Тошкент шаҳрида фуқароларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда бирор-бир чекловлар мавжудми? Фуқароларни рўйхатдан ўтказишда санитария нормалари мавжудми? Ёки рўйхатдан ўтказиладиган кишилар сони чекланмайдими?
– Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтказишда, Уй-жой кодексида белгиланган бир киши учун турар жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидаларга риоя этилиши шарт (Низомнинг 87-б., ВМнинг 28.12.2019 йилдаги 1049-сон қарорига 1а-илова).
Турар жой майдони ижтимоий нормалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланади, бироқ бир киши умумий майдоннинг 16 кв.м дан кам бўлмаслиги, кресло-коляскалардаги ногиронлар учун камида 23 кв.м бўлиши лозим (УЖК 42-м.).
Мулкдор (мулкдорлар) ўз оила аъзоларини ва бошқа шахсларни доимий рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқига эга. Қуйидаги фуқароларни доимий рўйхатга олишда УЖКда белгиланган бир киши учун турар-жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидалар қўлланилмайди:
● эр-хотин, ота-оналар, фарзандлар, бобо-буви, неваралар – бир-бирининг доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига;
● васийликдаги (ҳомийликдаги) ҳамда оилага тарбияга олинган (патронат) шахслар – васий (ҳомий), тутинган ота ёки она доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига;
● балоғатга етмаган, ота-онаси бўлмаган туғишган ака-укалар, опа-сингиллар, шунингдек, меҳнатга лаёқатсиз туғишган ака-укалар, опа-сингиллар, агар уларнинг ўз оилалари бўлмаса, ёшидан қатъи назар, акаси, укаси, опаси, синглисининг рўйхатга олинган уй-жой майдонига;
● Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олинган туғишган ака-укалар, опа-сингиллар – бир-бирининг доимий рўйхатга олинган уй-жой майдонига;
● илгари мазкур аҳоли пунктида яшаган, меҳнат шартномаси билан ишлаш учун вақтинча бошқа жойга кетган шахслар, шунингдек, амалдаги қонунчиликка мувофиқ вақтинча бошқа жойга кетганда, уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қоладиган фуқаролар – олдинги истиқомат жойига ёки қариндошларининг уй-жой майдонига;
● озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахслар – олдинги истиқомат жойига, ўз оила аъзоларининг, қариндошлари ёки ҳукм қилингунга қадар яшаб турган бошқа шахсларнинг уй-жой майдонига;
● муддатли ҳарбий хизмат тугагандан сўнг Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ҳарбий хизматчилар – олдинги истиқомат жойига, ота-онаси ёки бошқа қариндошларининг уй-жой майдонига (Низомнинг 31-б.).
Шу тариқа, сиз юқорида кўрсатилганидан ташқари ҳолатларда кишиларнинг чекланмаган сонини рўйхатдан ўтказа олмайсиз.