Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 09 / Биз яшайдиган уй

Қонунга оёқ қўйиш: бошбошдоқликнинг охири борми?

 

Адлия вазирлиги https://t.me/pravoinf телеграм-каналида кўп квартирали уйларни кўп квартирали уйлардаги жой мулкдорларининг хабардорлигисиз бошқарувчи ташкилотларга (БТ) ёки бошқарувчига топшириш, умумий йиғилиш, очиқ танловни ўтказиш «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун талабларига зид эканлиги хусусида огоҳлантиради.

Бундай ҳоллар юз берган тақдирда Адлия вазирлиги 1008 рақамли «ишонч телефони» орқали қўнғироқ қилиш ёки info@adliya.uz манзилига хабар юбориш кераклигини эслатади.

Янги йилда янги БТлар, ҳокимиятлар, маҳалла қўмиталарининг вакиллари, округлар-секторлар-штаблар ва турар жойлар мулкдорлари устидан иш юритувчи турли тузилмаларнинг бошлиқлари Тошкентдаги кўп квартирали уй-жой фондига фаол тарзда босим ўтказа бошлади. Бу кампания улар томонидан ўзбошимчалик билан эълон қилинган тажриба доирасида бошқарувни профессионаллаштириш байроғи остида ўтмоқда. Бундан кўзланган мақсадкўп квартирали уйларни бошқаришда бошқарувчи ташкилотларни ягона усул сифатида тақдим этиш. Бундан ташқари, етарлича моддий-техник базага эга бўлмаган кўплаб янги бошқарувчи ташкилотлар уй-жой бозорида муваффақиятли ишлаб келаётган БТларни «бозордан сиқиб чиқариш» ёки уларга қўшилиш чора-тадбирларини кўришаётир.

Бу ишларнинг барчаси Уй-жой кодекси, Қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга зид равишда амалга оширилмоқдаки, пировардида бу уй-жой соҳаси ривожланишини орқага суриб юбориши ҳамда турар жой мулкдорларида қонун ва адолатга бўлган ишончни батамом йўққа чиқариши мумкин.  

 

Тошкентда бошланган бу уй-жой соҳасидаги «ислоҳ қилиш»лар кампанияси аҳолининг ҳуқуқий саводхонлиги нисбатан ҳаминқадар бўлган минтақаларда янада фаол тус олди. Шунинг учун у ерларда БТни ягона бошқарув усули сифатида ўрнатишга деярли эришилди. Тошкентликлар умумий уй мол-мулкини бошқариш усулини эркин танлаш ҳуқуқини белгиловчи Қонунга риоя қилиниши тарафдори.

Уй-жой фондининг профессионаллашуви, албатта, муҳим масала ва бу ККУни самарали бошқаришда асосий ўрин тутади. Бизда, ишидан аҳоли норози бўлган УМШлар етарлича топилади. Ана шу жойларда муваффақиятли иш олиб борувчи БТ айни муқобил усулдир. Зеро, уйни профессионаллар бошқарадиган бўлса, бунга ким ҳам қарши чиқар эди. Бироқ қарорни квартира эгалари қабул қилишлари лозим, бегона шахслар эмас. Бу борада қонунлар ва мулкдорлар ҳуқуқларини поймол қилиш ярамайди.

 

ККУни бошқаришга доир тажрибалар ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд эмас

Янги БТлар ва улар ишини қўллаётган ҳокимиятлар ўз хатти-ҳаракатларини нималар билан асослашади? Гап шундаки, улар ВМнинг «Тошкент шаҳрининг уй-жой коммунал инфратузилмасини бошқаришни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига (4.01.2019 йилдаги 5-сон) суянган ҳолда фуқароларни чалғитаётирлар. Қарорда Юнусобод туманида кўп квартирали уй-жой фондини профессионал БТ ёрдамида бошқариш бўйича тажриба ўтказиш тўғрисида сўз боради, бу тажриба кейинчалик Чилонзор туманида татбиқ этилди. Бу тажриба фақатгина 2019 йил учун мўлжалланган бўлиб, у вақтда ҳали «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинмаган, ККУни бошқариш бўйича ёндашувлар энди-энди ишлаб чиқилаётган эди. Тажриба ўзини оқламади, сабаби у ҳуқуқий бўлмаган ёндашувларга таянган эди. Аслини олганда, бу тажрибани эсдан чиқариб, қайта ёдга олмаса ҳам бўлади, ВМнинг 5-сон қарорини эса махсус қарор билан бекор қилса ҳам бўлар эди, сабаби қарорда, тажриба, уни ўтказиш белгиланган муддати тугаши билан бекор бўлиши айтилган. Лекин, шунга қарамай, БТ ва ҳокимиятлар пойтахтнинг бошқа туманларида БТни илгари суриш бўйича ноқонуний ҳаракатларини оқлаш учун ҳали-ҳануз мазкур қарорни рўкач қилмоқдалар. Бинобарин, ВМнинг 5-сон қарорида Юнусобод тажрибасини бошқа жойларда ҳам татбиқ этиш борасида бир оғиз сўз айтилмаганини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмайди.

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда жой мулкдорларининг ККУни бошқаришнинг учта усулини танлашда эркинликлари белгиланган (8-м.). Барча тажрибалар улар қабул қилингандан кейин бекор бўлган. Шунга қарамасдан БТ ва ҳокимиятлар ВМнинг ­5-қарори ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимиятининг Юнусобод туман тажрибасига доир 10.01.2019 йилдаги 30-сон қарорига ҳавола қилган ҳолда иш юритиб, фуқароларга нотўғри маълумот беришда давом этаётирлар. Ваҳоланки, мазкур ҳужжатлар ҳуқуқий мақомига кўра қонуности ҳужжатлари бўлиб, Қонунга мувофиқ келиши шарт.

Бундан келиб чиқадики, уй-жой фонди билан тажриба ўтказиш тўғрисида юридик кучга эга бўлган ҳужжатлар бугунги кунда мавжуд эмас. Ҳокимиятлар, янги бошқарувчилар ва БТни илгари сураётган бошқалар фуқароларни чалғитмоқдалар. Аҳолининг шикоятлари мазмун жиҳатидан ўрганилаётгани йўқ (фақат юзаки жавоб қайтарилмоқда), бунга сабаб шундаки, шикоят қилинаётган шахслар содир бўлаётган ишларга кўз юммоқда ёхуд мурожаатларни шикоят қилинаётганларнинг ўзига юбормоқдалар. Оқибатда – мисли кўрилмаган ҳуқуқий бошбошдоқлик, бетартиблик, ўзбошимчалик ҳукм сурмоқда. Биздаги уй-жой хўжалиги соҳаси ҳали бунақасини кўрмаган.

ВМнинг 5-сон қарорига (аслини олганда у Қонунга мувофиқ бўлмаган ҳужжат сифатида кучини йўқотган) таянар экан, пойтахтнинг туман ҳокимиятлари ККУни бошқариш учун БТни танлаш бўйича танловлар ўтказмоқда. Улар аҳолининг уйларини кимлар ва қандай усулларда бошқариши масаласини аҳолининг ўрнига ҳал қилишмоқда. Қонунга кўра ҳокимиятлар БТни танлаш масаласига умуман алоқаси йўқ. Қонунда бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказиш ваколати Уй-жой-коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига берилган, лекин, амалиётда бу вазирлик мазкур жараёндан четлаштирилган.

Янги БТлар йириклашиш томонга ҳаракат қилмоқда. Ҳатто 100 та ва ундан ортиқ уйларни ўз ичига олган бирлашмалар ҳам бор. Улар самарали хизмат кўрсата олармикин, алоҳида бир уй мулкдорларининг овози эшитилармикин? Ёки яна ўша хатога йўл қўйилиб, ўз вақтида ижара корхоналари кўп квартирали уй-жой фондини барбод қилган ҳолга келиб қолмасмикинмиз?

 

Уй-жой хизматлари бозори малакали мутахассисларга муҳтож

«Норма маслаҳатчи»да бу муаммолар бир неча маротаба кўтарилган. Фейсбукдаги «УМШ ва у билан қандай яшаймиз?» гуруҳида мулкдорларнинг ККУда умумий мол-мулкни бошқариш усулини эркин танлаш бўйича ҳуқуқи бузилишига қандай қилиб қарши чиқиш мумкинлиги борасида хавотирли постлар, фуқароларнинг саволлари ва тушунтиришлар келиши тўхтаётгани йўқ. Янги хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан мурожаатлар оқими Тошкент шаҳар УМШ уюшмасига келиб тушмоқда:

«Янги бошқарувчиларнинг ҳуқуқий саводсизлиги устидан қилинган шикоятлар ниҳоятда кўп, – дейди Уюшма раиси Кристина Тантибоева. – Уйларни сақлаб туриш ва таъмирлашга доир шартномалар қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ келмайди. Шартномада бир компаниянинг номи кўрсатилиб, бошқа компаниянинг муҳри қўйилган ҳоллар кўп учрайди. Уларнинг кўпчилиги кўп квартирали уй-жой фондини сақлаб туриш масаласи борасида тасаввурга ҳам эга эмас. Деярли ҳар қадамда мулкдорларни умумий йиғилишларни ўтказмасдан, қарор баённомаларисиз ва квартира эгаларининг имзоларисиз шартномалар тузишга мажбур қилишмоқда.

Қайд этиб ўтаманки, гап янгидан тузилаётган ҳамма БТлар ҳақида кетаётгани йўқ, мен иш тажрибаси, ҳуқуқий билим ва кўникмаси йўқ бўлган БТлар хусусида гапиряпман. Тугатиш тартиб-таомилларидан ўтмаган ширкат раҳбарларини ҳужжатлар ва муҳрларни янги бошқарувчиларга топширишга мажбур қилишаётган ҳолатлар учрамоқда. Банкчиларга фаолият юритиб турган УМШларнинг ҳисобрақамларини ёпишга фармойишлар берилмоқда. Банклар бошини чангаллаган: бошқа-бошқа банкларда хизмат кўрсатилаётган УМШнинг ҳисобрақамидаги дебиторлик қарзини қандай қилиб БТнинг ҳисобрақамига ўтказиш мумкин? Ширкатларнинг сўндирилмаган ва муддати ўтказиб юборилган кредитлари масаласи ҳам ҳал этилмаган.

Мулкдорлар билан шартномалар тузган янги БТларнинг вакиллари ҳали ширкат тугатилишга улгурмасданоқ квартирама-квартира юриб, хизматлар учун тўловларни йиққан ҳоллар ҳам учрайди. Натижада аҳоли БТга ҳақ тўлайди ва айни вақтда УМШга мажбурий бадаллари бўйича қарздорлиги ортиб боради. Ёки алдов йўли билан аҳолининг имзоларини тўплайдилар-да, кейин шуни аҳолининг БТга ўтишга розилиги сифатида намойиш қилишади.

Уйларда яшовчилар БТ вакиллари уларни чалғитаётганлигидан шикоятлар қилишади. Масалан, барча УМШлар тугатилиши, ККУни жамоавий мулкдорлар бошқаришини бекор қилувчи ва ҳамма жойда БТ ёрдамидаги ягона бошқарув усулини жорий этувчи ҳужжат чиққанлиги ҳақида гапиришади. Ҳужжатнинг ўзини ёки унга ҳаволани эса кўрсата олишмайди, чунки бундай ҳужжатнинг ўзи мавжуд эмас. Ёхуд аҳолини ўзига оғдириб олиш учун «олтин водийлар»ни ваъда қилишади: бадал миқдорини камайтирамиз, кредитни музлатамиз, ҳамма жойни таъмирлаймиз, яшнатамиз-гуллатамиз, дейишади. Савол туғилади: шунча ишлар ниманинг ҳисобидан амалга оширилади, ваҳоланки, айрим БТларнинг устав фонди бор-йўғи 300 000 сўмни ташкил этади-ку? Уларнинг кўпчилиги моддий-техник базага эга ҳам эмас. Уй-жой фондини бошқаришни профессионаллаштириш бугун ўта муҳим масала. Уй-жой хизматлари бозори тараққий этиши керак, лекин ўқиган, малака ва кўникмага эга бўлган мутахассислар ҳисобига шундай бўлиши керак».

* * *

Бу бошбошдоқликнинг охири борми? Ҳозирча мазкур содир бўлаётган воқеликларга ҳуқуқий баҳони биргина орган – Адлия вазирлиги берди. Демак, бизнинг бонг урганимиз бежиз кетмапти. Илло, қонун ва соғлом фикрга қарши ўлароқ ҳаракатлар қилиб, уй-жой соҳасида ўз қоидаларини ўрнатаётганлар эшитишармикин?

Прочитано: 311 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика