Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 46 / Божхона

Экологик сертификациянинг ўзига хос жиҳатлари

 

Самолётлар учун дезинфекциялаш воситасини импорт қиламиз, бизга айтишларича, унга экологик сертификация керак эмиш.

Экологик сертификация талаб қилинадиган товарлар рўйхати мавжудми-йўқми, шуни билмоқчи эдик. Қонунчиликка биноан у қандай ўтказилади? 

 

– Мажбурий экологик сертификатланиши зарур бўлган маҳсулотлар ва чиқиндилар номенклатураси ВМнинг «Экологик хавфли маҳсулотлар ва чиқиндиларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни ва уларни унинг ҳудудидан олиб чиқишни тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига (19.04.2000 йилдаги ­151-сон) 1-иловада тасдиқланган. Унга қуйидаги 4 та рўйхат киришини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

А рўйхат. 1989 йилдаги Базель конвенциясига мувофиқ импорт ва экспорт давлат томонидан тартибга солинадиган мажбурий экологик сертификатлаштириладиган чиқиндилар;

 

Маълумот учун. Маҳсулотнинг чиқиндилар рўйхатига кириши унинг ТИФ ТН бўйича коди билан ҳам, номи билан ҳам аниқланади (физик ва кимёвий хусусиятлари билан).

 

Б рўйхат. Трансчегаравий ҳаракатланиши 1989 йилдаги Базель конвенциясига мувофиқ давлат томонидан тартибга солинадиган мажбурий экологик сертификатланадиган чиқиндилар;

 

Маълумот учун. «Қолдиқлар» тушунчасига, ага у ёки бу материал бошқа позицияларга киритилмаган бўлса, кул, қолдиқ, дросс, съём, окалин, чанг, кукун, лой кўринишидаги чиқиндилар киради.

 

В рўйхат. БМТнинг 1988 йилдаги гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш бўйича конвенциясига мувофиқ экологик сертификатланадиган хавфли кимёвий моддалар ва прекурсорлар;

Г рўйхат. БМТнинг Атроф муҳит бўйича дастури (ЮНЕП) ва БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) томонидан халқаро савдода тақиқланган ёки қатъий чекланган потенциал заҳарли кимёвий моддалар.

Мажбурий экологик сертификацияланадиган маҳсулот ва чиқиндиларни ЎзР ҳудудига олиб кириш ва унинг ҳудудидан олиб чиқишга рухсат бериш учун Давлат экология қўмитасининг экологик сертификатлаш органлари ёки «Ўзстандарт» агентлиги томонидан аккредитациядан ўтган ҳудудий органлар берган ёхуд тан олган экологик сертификат асос бўлади.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни экологик сертификациядан ўтказиш ва экологик хавфли маҳсулотлар ҳамда чиқиндиларни унинг ҳудудига олиб кириш ва унинг ҳудудидан олиб чиқишни бошқариш тартиби ВМнинг 151-сон қарорига 2-иловада тасдиқланган. Унда экологик хавфсизликни тасдиқлаш талаб қилинадиган маҳсулот ва чиқиндиларни ЎзР ҳудудига олиб кириш, унинг ҳудуди орқали транзит олиб ўтиш ва бу ҳудуддан олиб чиқиш қоидалари белгиланган. Ушбу тартиб республика корхоналари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотларга, республика ҳудудига олиб кириладиган ва ташиладиган, мажбурий экологик сертификатланадиган маҳсулот ва чиқиндиларга нисбатан қўлланилади.

Экологик сертификация тадбиркорлик субъектининг аризасига асосан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза берилган санадан бошлаб кўпи билан 5 иш кунида амалга оширилади.

Экологик сертификат (ёки унинг нусхаси) товарни жўнатувчи ёки олувчи томонидан божхона органига тақдим этилади ҳамда товар божхона чегарасидан ўтказилишидан олдин текширилади. У экологик сертификатлаш органининг имзоси ва муҳрларининг асл нусхалари, Миллий сертификатлаш тизимининг давлат реестрида рўйхатдан ўтганлиги рақами ва санаси бўлган тақдирда ҳақиқий ҳисобланади.

Сертификатланган товарга БЮД расмийлаштирилганда етказиб берувчи унинг 44-устунида экологик сертификатни берган органнинг қисқа номини, сертификат рақами ва у берилган санани, шунингдек, агар у ўрнатилган бўлса, унинг амал қилиш муддатини кўрсатади.

Экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндилар сертификацияланиши тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлмаганда уларнинг сертификацияланиши белгиланган тартибда амалга оширилади. Синовларни ўтказиш учун жўнатувчи ёки қабул қилиб олувчи божхона органида сақланаётган товарларнинг намуналарини олишга ҳақлилар. Улар норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ синов ўтказиш учун зарур бўлган миқдорда олинади. Намуналарни олиб қўйиш белгиланган тартибда божхона органлари назорати остида амалга оширилади.

 

Маълумот учун. Тартиб талабларини бузган ҳолда ЎзР ҳудудига олиб кириладиган ва унинг ҳудудидан олиб чиқиладиган экологик хавфли маҳсулот ва чиқиндиларнинг ўтказилишига рухсат берилмайди. Бундай маҳсулот божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига биноан белгиланган қоидаларга мувофиқ сақланади.

Ушлаб турилган маҳсулот ва чиқиндиларни ўтказиш тўғрисидаги қарорни божхона органи тақдим этилган ҳужжатлар белгиланган тартибда текширилгандан кейин қабул қилади.

Прочитано: 581 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика