Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 09 / Истеъмолчи бурчаги

Автомобилни ижарага олишда фирибгарлардан қандай ҳимояланиш мумкин

 

Республика бўйича жабрланган истеъмолчилар сони 830 тани, зарарнинг умумий суммаси 5,5 млрд сўмдан ортиқ миқдорни ташкил этади. Автомобилни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш ёки лизинг хизматларини кўрсатиш орқали фойда олиш билан шуғулланувчи айрим тадбиркорлик субъектларининг фаолияти устидан шикоят қилган истеъмолчиларнинг мурожаатлари сони шунчага етди.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Элмурот Ҳайитметов бундай вазиятларнинг юзага келиш сабаблари ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш усуллари ҳақида батафсил гапириб берди.

 

Нима учун тузиладиган шартномаларда истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳисобга олинмайди?

– Шартнома тузишда ушбу шартнома тури қандайлигини – кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага бериш ёки лизинг эканлигини аниқлаштириб олиш муҳимдир. Бундан келиб чиқиб томонларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланади. Компания истеъмолчига рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномани тақдим этиши лозим. Истеъмолчининг талабига кўра шартнома нотариал тасдиқланмаган тақдирда, қатъий айтиш мумкинки, тузиладиган шартнома лизинг ҳисобланмайди. Лизинг объектига доир суғурта шартномасининг мавжуд эмаслиги ҳам шандан далолат беради.

Шартнома тузишда томонларнинг мажбуриятлари ва жавобгарлигини синчиклаб ўрганиб чиқиш лозим. Амалиётда ноинсоф компаниялар шартномада фақат автотранспорт воситасини оладиган истеъмолчининг жавобгарлигини кўрсатадилар, бу эса улар зарар кўришлари, ҳатто автомобилдан маҳрум бўлишларига олиб келади.

 

– Автотранспорт ижараси юзасидан шартномалар тузишда қандай ҳуқуқбузарликлар аниқланган?

– Бўнак тўловлари тўғрисидаги шартномани, шунингдек автотранспортни кейинчалик сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага бериш тўғрисидаги шартномани тузишда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан бир қатор пунктларнинг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга номувофиқлиги аниқланган:

1) бўнак тўловлари тўғрисидаги шартномаларда транспорт воситаларининг тўлиқ қиймати белгиланмаган, шунингдек бўнак тўлови белгиланадиган автомобилнинг қиймати кўрсатилмаган. «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ истеъмолчилар товарлар (ишлар, хизматлар) ҳақида ишончли ва тўлиқ маълумот олишга ҳақлидирлар.

2) Бўнак тўловлари тўғрисидаги шартномада истеъмолчилардан ижарага олиш учун ҳужжатларни тўплаш, тайёрлаш ва расмийлаштириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун истеъмолчилардан шартнома суммасидан фоизлар ундириш назарда тутилган. Шунингдек қуйидаги харажатларни – йўл жамғармасига тўловлар, нотариал харажатлар, объектни суғурталаш, техник паспортни рўйхатдан ўтказиш харажатлари, счёт-маълумотнома, банк харажатлари, ДАН (гараж) харажатларини қоплаш учун маблағлар ундирилиши тўғрисидаги банд мавжуд. Ушбу харажатлар қисман такрорланади, бу эса Қонуннинг 21-моддаси иккинчи қисмига зиддир, унга мувофиқ ижрочи қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.

3) белгиланган мажбуриятларнинг ўз вақтида бажарилмаганлиги ёки умуман бажарилмаганлиги учун ташкилот тўлайдиган неустойка қиймати қайд этилмаган (Қонун 19-м.).

4) шартнома шартлари баъзида истеъмолчилар автомобилни ижарага берадиган компанияга тобе бўлиб қоладиган, хатто раҳбарининг кайфиятига боғланиб қоладиган ҳолатларга ҳам тушириб қўйиши мумкин.

 

– Истеъмолчи автотранспортни ижарага олаётганда яна нималарга эътибор бериши лозим?

– Алданиб қолган истеъмолчилар бир неча ой давомида адолат ўрната олмагач, Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига мурожаат қилдилар. Кўпинча ноинсоф ташкилотлар шундай усулни қўллашадики, бунда бўнак тўловлари тўғрисидаги шартнома бир фирма билан, автомобиль ижараси бўйича шартнома кейинчалик сотиб олиш шарти билан бошқа фирма билан тузилади. Бунда биринчи ва иккинчи фирмалар битта муассисга тегишли бўлади. Бу нафақат қонунни қўпол равишда бузиш, балки истеъмолчиларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ва фуқароларнинг истеъмолчилик ҳуқуқини тиклаш жараёнини анча мураккаблаштиради.

Бундан ташқари, ташкилот томонидан автомобиль белгиланган муддатда истеъмолчига берилмаган ёки тўловчининг фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинмасдан пасайтирилган қиймат бўйича бошқа автотранспорт воситаси тақдим этилган ҳолатлар ҳам учраб туради. Шунингдек дастлабки тўловни тўлаб, бир неча ой мобайнида (шартнома бўйича 120 иш куни) ваъда қилинган автомобилнинг берилишини кутаётган истеъмолчига ташкилот шартномада қайд этилмаган талаблар бўйича юқори қийматдаги автомобилларнинг учтасидан бирини танлашни таклиф этган ҳолатларга дуч келинмоқда.

Автомобилни кейинчалик сотиб олиш шарти билан ижарага олиб алданиб қолган истеъмолчидан дастлабки мурожаат ўтган йилнинг январь ойида келиб тушган бўлса, бугунги кунда ноинсоф тадбиркорлик субъектларининг фаолиятидан жабр кўрган истеъмолчиларнинг сони 830 нафарга етди. Агентлик истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ва уларга 5,5 млрд сўмдан ортиқ миқдорда кўрилган зарар суммасини қайтаришга муваффақ бўлди.

 

Ижара (лизинг) шартномаси бўйича фоиз ставкаси МБнинг қайта молиялаштириш ставкасидан (жорий йилнинг февраль ҳолатига кўра йиллик 14%) кам бўлмаслиги керак. Акс ҳолда бу тадбиркор учун фойдали бўлмаслиги мумкин.

Шартнома тузишдан олдин уни синчиклаб ўрганиб чиқинг ва мустақил юристлар билан маслаҳатлашиб кўринг. Ўзингизга кўпроқ тушунарли бўлган тилда – ўзбек ёки рус тилида шартнома тузилишини талаб қилинг.

Транспорт воситасининг тўлиқ қиймати шартномада кўрсатилиши лозим.

Ижара муддати 1 ойдан ошса ва бунда харажатлар транспорт воситасини тақдим этадиган компания томонидан тўланадиган бўлса, транспорт воситасининг ижара шартномаси нотариал тасдиқланишини талаб қилинг.

Шартнома тузмоқчи бўлган компаниянгиз ҳақида мижозлар қандай фикрда эканликлари билан қизиқиб кўринг.

Шартнома тузишдан олдин ва тузилгандан кейин саволлар юзага келганда Агентликка мурожаат қилинг. Ваколатли ходимлар сизга зарур тушунтиришлар ва маслаҳатлар берадилар.

 

Лола Абдуазимова.

Прочитано: 436 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика