Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 41 / Қарор ва ижро

Тенг мавқега эга «рақиб»

 

Жорий йил 30 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг солиқ маслаҳати соҳасини янада ривожлантиришга доир ПҚ-4846-сон қарори қабул қилинди. Қарор билан солиқ маслаҳатчилари фаолияти, уларнинг ҳуқуқ ва ваколатлари масаласида кўпгина ўзгаришлар кўзда тутилди.

 

 

Жумладан, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат органларида солиқ маслаҳатчиларига солиққа тортиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда, солиқ органларининг ҳужжатлари, мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги юзасидан шикоят қилишда компьютер технологиялари ва алоқа воситалари, аудио ва видео ёзувлар воситаларидан фойдаланишга рухсат берилди.

Табиийки, савол туғилади: солиқ маслаҳатчисида судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда солиққа тортиш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқишда бундай ҳуқуқ йўқмиди?

Солиқ маслаҳатчиларига мазкур ҳуқуқ бундан 14 йил аввал 29.06.2006 йилдаги «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Ўзбекситон Республикасининг ЎРҚ-55-сон Қонуни билан берилган эди. Аммо, шу кунга қадар бу ваколат фақатгина ушбу Қонундагина кўзда тутилган бўлиб, бошқа қонуности меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш киритилмасдан қолиб кетган эди. Яъни, солиққа оид жиноий ишлар бўлса ҳам Жиноят процессуал кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилмаганлиги сабабли солиқ маслаҳатчилари тергов органларида ёки жиноий судларда солиқ тўловчини бевосита ҳимоя қила олмас эди. Ваҳоланки, «Солиқ маслаҳати тўғрисида»ги Қонунга кўра судда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларда солиқ солиш масалалари бўйича мижоз (ишонч билдирувчи) номидан ва унинг топшириғига биноан вакиллик қилиш солиқ маслаҳати хизмати ҳисобланиши белгилангандир.

ПҚ-4846-сон қарор билан мазкур ҳуқуқларга қўшимча ваколатларни белгилаш билан чекланиб қолмасдан, мазкур қарордан келиб чиқадиган алоҳида қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш масаласи топширилган. Умид қиламизки, ушбу қарордан кейин жиноий, маъмурий, иқтисодий кодекслар ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга ҳам тегишли ўзгартиришлар киритилиши эътибордан четда қолиб кетмайди.

Қарорда яна бир қатор бошқа янгиликлар мавжуд, жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасига Солиқ маслаҳатчилари палатасига Тошкент Молия институтида Солиқ маслаҳати фани киритилишини таъминлаш вазифалари топширилди.

Давлат солиқ қўмитаси ўз веб-сайтида солиқ тўловчилар ихтиёрий тугатилганда солиқлар бўйича хулоса беришга ҳақли бўлган солиқ маслаҳатчилари ташкилотининг доимий равишда янгилаб туриладиган рўйхатини юритади. Солиқ идоралари таваккалчилик дастури орқали аниқланган 3 йилда йиллик айланмаси 1 млрд сўмгача бўлган солиқ тўловчилар тугатилганда солиқ маслаҳатчилари хулосаларини тан олиши белгиланди.

Бу эса, ўз навбатида, биринчидан, фаолиятини тугатмоқчи бўлган солиқ тўловчилар учун бир мунча қулай шароитларни келтириб чиқарса, иккинчидан, солиқ маслаҳати институтининг солиқ органлари оғирини енгил қилишига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

Ҳар қандай ҳолда ҳам бу қарорнинг қабул қилиниши билан белгиланган топшириқлар тўлиқ бажарилишига ва солиқ маслаҳатчилари институти тадбиркорларни солиқ масалаларида ҳимоя қилишда давлат органлари мутахассислари билан очиқ баҳс юрита оладиган тенг мавқедаги «рақиб» бўла олишига ишонч билдириб қоламиз.

 

Мурод МУҲАММАДЖОНОВ, 

 солиқ маслаҳатчиси.

Прочитано: 642 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика