Norma.uz
Норма маслахатчи / 2021 йил / № 09 / Биз яшайдиган уй

Электр учун тўладик – чироқ ёнгани йўқ

 

Кўплаб истеъмолчилар қарздорликни тўлагандан кейин ҳам электр энергиясини ўчириб қўйишаётганидан шикоят қилишади. Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига (ЭЭҲО ва НҚАТ) уланган ҳисоблагичлар тўловини тўламаган абонентни автоматик тарзда электр қуввати етказиб беришдан узиб қўяди. Қарз тўлангандан кейин эса уни тезкор тарзда улаб бераверишмайди. Айримлар бунинг учун бир кунини (баъзида ундан ҳам кўпроқ) йўқотади, қўнғироқлар қилади, шикоятлар, асаббузарликларга дуч келади, вақт кетказиб, гап нимада эканлигини билиш учун электр таъминоти ташкилотига йўл олади. Бундан ташқари, баъзиларни бўнак тўловлари мавжуд бўлганда ҳам ўчириб қўйишяпти. 

 

Истеъмолчиларнинг ЭЭҲО ва НҚАТ нима учун бир томонга қараб ишлаётгани борасидаги хавотирлари ўринли: «Ўчиришда нега автоматик тарзда ўчиришади-ю, улашда қўл билан бориб улашади? Яна асаббузарлик, хонама-хона юришлар, инстанциялар бўйича қўнғироқлар бўладиган бўлса, бу қандай тизим бўлди энди?».

Бизга замонавий «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатилиб, ЭЭҲО ва НҚАТ тизимига улангандан кейин бу муаммолар бартараф этилади, деб тушунтиришган эди. Бу истеъмолчи учун айни муддао-ку – тизим етказиб берилган электр қуввати ҳисоб-китобларида абонент билан етказиб берувчи ўртасида шаффофликни таъминлайди. Бизга айтишларича, тизим тўлов интизомини яхшилашга ёрдам бериши, трансформатор кичик станциялари ва тармоқлардаги нормативдан ортиқча юкламаларни ўз вақтида аниқлаши, аварияларни бартараф этиши, бунинг натижаси ўлароқ, электр қувватининг истеъмолчиларга узлуксиз етказиб берилишини таъминлаши керак эди.

Лекин замонавий электр ҳисоблагичлар ЭЭҲО ва НҚАТга улангандан кейин бир қатор истеъмолчиларда муаммолар юзага келиши тўхтагани йўқ. «Бундан чиқди, ушбу ҳисоблагичлар у қадар «ақлли», ЭЭҲО ва НҚАТ тизими эса бизга айтишганчалик мукаммал эмас экан-да?», – саволга тутишади истеъмолчилар.

Энергетика вазирлигининг хабарига кўра, замонавий ҳисоблаш ускуналари унинг бир қисми ҳисобланган ЭЭҲО ва НҚАТ тизимига тўлиқ уланиш 2021 йилнинг апрелига режалаштирилган. Бутун мамлакатимизда «ақлли ҳисоблагичлар» ўрнатилаётган тизим абонентлар 100 фоиз қамраб олингандан кейин тўлиқ ишлаб кетади. Бугунги кунда бундай ҳисоблагичлар ҳамма жойда ўрнатилган эмас, бу эса абонент томонидан мавжуд қарз тўлангандан кейин электр энергиясини «қўлда улаш» ҳолатларига олиб келиши мумкин.

Энергетика вазирлиги ЭЭҲО ва НҚАТ тизимининг тўлиқ ишлаб кетишига кўп вақт қолгани йўқ, дея хабар беради, сабаби абонентларнинг кўпчилик қисми – 5 307 346 нафари (ёки умумий миқдорнинг 72 фоизи) электр энергиясини ҳисоблашнинг замонавий ускуналарига аллақачон ўтиб бўлган. Қолаверса, бундай ҳисоблагичларга эга бўлган истеъмолчиларнинг тахминан 2,9 млн нафари ёки 54 фоизи биллинг тизимига уланган, яъни улар ЭЭҲО ва НҚАТ тизимининг барча афзалликларидан, шу жумладан тўлов амалга оширилгандан кейин электр энергияси юборилишига автоматик тарзда уланиш имкониятига эгалар.

Вазирликнинг истеъмолчиларни ЭЭҲО ва НҚАТ тизимига тўлиқ улаш муддатлари ҳақидаги иддаолари асосланган, ҳақиқатдаги имкониятларга таянган деб умид қиламиз. ЭЭҲО ва НҚАТ тизими ҳали тўлиқ ишламагунга қадар абонентлар электр ҳисоблагичларнинг кўрсаткичларини диққат билан кузатиб боришларига тўғри келади. Қарздорлик тўлангандан кейин ҳам электр энергиясига улаб беришмаса 1154 рақами орқали «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг алоқа боғлаш марказига мурожаат қилиш керак бўлади.

 

ЭЭҲО ва НҚАТ тизимини жорий этиш Президентнинг «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (23.10.2018 йилдаги ПҚ-3981-сон) ҳамда ВМнинг «Электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (28.09.2020 йилдаги 594-сон) асосида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан амалга оширилади.

Прочитано: 138 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика