Харидор томонидан аванс сифатида тўланган пул маблағлари етказиб берувчида қанча муддат бўлиши мумкин?
– Харидор томонидан олди-сотди шартномаси бўйича аванс тўлови сифатида ўтказилган пул маблағлари ҳисобрақамга келиб тушган пайтдан бошлаб сотувчи улардан ўзининг хоҳишига кўра фойдаланиши мумкин. Бироқ сотувчи томонидан шартнома бўйича ўз мажбуриятларини бажармаслик оқибатлари тўғрисида унутмаслик лозим.
Олдиндан тўланган суммани олган сотувчи товарни топшириш бўйича мажбуриятни бажармаган тақдирда, сотиб олувчи ҳақи тўланган товарни топширишни ёки сотувчи топширмаган товар учун олдиндан тўланган суммани қайтариб беришни талаб қилишга ҳақли (ФК 420-м. 3-қ.).
Агар сотувчи олдиндан ҳақи тўланган товарни топшириш мажбуриятини бажармаса ва олди-сотди шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, олдиндан тўланган сумма учун товарни топшириши лозим бўлган кундан бошлаб товар сотиб олувчига топширилган ёки унга олдиндан тўлаган суммаси қайтариб берилган кунгача фоизлар тўланиши лозим. Шартномада сотувчининг олдиндан тўланган сумма учун фоизларни бу сумма сотиб олувчидан олинган кундан бошлаб тўлаш мажбурияти назарда тутилиши мумкин (ФК 327-м., 420-м. 4-қ.).
Умид Файзиев,
«Norma» МЧЖ эксперти.