Корхона ходими ҳисобланмайдиган талабанинг магистратурада ўқиши учун ҳақ тўлашга тўғридан-тўғри шартнома тузди. Тўлов қиймати корхона харажатларига киритилади.
Бунда корхона ва жисмоний шахс учун қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?
– ЎзР олий ўқув юртида талабанинг ўқиши учун корхона ҳисобидан ҳақ тўлашнинг солиқ оқибатлари ушбу корхона мутахассисни ўзи учун тайёрлаётганлиги ёки келгусида корхонада унга эҳтиёж бўлиш-бўлмаслигига боғлиқдир.
Корхонада ушбу мутахассисга эҳтиёж мавжуд бўлиб, уни ўзи учун тайёрлаётган бўлса, 3 томонлама (олий ўқув юрти-корхона-жисмоний шахс ўртасида) шартнома тузилиши ва унинг шартларида жисмоний шахс ўқишни тамомлаганидан сўнг муайян давр мобайнида корхонада ишлаб бериши назарда тутилиши лозим. Мазкур ҳолатда:
● жисмоний шахснинг ўқиши учун ҳақ тўланиши унинг учун даромад ҳисобланмайди ва унга солиқ солинмайди (СК 369-м. 2-қ. 12-б.);
● умумбелгиланган солиқларни тўлайдиган корхоналар учун мазкур харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланадиган харажатлар ҳисобланади (СК 305-м. 1-5-қ.). Айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар учун солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Корхона ҳар қандай жисмоний шахсга унинг олий ўқув юртида ёки бошқа таълим муассасасида ўқиши учун қайтармаслик шарти билан тўлов тўлашга ҳақли. Корхонада жисмоний шахсни ўқитишга зарурат бўлмаганда, бундай тўлов:
● тўлов манбаи бўлган солиқ агентида солиқ солинадиган жисмоний шахснинг моддий наф тарзида олинган даромади ҳисобланади (СК 376-м. 1-қ. 1-б., 387-м. 1-қ. 2-б.).
Жисмоний шахс корхона билан ўзининг ёзма шаклдаги аризасига асосан меҳнат меҳнатга оид муносабатларда бўлмаганлиги сабабли ЖШДС ушлаб қолинмаслиги мумкин. Бунда даромад олган жисмоний шахс йил якунлари бўйича даромадлар тўғрисидаги декларацияни топшириши ва солиқни тўлаши шарт (СК 387-м. 2-қ.). Мазкур ҳолатда корхона томонидан солиқ даври тугаганидан кейин 30 кун ичида ўзларининг солиқ бўйича ҳисобда турган жойдаги солиқ органига ушбу жисмоний шахсга даромад тўланганлиги тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади (СК 389-м. 1-қ. 1-б.);
● умумбелгиланган солиқларни тўлайдиган корхоналар учун мазкур харажатлар фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар ҳисобланади (СК 317-м. 3-б.). Айланмадан олинадиган солиқни тўловчилар учун солиқ оқибатлари юзага келмайди.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.