ёки пойтахтда 3 мингдан зиёд лифт 25 йиллик эксплуатация муддатини ўтаб бўлган
Қурилганига кўп йиллар бўлган айрим кўп қаватли уйлардаги лифтлар аллақачон таъмирталаб бўлиб қолгани туфайли ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Ҳатто айримлар бу муаммога оддий ҳолат сифатида қарай бошлаган.
Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 12 июндаги «2021-2027 йилларда республикадаги кўп квартирали уйларнинг лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (12.06.2020 йилдаги 376-сон) бу йўналишда кўпдан кутилган муҳим ҳужжат бўлди. Мазкур ҳужжатда республикадаги мавжуд лифтларни таъмирлаш ва янгилашга давлат бюджетидан маблағ ажратилиши белгиланган.
Маълумки, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида барпо этилган етти, тўққиз ва ундан юқори қаватли уйларнинг аксарияти ўтган асрнинг 70-90 йилларида барпо этилган. Уларга ўрнатилган лифт ускуналари эса, йиллар давомида яроқлилик муддатини ўтаб бўлган. Бунинг устига, лифтлар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи корхонанинг ўзи йўқ. Кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналари ҳам мулкдорларнинг умумий мулки ҳисобланиб, уларга ихтисослашган давлат ёки хусусий ташкилотлар томонидан шартнома асосида хизматлар кўрсатилмоқда.
Бироқ ҳозирги кунда лифт ускуналари бўйича мутахассислар етишмаслиги сабабли, шартнома тузган уй-жой мулкдорлари ёхуд ширкатларига ўз вақтида сифатли хизмат кўрсатилмаяпти. Натижада юқори қаватда истиқомат қилувчилар устани ўзлари топишига тўғри келади. Бироқ таъмирланган лифт орадан кўп ўтмай яна бузилади. Хавфсизлик талабларига риоя қилинмагани туфайли гоҳида бахтсиз ҳолатлар ҳам содир бўлиб турибди.
Айни пайтда мамлакатимиз бўйича 2 минг 483 та кўп қаватли уйда 5 922 та лифт ускунаси мавжуд бўлиб, уларнинг 85 фоизи Тошкент шаҳрида ўрнатилган. Бундан уч йил аввал пойтахтимиздаги 1 000 та лифт ускунасини янгисига алмаштириш режаси тасдиқланган эди. Ҳозирга қадар 971 тасида шундай ишлар амалга оширилди. Шунга қарамай, 2019 йил ҳисобидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг мурожаатлар билан ишлаш бўлимига лифт ускуналарини янгисига алмаштириш, уларни мукаммал таъмирлашга муҳтожлик бўйича 300дан ортиқ мурожаат келиб тушган.
– Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги кўп квартирали уйлардаги 3 162 та лифт ускунаси белгиланган 25йиллик эксплуатация муддатини ўтаб бўлган, – дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Лазиз Ҳамидов. – Қолган ҳудудлардаги 392 та лифт ускунасини капитал таъмирлаш ёки янгилаш талаб этилади. Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2021-2027 йилларда кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилаш дастури тасдиқланди. Ана шу вақт мобайнида 2 102 та кўп квартирали уйда 84та лифтни таъмирлаш, 3 478 тасини янгисига алмаштириш мўлжалланган. Шу боис, мамлакатимиздаги барча лифт ускуналари инвентаризациядан ўтказилди. Ҳар бир кўтаргич қурилманинг паспорти ва манзилли дастури шакллантирилди. Унда лифт қайси корхонада, қачон ишлаб чиқарилган, қанча вақт ундан фойдаланилган, қанча давр хизмат кўрсатилган, нималарни алмаштириш керак, капитал таъмирга муҳтож ёки муҳтож эмаслиги каби маълумотлар жамланди.
Пойтахтда бу жараён 2027 йилгача давом этса, вилоятларда 2024 йилда ниҳоясига етказилади. Шунингдек, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан Лифтлар хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентга риоя қилиш устидан назорат амалга оширилади. Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси уларнинг халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган ва давлат экспертизасидан ўтказилган ҳолда ўрнатилишини назорат қилади, янги лифтларни давлат рўйхатига киритади.
Дастурнинг ўз вақтида бажарилишини мониторинг қилиш, кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналарига хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштиришнинг замонавий услубларини жорий қилиш фуқароларнинг қулай ва хавфсиз яшашига шароит яратади. Шунингдек, фавқулодда вазиятлар олди олинишини ва сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлайди. Эътиборлиси, лифт ускуналарининг техник ва авария ҳолатларини реал вақт режимида қайд этувчи замонавий рақамли электрон дастурни ишлаб чиқиш ва уни татбиқ этиш ҳам режалаштирилган.
Мақсад аниқ. Бироқ ижро механизми қандай ишлайди, деган савол туғилади. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида «Кўп хонадонли уйлар, иссиқлик таъминоти ва объектларни қуриш бўйича инжиниринг компанияси» ДУК ва унинг ҳудудлардаги бўлимлари фаолияти йўлга қўйилган. Давлат ва маҳаллий бюджетдан ажратилган маблағлар айнан шу компания буюртмачилиги асосида дастурни амалга оширади. Коммунал соҳанинг бошқа хизматлари қатори лифтларни таъмирлаш ва янгисига алмаштириш бўйича ҳам лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш ҳамда лифтларни таъмирлаш ёхуд ўрнатиш бўйича тендер ва танловлар ўтказилади. Унда ғолиб чиққан корхона лифт ускуналарини ўрнатиш ва таъмирлаш ишларини бажаради.
Шундай тизимнинг мавжудлиги маъқул. Лекин кундалик хизмат кўрсатиш жараёнлари билан бевосита ким шуғулланади? Айнан мана шундай тузилманинг яхши ишламаслиги туфайли йиллар давомида муаммолар ҳал этилмай тўпланиб келяпти, улар устига янгилари қўшиляпти?
– Бу масалани ҳам тизимли ҳал этиш чоралари кўриляпти, – дейди Лазиз Ҳамидов. – Вазирлигимиз ҳузурида ташкил этилган «Таъмирлаш-тиклаш» давлат унитар корхонаси негизида «Тез коммунал хизмат» сервислари фаолияти йўлга қўйилди. У худди тиббий тез ёрдам хизматига ўхшаш тарзда ишлайди. Ҳозир бу борада вилоятларда туну кун фаолият кўрсатадиган диспетчерлик хизматлари 1184 қисқа рақами орқали фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, Тошкент шаҳрида ҳам 1055қисқа рақами ёхуд Тошкент шаҳар ҳокимлиги қошидаги «Тошкент лифт хизмати» давлат унитар корхонасининг 90-977-79-87 ёки 71-245-15-76 телефон рақамларига хонадон эгалари лифт ускуналари билан боғлиқ ҳар қандай масалада мурожаат қилиши мумкин. Айтиш жоиз, бу хизмат буюртма асосида пуллик бўлади ёки уй-жой ширкатлари билан шартнома тузиш асосида бажарилади. Қолаверса, лифт ускуналарининг техник ва авария ҳолатларини реал вақт режимида қайд этувчи замонавий рақамли электрон дастурнинг ишлаб чиқилиши хизмат сифатини тубдан оширади.
Ўрта махсус таълим бўғинида лифтларга хизмат кўрсатувчи техник мутахассисларни ўқитиш ва уларга касбий билим олиши учун шароит яратиш орқали келажакда ушбу йўналишда кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлдиришга эришилади.
2021–2027 йилларда кўп квартирали уйлардаги лифт ускуналарини таъмирлаш ва янгилаш дастуридан ўрин олган вазифаларни тўлиқ бажаришга етти йил вақт кетади. Ўз навбатида, бу вақт мобайнида ҳам юқори қаватли уйлардаги лифтларга хизмат кўрсатиш эҳтиёт қисмларни талаб қилади. Бу масала қандай ҳал этилади? Умуман олганда, эски ва янги қурилаётган уй-жойларга ўрнатиладиган лифтларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхоналарнинг имкониятлари қандай ёки бу қурилмалар ҳам импорт қилинадими?
– Биз 2017 йили Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида лифт, эскалатор ишлаб чиқарувчи корхонани ишга туширдик, – дейди «Modern lift systems» МЧЖ таъсисчиси Комрон Уйғунов. – Талаб ва таклифга қараб янги кўп қаватли уйларнинг қурилиши туфайли лифт қурилмаларига ҳам эҳтиёж ортиб боряпти. Буюртмалар ҳам ошган. Қулай, шовқинсиз ва тезкор хизмат қилувчи электрон лифтлар тайёрлашни йил сайин такомиллаштириб боришимизга тўғри келяпти. Ўтган йили 1 300 дан ортиқ лифт етказиб бердик. Буюртмаларга талабни ҳисобга олиб, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманида ҳам шундай ускуналар йиғувчи цехни очдик. Ҳозир қуюв-механика заводини барпо этиш лойиҳаси устида иш олиб боряпмиз. Бу ерда тайёрланадиган лифтларнинг 90 фоизи маҳаллийлаштирилади ва хизмат кўрсатишда зарур бўладиган қарийб барча эҳтиёт қисмлар ҳам ишлаб чиқарилади.
Бугунги кунда мутахассислар томонидан Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларидаги қўшма корхоналарда тайёрланаётган замонавий лифтларнинг техник параметрлари, сифат ва дизайн кўрсаткичлари ўрганилмоқда. Улар таклиф этаётган маҳсулотлар замон талабига жавоб беради ва зарур бўлса, такомиллаштириб борилади. Эътиборли жиҳати, жами 3 554 та лифт таъмирланиши ва янгиланиши керак. Ушбу мақсадларга эса 665 млрд сўмдан ортиқ маблағ талаб этилади. Битта лифтни капитал таъмирлаш учун ўртача 50 млн сўм сарфланса, янгисига алмаштириш 190 млн сўмдан 220млн сўмгача туради. Бу жараёнда барча харажатлар давлат ҳисобидан амалга оширилади.
Аҳолини қизиқтираётган масалалардан бири жорий йилда ҳам янги лифтлар ўрнатиш режалаштирилганидир. Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги маълум қилишича, бу йил Тошкент шаҳрида кўп қаватли уйларда 156 та янги лифт фойдаланишга топширилади.
Шунинг учун кўп қаватли уйда яшайдиган аҳоли давлатимиз ёрдами кўламини тўғри баҳолаши, замонавий қимматбаҳо ускуналарни асраб-авайлаши, яхши сақланишига эришиши керак. Яъни уларга худди ўзининг шахсий мулкига қарагандай муносабат маданияти шакллантирилса, лифтларнинг хизмат умри узаяди.