказилган ички бухгалтерлик ёки аудиторлик текшируви натижалари божхона органи томонидан сайёр божхона аудитини ўтказиш даврида инобатга олиниши мумкин.

37. Божхона органи мансабдор шахси ўзининг хизмат гувоҳномасини сайёр божхона аудити ўтказилиши бошланишидан аввал ваколатли шахсга кўрсатиши ҳамда сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги божхона органи қарорининг бир нусхасини тақдим этиши керак.

38. Сайёр божхона аудитини ўтказиш жараёнида ваколатли шахсга тегишли ҳужжатларга тузатиш киритишга рухсат берилмайди.

39. Сайёр божхона аудитини ўтказиш давомида божхона органи мансабдор шахси ваколатли шахсни сайёр божхона аудитининг дастлабки натижалари билан таништириши лозим.

40. Сайёр божхона аудитини ўтказишни якунлаш вақти сайёр божхона аудити натижаларини расмийлаштириш вақтида тузилган сайёр божхона аудити натижалари тўғрисида далолатномани тузиш санаси ҳисобланади.

 

5-БОБ. САЙЁР БОЖХОНА АУДИТИНИ ЎТКАЗИШ УЧУН БОЖХОНА ОРГАНИ МАНСАБДОР ШАХСЛАРИНИНГ ВАКОЛАТЛИ ШАХСНИНГ ОБЪЕКТИГА КИРИШИ

41. Ваколатли шахс қуйидаги ҳолларда ўз объектига божхона органи мансабдор шахсларининг киришини рад этиш ҳуқуқига эга:

божхона органи мансабдор шахслари сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисида божхона органининг қарорини тақдим этмаган ҳамда хизмат гувоҳномасини кўрсатмаган тақдирда;

божхона органи мансабдор шахси ҳақидаги маълумот ­сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги божхона органи қарорида кўрсатилмаганда;

божхона органи қарорида белгиланган божхона аудитини ўтказиш муддатидан ташқари даврда.

42. Ваколатли шахс ўз объектига божхона органи мансабдор шахсининг киришини асоссиз рад этганда, шунингдек, ваколатли шахс ўз мажбуриятини тўлиқ бажармаганда, бу ҳақда ушбу Низомга 6-иловага** мувофиқ тегишли баённома расмийлаштирилади.

Баённома божхона органи мансабдор шахси ва ваколатли шахс томонидан имзоланади. Бунда баённоманинг бир нусхаси ваколатли шахсга топширилади.

43. Ваколатли шахс баённомани имзолашдан бош тортган тақдирда, бу ҳақда тегишли ёзув киритилади. Ваколатли шахс баённомани имзолашдан бош тортганлиги сабабларини ёзма равишда тушунтиришга ҳақли.

44. Ваколатли шахс ўз объектига божхона органи мансабдор шахсининг киришини асоссиз рад этиши ёки ўз мажбуриятини тўлиқ бажармаслиги ваколатли шахснинг ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ операцияларига нисбатан келгусида божхона назорати шаклларини хавф даражаси юқори кўрсаткичга ўтказиш ва унга нисбатан божхона назоратининг барча шаклларини қўллашга, божхона органларидаги мавжуд ҳужжатлар ва маълумотлар бўйича божхона тўловлари ҳисобланишига асос бўлиши мумкин.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили ҳамда Савдо-саноат палатаси хабардор қилинади.

 

6-БОБ. САЙЁР БОЖХОНА АУДИТИ ВАҚТИДА ҲУЖЖАТЛАР ВА ТОВАРЛАРНИ ВАҚТИНЧА САҚЛОВГА ОЛИШ ҲАМДА УЛАРНИ ОЛИБ ҚЎЙИШ ТАРТИБИ

45. Сайёр божхона аудити давомида ҳужжатлар бўйича тафовутлар ва номувофиқликлар мавжуд бўлганда, божхона органи томонидан товарлар вақтинчалик сақловга олиниши мумкин. Ваколатли шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланиши таъминланганда, товарлар ва транспорт воситалари ваколатли шахс ихтиёрига қолдирилиши мумкин, Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тақиқланган товарлар бундан мустасно.

Мазкур товарлар ва транспорт воситаларидан фойдаланиш ва уларни тасарруф этишни чеклаган ҳолда, улар ўз эгасига ёки ваколатга эга бўлган бошқа шахсга вақтинча сақловга топширилади. Вақтинча сақловга олинган товарлар ва транспорт воситаларини бошқа шахсларга топширишга, уларни олиб қўйишга ёки бошқа усул билан тасарруф этишга йўл қўйилмайди.

46. Товарларни ва транспорт воситаларини вақтинча сақловга олиш учун қуйидагилар асос бўлади:

ваколатли шахс томонидан тақдим этилган товар уни расмийлаштириш учун асос бўлган ҳужжатлардаги маълумотларга мос келмаганда;

шартли равишда чиқарилган ва (ёки) божхона тўловларини тўлаш бўйича тақдим этилган имтиёзлардан мақсадсиз фойдаланаётган ҳамда фойдаланиши чекланган товарларни ишлатаётганлиги ёки тасарруф этилганлигидан далолат берувчи маълумотлар мавжуд бўлганда;

товарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 300-моддасига асосан тариф преференциялари нотўғри қўлланилганлигини кўрсатувчи белгилар аниқланганда;

ваколатли шахснинг тижорат ҳужжатларида декларация ва (ёки) товарларни эркин муомалага чиқарилганлигини тасдиқловчи маълумотлар бўлмаслиги, шунингдек, бундай маълумотлар ишончсизлигини ёхуд бундай маълумотлар кўрсатилиши лозим бўлган тижорат ҳужжатларининг йўқлиги аниқланганда;

товарлар ва транспорт воситалари божхона режимининг шартлари ҳамда талабларини бузган ҳолда ишлатилаётганлигини тасдиқлайдиган белгилар аниқланганда;

товарлар ва транспорт воситалари чиқариб юборилгандан сўнг уларда акс эттирилиши талаб этиладиган идентификациялаш имконини берувчи маълумотлар (ишлаб чиқарувчининг серия рақами, ишлаб чиқарилган йили, техник хусусиятлари) билан божхона юк декларациясидаги маълумотлар ўртасида тафовут аниқланганда;

Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига олиб кирилиши ва олиб чиқилиши тақиқланган товарлар аниқланганда.

47. Вақтинча сақловга олиб қўйилган товарлар ва транспорт воситалари божхона назорати остида турган товар мақомига ўтади ва товарни сақлаш билан боғлиқ харажатлар ваколатли шахс томонидан қопланади.

48. Ҳужжатларни экспертизадан ўтказиш талаб этилганда, ваколатли шахс асл ҳужжат нусхаларини тақдим этишдан бош тортганда, ҳужжатларнинг асл нусхаларидан нусха (улардан кўчирмалар тақдим этиш) олишнинг имкони бўлмаганда, шунингдек, агар ҳужжатлар аслини йўқ қилиш, яшириш, тузатиш ёки ўзгартириш хавфи мавжуд бўлганда, божхона органи мансабдор шахси мазкур ҳужжатларни қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ олиб қўйишга ҳақли.

 

7-БОБ. САЙЁР БОЖХОНА АУДИТИ ЎТКАЗИЛАЁТГАН БИНОЛАРНИ, ОМБОРЛАРНИ, АРХИВЛАРНИ, ТОВАРЛАР ВА ҲУЖЖАТЛАР САҚЛАНАДИГАН БОШҚА ЖОЙЛАРНИ МУҲРЛАШ

49. Божхона органи мансабдор шахслари товарларнинг бут сақланишини таъминлаш мақсадида сайёр божхона аудитини ўтказишга тааллуқли бўлган бинолар, омборлар, архивлар, ҳужжатлар, товарлар ва транспорт воситалари жойлашган (сақланадиган) бошқа жойларни муҳрлаши мумкин.

50. Бинолар, омборлар, архивлар, товарлар ва ҳужжатлар сақланадиган бошқа жойларни муҳрлаш ваколатли шахс ёки унинг вакили иштирокида амалга оширилиб, бу ҳақда ушбу Низомга 7-иловага** мувофиқ шаклда далолатнома тузилади.

51. Бинолар, омборлар, архивлар, товарлар ва ҳужжатлар сақланадиган бошқа жойларни муҳрлаш тўғрисидаги далолатномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

муҳрлашни амалга оширган божхона органи мансабдор шахсининг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми;

ваколатли шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми);

муҳрлаш амалга оширилган ваколатли шахснинг объект манзили;

муҳрлаш усулининг тавсифи;

ваколатли шахснинг муҳрланган бинони қўриқлашга олиш ва муҳрланган жойни очиш учун жавобгарликка тортиш чоралари билан танишганлиги тўғрисида огоҳлантириш (ваколатли шахс иштирок этмаган ҳоллар бундан мустасно).

52. Далолатнома барча иштирокчилар томонидан имзоланади. Ваколатли шахс далолатномани имзолашдан бош тортган тақдирда, далолатномага тегишли ёзув киритилади.

 

8-БОБ. САЙЁР БОЖХОНА АУДИТИ НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

53. Сайёр божхона аудити натижалари тўғрисидаги далолатнома Давлат божхона қўмитасининг ахборот тизими орқали мазкур Низомга 8-иловага** мувофиқ электрон шаклда расмийлаштирилади.

54. Сайёр божхона аудити натижалари тўғрисидаги далолатномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:

далолатнома тузилган вақти, жойи ва рўйхатга олиш рақами;

сайёр божхона аудитини ўтказган божхона органи номи;

сайёр божхона аудитини ўтказган божхона органи мансабдор шахс(лар)ининг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

сайёр божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги божхона органи қарори рақами ва санаси;

ваколатли шахснинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), унинг жойлашган жойи, солиқ тўловчининг идентификация рақами;

ваколатли шахснинг банк реквизитлари;

сайёр божхона аудитини ўтказишда иштирок этиш учун жалб қилинган мутахассисларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, лавозими;

сайёр божхона аудитини ўтказиш бошланган сана ва уни тугатиш санаси (сайёр божхона аудитини ўтказиш муддати узайтирилганда ва (ёки) тўхтатилганда мазкур узайтириш ва (ёки) тўхтатилган муддатлар ҳам кўрсатилади);

ўрганилган ҳужжатлар ва маълумотларнинг тури;

ваколатли шахснинг бухгалтерлик ҳисоби ва ҳисоботи ҳужжатларини юритиш ҳолати;

сайёр божхона аудити натижалари бўйича хулоса;

сайёр божхона аудитига оид бошқа маълумотлар.

55. Сайёр божхона аудити натижалари тўғрисидаги далолатноманинг қоғозга чоп этилган нусхаси божхона аудити тугаган кундан бошлаб беш иш кунидан кечиктирмай ваколатли шахсга юборилади.

56. Сайёр божхона аудити натижалари тўғрисидаги далолатномада келтирилган тафовут ва (ёки) хатоликлар божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликка сабаб бўлганда, далолатнома расмийлаштирилган куннинг эртасидан эътиборан ўн иш кунидан кечиктирмай, тўловчи томонидан ушбу талабнома олинганлигини ва олиш санасини тасдиқлаш имконини берадиган ҳар қандай усулда тўловчига юборилиши керак.

Божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги талабнома мазкур Низомга 4-иловага мувофиқ шаклда тузилади.

 

9-БОБ. БОЖХОНА ОРГАНИ МАНСАБДОР ШАХСЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

57. Божхона органи мансабдор шахслари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

товар ва транспорт воситалари устидан улар сақланадиган жойларга ҳамда ваколатли шахснинг иш жойи ва (ёки) ўз фаолиятини амалга оширадиган ҳудудга чиққан ҳолда, сайёр божхона аудитини ўтказиш;

товарлар чиқариб юборилгандан кейин уларни сотиб олувчи шахслардан товарларни сотиб олишга оид шартномалар, ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиб олиш;

ваколатли шахснинг ҳисоб-китоб бўйича ҳужжатлари ва бухгалтерлик ҳисоботининг асл нусхаларини ўрганиш ва (ёки) олиш;

божхона аудитини ўтказиш учун, шу жумладан, қонунчилик ҳужжатларига асосан банк сирини сақлашни таъминлаган ҳолда ваколатли шахслардан банк операцияларининг айрим турларини амалга оширувчи ва улардан хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақларининг мавжудлиги тўғрисидаги ҳужжатлар ва маълумотларни олиш, шунингдек, ваколатли шахснинг ҳисобварақларидаги маблағларнинг ҳаракатланиши билан боғлиқ ҳужжатлар ва маълумотларни талаб қилиб олиш;

божхона аудитини ўтказиш билан боғлиқ сўровномаларни хорижий давлатларнинг давлат ва бошқа органларига (ташкилотларига) юбориш;

товарлар ҳамда бошқа буюмлардан намуналар ва нусхалар олиш, улар юзасидан экспертиза тайинлаш;

ваколатли шахснинг товарлар ҳаракати ҳисобини юритишда фойдаланаётган ва бухгалтерлик ҳисоботлари акс этган дастурий таъминотларидан фойдаланиш, улардаги маълумотлар билан танишиш ва электрон нусхалар олиш;

божхона назорати остида бўлган ёки чиқаришга рухсат берилган товарларни зарурати бўлган тақдирда, ваколатли шахснинг ҳудуди, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини кўздан кечириш, хатловдан ўтказиш, қиёслаш, уларни фото ва видео тасвирга олиш;

ишлаб чиқарилаётган ҳамда реализация қилинаётган товарлар (хизматлар)нинг ҳақиқий ҳажмларини аниқлаш;

мутахассис, таржимон ва холисларни жалб этиш ҳамда улардан тегишли хулосалар, таржималар ва кўрсатмалар олиш;

товарлар ва транспорт воситалари, уларга тегишли ҳужжатларнинг асл нусхаларини вақтинча сақловга олиш;

божхона аудити вазифасига алоқадор бўлган товарлар ва транспорт воситаларининг ишлатиб юборилиши ёхуд божхона органи мансабдор шахси томонидан уларни божхона аудити мақсадларида ўрганишни чеклашга қаратилган хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда товар ва транспорт воситаларидан фойдаланишни чеклаш;

сайёр божхона аудити ўтказиладиган биноларга, омборларга, архивларга, ҳужжатлар ва товарлар жойлашган (сақланадиган) бошқа жойларга муҳр қўйиш.

58. Божхона органи мансабдор шахси божхона аудитини ўтказишда ваколатли шахсларни амалга оширилган юк ва божхона операциялари юзасидан тушунтириш бериш учун ёзма хабарнома асосида чақиришга ҳақли.

59. Божхона органи мансабдор шахсининг мажбуриятлари:

божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш;

ваколатли шахсни божхона аудитини ўтказиш тўғрисидаги божхона органи қарори билан таништириш ва хизмат гувоҳномасини кўрсатиш;

божхона аудитини ўтказиш жараёнида олинган ва шакллантирилган ҳужжатларнинг сақланишини таъминлаш, ўз хизмат вазифаларини бажариши чоғида ўзига маълум бўлган давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган тижорат сирларини ташкил этувчи маълумотларни ошкор этмаслик;

давлат божхона хизмати органлари ходимлари одоб-ахлоқ қоидаларини бузмаслик, коррупция ва бошқа жиноятларни содир этмаслик;

ваколатли шахснинг талабига кўра ўтказилаётган божхона аудити тўғрисида зарур маълумотлар билан таништириш;

давлат хавфсизлигини, жамоат тартибини, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаши, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиш;

ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланишда ахборот хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминлаш;

ўз ваколатлари доирасидан четга чиқмаслик;

сайёр божхона аудити натижалари тўғрисида ваколатли шахсни таништириш.

 

10-БОБ. ВАКОЛАТЛИ ШАХСНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

60. Ваколатли шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:

сайёр божхона аудити ўтказилиши тўғрисидаги божхона органи қароридан хабардор бўлиш, у тўғрисидаги қарор билан танишиш ва нусха олиш, божхона органи мансабдор шахсларининг хизмат гувоҳномасини кўрсатишларини талаб қилиш;

ўтказилган божхона аудити натижалари юзасидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш;

божхона аудити далолатномасини олгандан кейин ўтказилган божхона аудити бўйича, давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни божхона аудити материаллари, шунингдек, учинчи шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган тижорат ва банк сирларини ўз ичига олмаган маълумотлар билан танишиш;

божхона органига далолатнома бўйича ёзма равишда эътироз қилиш;

божхона аудити ўтказиш бошлангунига қадар мустақил равишда ички бухгалтерлик ёки аудиторлик текширувини ўтказиш.

Ваколатли шахс қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

61. Божхона аудити жараёнида ваколатли шахснинг мажбуриятлари:

божхона аудити давомида божхона органи мансабдор шахсларига товарларни кўрсатиш;

божхона органи мансабдор шахсларига амалга оширган ташқи савдо операцияларининг божхона тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқлигини тасдиқловчи барча ахборот ва маълумотлар ҳамда ҳужжатларнинг асл нусхаларини тақдим этиш;

божхона аудити жараёнида иштирок этиш ва ўрганилаётган масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;

ўз объектига (иншоот, омбор, ишлаб чиқариш, савдо биноларига) божхона органи мансабдор шахсларини киритиш, уларни ҳамда товар ва транспорт воситаларини кўрсатиш;

божхона аудитини ўтказиш учун зарур ҳужжатларни (маълумотларни) ахборот тизимларининг маълумотлар базалари билан таққослашга шароит яратиш, шунингдек, қоғоз ва электрон ахборот ташувчилардаги зарур ҳужжатлардан (маълумотлардан) нусхалар бериш;

товарлар ҳаракати ҳисобини юритишда фойдаланилаётган ва бухгалтерлик ҳисоботлари акс этган ваколатли шахснинг дастурий таъминотларидан, видеокузатув мосламаларидан божхона органи мансабдор шахсининг фойдаланишига, улардаги маълумотлар билан танишиши ва электрон нусхалар олишига рухсат бериш;

божхона аудити учун зарур бўлган ҳужжатларнинг давлат тилидаги таржимасини божхона органи мансабдор шахсига тақдим этиш;

зарур ҳолларда, ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этишга масъул бўлган шахсларни белгилаш;

товар ва транспорт воситаларини, заруратга кўра, ўз объектини (иншоот, омбор, ишлаб чиқариш, савдо биноларини) хатловдан ўтказишга, қиёслашга, уларнинг фото ва видео тасвирларини олишни таъминлаш;

экспертиза тайинлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинган ҳолатларда, товарлардан намуналар ва (ёки) нусхалар олинишига имконият яратиш;

мазкур Низомнинг 15 ва 34-бандларида кўрсатилган ҳужжатларни, шунингдек, божхона декларацияси ҳамда божхона назоратини ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг асл нусхаларини товарлар божхона назорати остида бўлиш муддати тугаган йилдан кейинги уч йил давомида сақланишини таъминлаш;

божхона органи хабарномасида кўрсатилган ҳужжатлар ва тушунтиришлар тўғрисида ўз вақтида маълумотларни тақдим этиш.

62. Ваколатли шахс меҳнат лаёқатини йўқотган тақдирда, мазкур Низомнинг 61-бандида кўрсатилган мажбуриятларни унинг ишончли вакили бажаради.

 

11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

63. Божхона аудити натижалари бўйича аниқланган тафовут ва (ёки) хатоликлар, шу жумладан, қўшимча ёки қайта ҳисобланган божхона тўловлари ваколатли шахс томонидан божхона органининг талабномаси олинган кундан эътиборан ўн иш куни ичида божхона юк декларациясини тузатиш шаклини расмийлаштириш орқали бартараф этилади (божхона тўловларидан қарздорликни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилган ҳоллар бундан мустасно).

Божхона аудити натижалари бўйича аниқланган тафовут ва (ёки) хатоликлар белгиланган муддатларда бартараф этилмаган тақдирда, божхона тўловларини ундириш суднинг божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисидаги қонуний кучга кирган қарори асосида амалга оширилади.

Ваколатли шахс божхона аудити натижаларига рози бўлмаган тақдирда, далолатнома ва (ёки) талабнома олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида далолатноманинг барча ёки айрим қоидалари юзасидан ёзма эътирозларини юқори турувчи божхона органига ёки судга тақдим этиши мумкин.

Божхона органларига тақдим қилинган ваколатли шахснинг мустақил олиб борган ички бухгалтерлик ёки аудиторлик текширувининг ҳамда божхона органлари томонидан ўтказилган камерал ва сайёр божхона аудитининг ҳар қандай натижалари божхона органлари томонидан баҳоланиб, ушбу маълумотлар божхона органларида хавфни бошқариш тизими доирасида ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини тоифалашда инобатга олинади.

Божхона аудити тизимининг қўлланилиш стратегияси ва тактикасини, ахборот йиғиш ва уни қайта ишлаш, хавф даражаларини таҳлил қилиш ва баҳолаш, божхона аудитини ўтказишга доир чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш тартибини Давлат божхона қўмитаси белгилайди.

Ваколатли шахснинг тугатилаётганлиги, банкрот деб топилаётганлиги ҳақида ваколатли ташкилот ёки орган томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда божхона органлари хабардор қилинади.

Тугатилаётган ёки банкрот деб топилаётган ваколатли шахс «Bojxona auditi» тизими орқали божхона аудитидан ўтказилиши режалаштирилган бўлса, унга нисбатан биринчи навбатда божхона аудити тайинланади.

Божхона аудити ўтказилгунга қадар ваколатли шахснинг банкрот деб топилганлиги, тугатилганлиги ёки жисмоний шахснинг вафот этганлиги (ҳуқуқий вориси мавжудлиги бундан мустасно) ҳамда халқаро сўровномалар юзасидан жавоблар халқаро шартнома доирасида белгиланган муддатда келмаганлиги божхона аудитини тугатиш учун асос бўлади.

64. Божхона аудити давомида ваколатли шахс томонидан муайян ҳуқуқ берадиган ёки муайян мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатларни тайёрлаши ёки уларни қалбакилаштириш билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

65. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 25.02.2021 йилдан кучга кирди.

**Низомга 1–8-иловалар «СБХ»да берилмайди. Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиш мумкин.

Прочитано: 642 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика