ДСҚ мутахассиси Назокат ХОЛМАТОВА корхонани мулкий мажмуа сифатида сотишнинг солиқ оқибатлари ҳақида сўзлаб берди.
– Корхонани сотиш шартномаси бўйича сотувчи корхонани мулкий мажмуа сифатида, бошқа шахсларга беришга ҳақли бўлмаган ҳуқуқ ва мажбуриятларини истисно этган ҳолда, харидор мулкига бериш мажбуриятини ўз зиммасига олади (ФК 489–496-м.).
Корхонани сотиш шартномасида унинг таркиби ва қийматини баҳолаш белгиланади. Шартнома имзолангунга қадар қуйидагилар расмийлаштирилиши лозим:
● инвентарлаш далолатномаси;
● бухгалтерия баланси;
● аудиторлик хулосаси;
● баҳолаш тўғрисидаги ҳисобот;
● корхона таркибига киритиладиган барча қарз мажбуриятлари рўйхати, бунда кредиторлар, қарз тури, миқдори ва талаб этиладиган муддатлари кўрсатилади.
Корхонани топширишда қуйидагиларни расмийлаштиринг:
топшириш далолатномаси, унда корхона таркиби тўғрисидаги маълумотлар, кредиторлар корхона сотилаётганлигидан хабардор қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар, аниқланган мол-мулк камомади ҳақидаги маълумотлар, йўқотилганлиги туфайли топширишнинг имкони бўлмайдиган мол-мулк рўйхатини кўрсатинг (ФК 493-м.);
жамланма ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг, унда корхона сотилган нархни кўрсатинг. Ушбу ҳужжатда асосий воситалар, номоддий активлар, бошқа турдаги мол-мулк, дебиторлик қарзи суммаси, қимматли қоғозлар қиймати, баланс активларининг бошқа позицияларини мустақил позицияларга ажратиб кўрсатинг. ҚҚС солинадиган, реализация қилинадиган ҳар бир мол-мулк тури бўйича солиқ ставкасини ва солиқ суммасини кўрсатинг (СК 251-м. 6–9-қ.).
Корхонани сотишнинг солиқ оқибатларини кўриб чиқамиз.
Қўшилган қиймат солиғи
Корхонани мулкий мажмуа сифатида реализация қилишда ҚҚС бўйича солиқ базаси ҳар бир мулк объекти бўйича солиқни ўз ичига оладиган уни реализация қилиш нархи миқдорида алоҳида-алоҳида аниқланади (СК 251-м. 1-қ.).
Корхонани реализация қилиш нархи берилаётган мол-мулкнинг баланс қийматидан фарқ қиладиган бўлса, ҚҚС суммасини аниқлаш учун қуйидаги формулалар бўйича ҳисобланадиган тузатувчи коэффициент қўлланилади:
1) реализация қилиш нархи мол-мулкнинг баланс қийматидан паст бўлса,
тузатувчи коэффициент = корхонани реализация қилиш нархи / мол-мулкнинг баланс қиймати;
2) реализация қилиш нархи мол-мулкнинг баланс қийматидан юқори бўлса,
тузатувчи коэффициент = (корхонани реализация қилиш нархи – дебиторлик қарзи – қимматли қоғозлар қиймати) / (мол-мулкнинг баланс қиймати – дебиторлик қарзи – қимматли қоғозлар қиймати).
Тузатувчи коэффициентни ҳисоблашда қимматли қоғозлар қиймати бозор қиймати бўйича қайта баҳоланган тақдирдагина чегирилади (СК 251-м. 3-қ.).
Ҳар бир мол-мулк турини реализация қилиш нархи = баланс қиймати х тузатувчи коэффициент (СК 251-м. 4-қ.).
Корхонани реализация қилиш нархи берилаётган мол-мулк қийматидан ортиқ бўлса, илгари қайта баҳоланган қимматли қоғозларнинг қийматига ҳамда дебиторлик қарзига тузатувчи коэффициент қўлланилмайди.
МИСОЛ. Корхонани мулкий мажмуа сифатида берилаётган мол-мулкнинг баланс қийматидан юқори нархда сотиш
Корхона 3 450 млн сўм нархида сотилди, ушбу суммага ҚҚС киритилган.
Берилаётган мол-мулкнинг баланс қиймати 3 100 млн сўмни ташкил этади, шу жумладан:
● асосий воситалар – 2 550 млн сўм;
● қимматли қоғозлар – 100 млн сўм (бозор қиймати бўйича қайта баҳоланган);
● материаллар – 50 млн сўм;
● тайёр маҳсулот – 150 млн сўм;
● дебиторлик қарзи – 250 млн сўм.
Тузатувчи коэффициент:
(3 450 – 250 – 100) / (3 100 – 250 – 100) = 1,12727273.
Мол-мулк турлари кесимида ҚҚСни ҳамда ҚҚСсиз реализация қилиш нархини ҳисоблаймиз:
(млн сўм)
Мол-мулк тури
|
Баланс қиймати
|
Реализация қилиш нархи ҚҚСсиз (тузатувчи коэффициентни ҳисобга олган ҳолда)
|
ҚҚС суммаси
|
Реализация қилиш нархи ҚҚСсиз
|
1
|
2
|
3 = 2 х тузатувчи коэффициент
|
4 = 3 / 115 х 15
|
5 = 3 – 4
|
Асосий воситалар
|
2 550
|
2 874,55
|
374,94
|
2 499,61
|
Қимматли қоғозлар (қайта баҳоланган бозор қиймати бўйича)
|
100
|
100 (тузатувчи коэффициент қўлланилмайди) |
ҚҚСсиз (СК 244-м. 1-қ. 3-б.) |
100
|
Материаллар
|
50
|
56,36
|
7,35
|
49,01
|
Тайёр маҳсулот
|
150
|
169,09
|
22,06
|
147,03
|
Дебиторлик қарзи
|
250
|
250 (тузатувчи коэффициент қўлланилмайди) |
32,61
|
217,39
|
ЖАМИ
|
3 100
|
3 450
|
436,96
|
3 013,04
|
Фойда солиғи
Корхонани мулкий мажмуа сифатида сотиш нархи ва унинг соф активлари (мажбуриятларни чегирган ҳолда активлар) қиймати ўртасидаги фарқ сотувчининг даромади ёки харажати деб эътироф этилади. Бундай фарқ топшириш далолатномасига асосан аниқланади.
Корхонани мулкий мажмуа сифатида сотишдан олинган даромад ялпи даромад таркибига киритилади (СК 297-м. 3-қ. 23-б.).
Корхонани мулкий мажмуа сифатида реализация қилишдан кўрилган зарар реализация қилинганига (чиқиб кетганига) ўхшаш бўлган активларни реализация қилишдан (чиқиб кетишидан) олинган даромад ҳисобига компенсация қилинади (СК 323-м. 4-қ., 336-м. 1-қ.). Бунинг учун Фойда солиғи ҳисоб-китобига 8-«Алоҳида турдаги операциялар бўйича зарарларни кўчиришнинг ўзига хос хусусиятлари» иловаси (3-илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.) назарда тутилган.
Келтирилган мисолда зарар юзага келган: (3 450 – 436,96) – 3 100 = 3 013,04 – 3 100 = – 86,96 млн сўм. У чегириладиган харажатларга киритилмайди, балки ўхшаш активларни реализация қилишдан (чиқиб кетишидан) олинган даромадлар ҳисобига компенсация қилиниши мумкин.
Корхонани реализация қилишдан кўрилган зарарни, улар олинган солиқ давридан кейинги 10 йилга кўчириш мумкин (СК 336-м. 6-қ.).
Айланмадан олинадиган солиқ
Корхонани мулкий мажмуа сифатида сотишдан олинган даромад жами даромад таркибига киритилади (СК 297-м. 3-қ. 23-б., 463, 464-м.).
Айланмадан олинадиган солиқни ҳисоблашда корхонани мулкий мажмуа сифатида реализация қилишдан кўрилган зарар ҳисобга олинмайди.