Корхона 2019 йилнинг март ойида экспорт контракти бўйича хорижга янги пиёз жўнатди. Автотранспорт компаниясининг айби билан юк 3 кун кечиктириб етказилган. Товар қисман бузилган, харидор бунинг учун ҳақ тўлашдан бош тортиб, МЧЖга нисбатан эътироз билдирган. Шундан кейин икки томонлама далолатнома тузилиб, унга кўра МЧЖ ва харидор бир бирига нисбатан эътирозларга эга эмасликлари айтилган. Бузилган пиёзнинг миқдори табиий йўқотиш нормативидан ортиқ эмас. Лекин ҳанузгача МЧЖнинг ҳисобида йўқотиш суммасидаги дебиторлик қарзи турибди.
Хорижий давлат божхонасида далолатнома тузилмаган тақдирда, МЧЖ бузилган товар суммасига экспорт контрактининг (қўшимча келишув) фактура қийматига тузатиш кирита оладими?
– Қонун ҳужжатларида фактура қийматига тузатиш киритиш назарда тутилмаган. Сабаби фактура қиймати – бу товарнинг контракт бўйича қиймати бўлиб, унинг контрагентлар ўртасидаги ўзгартирилиши қўшимча келишув билан амалга оширилади.
Контракт экспорт контракти эканлиги ва божхона ҳудудидан олиб чиқаётганда божхона юк декларацияси тўлдирилишини ҳисобга олганда, контрактга ўзгартиришлар киритаётганда БЮДга ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади. БЮДга ўзгартиришлар контракт (шартнома, келишув) шартларига ўзгартиришлар киритилаётганда киритилади, бундан товарлар шартлари тўлиқ бажарилган экспорт божхона режимига расмийлаштирилган ҳолатлар мустасно (Низомнинг 8-б., АВ рақами 3220, 10.02.2020 й.). Яъни товар ҳали харидорга етказиб берилмаган бўлса, БЮДга ўзгартиришлар киритиш мумкин бўлади. Шу муносабат билан саволда кўрсатилгани каби, олиб чиқиб бўлинган ва харидорга етказиб бўлинган товарнинг фактура қийматига ўзгартириш киритиш мумкин эмас.
Чет элдан хорижий валютадаги тушум тушишини 30 банк кунидан ортиқ кечиктирилишига йўл қўйган экспорт қилувчилар (кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун – 60 банк куни) белгиланган муддатлар тамом бўлгандан кейин Ўзбекистоннинг республика бюджетига жарима тўлайдилар. Лекин чет элдаги корхона номига олиб чиқилган ҳамда транспортда ташиш ва сақлаш жараёнида экспортчига ва чет элдаги корхонага боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра яроқсиз бўлиб қолган ёки мусодара қилинганлиги тўғрисидаги тасдиқнома тақдим этилганда экспорт қилувчиларга ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун жарима қўлланилмайди (Низомнинг 27-б., 14.05.2020 йилдаги 283-сон ВМҚга 1-илова).
Шунга мувофиқ сиз чет эллик харидордан божхона органи томонидан берилган яроқсиз товарни йўқ қилиш далилини тасдиқловчи маълумотнома ёки ҳужжатни сўраб олишингиз зарур бўлади.
Шуни қайд этиш керакки, товар бузилишида транспорт ташкилотининг (ташувчининг) айби бўлган тақдирда, унга зарарни қоплаб бериш тўғрисида талабнома (эътирознома) тақдим этиш лозим бўлади.
Саволда ташиш Инкотермснинг қайси шартларида амалга оширилганлиги кўрсатилмаган. Контрагентлардан қайси бири ташувчига эътирознома тақдим этиши кераклиги контрактда кўрсатилган Инкотермс шартларига боғлиқдир.
Масалан, CPT, CIP, CIF шартларида таваккалчиликнинг сотувчидан харидорга ўтиши юкнинг биринчи ташувчисига ўтиши билан амалга оширилади. Шундан сўнг товарнинг бузилишидан сақлаш ва йўқотишлар бўйича барча мажбуриятлар харидорнинг зиммасига ўтади. DAT, DAPга ўхшаш шартларда эса сотувчидан харидорга ўтадиган таваккалчиликлар етказиб бериш жойида ўтади, яъни товарни ташишда унинг бузилишидан сақлаш ва йўқотишлар бўйича барча мажбуриятларни сотувчи ўз зиммасига олади.
Нурали Нурмуҳамедов,
«Norma» МЧЖ эксперти.