Norma.uz
СБХ / 2021 йил / № 11 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Чорвачиликка қўшимча имтиёз ва субсидиялар

 

Президентнинг 2021 йил 3 мартдаги ПҚ-5017-сон қарори билан чорвачилик тармоқларини давлат томонидан янада қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

 

2021 йил 1 мартдан бошлаб Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг компенсация ва кафиллигидан фойдаланган чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ва қуёнчилик йўналишидаги кредити бўйича тўловларни ўз вақтида қайтараётган тадбиркорлик субъектларига, уларнинг кредит бўйича қарздорлиги тўлиқ қопланмагунча, янги кредитлар бўйича жамғарманинг кафиллигидан яна фойдаланишга рухсат берилади.

Президентнинг 18.03.2019 йилдаги «Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4243-сон қарори 2-бандига мувофиқ берилган имтиёзлар чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи барча хўжалик субъектларига ва омухта ем ишлаб чиқарувчи корхоналарга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб 2024 йил 1 январга қадар наслчилик субъектлари учун уларнинг асосий фаолият тури бўйича фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50% миқдорида қўлланилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан товарлар республика ҳудудига олиб кирилганда уларни олиб киришда ҳисобланган қўшилган қиймат солиғини тўлаш муддати 180 кунга узайтирилади, тўланган ҚҚСнинг ҳисобот даври якунидаги салбий фарқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига асосан тезлаштирилган тартибда 20 кундан кечиктирмасдан қоплаб берилади. Солиқ суммаси қоплаб берилгандан сўнг камерал солиқ текшируви умумий тартибда амалга оширилади.

2021 йил 1 июлдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган хўжаликларга қуйидаги миқдорларда республика бюджетидан субсидиялар ажратилади:

● чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун реализация қилинган йирик ва майда шоҳли қорамоллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм;

● паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 800 сўм;

● балиқчилик хўжаликларига – интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқлари (лосос, форель ва осётр)нинг ҳар бир килограмми учун 3 000 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1 000 сўм.

Субсидиялар ҚҚСдан қарздорлиги мавжуд бўлмаган, шунингдек контрагентларни танлашда лозим даражада эҳтиёткор бўлган корхоналарга уларнинг субсидиялар олиш тўғрисидаги аризаларига асосан кейинги ойнинг 25-санасигача ажратилади.

Қарор билан маҳаллий ҳокимликларга деҳқон бозорлари ва аҳоли гавжум ҳудудлардан чорвачилик маҳсулотларини сотишга мўлжалланган доимий савдо жойлари (нуқталари), савдо дўконларини қуриш учун жой ажратилишини таъминлаш топширилди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) ­эълон қилинган ва 4.03.2021 йилдан кучга кирди. 

 

Эльмира СИРАЗИЕВА.

Прочитано: 562 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика