«Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги янги Қонун билан Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш қисмига қандай ўзгартиришлар киритилган?
– 2020 йил сентябрь ойида «Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги тўғрисида»ги Қонун (13.03.2020 йилдаги ЎРҚ-610-сон) кучга киради. Ҳужжатда белгиланишича, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- умумий тартибда;
- соддалаштирилган тартибда;
- алоҳида тартибда (Қонуннинг 18-моддаси).
Фуқароликни қабул қилишнинг умумий тартиби чет давлат фуқаросига ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар у (Қонуннинг 19-моддаси):
а) чет давлат фуқаролигидан чиқишни расмийлаштирган бўлса;
б) фуқаролиги бўлмаган шахсга яшаш гувоҳномаси олинган кундан эътиборан ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги илтимоснома билан мурожаат қилган кунга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида узлуксиз 5 йил давомида доимий яшаб келаётган бўлса;
в) тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;
г) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;
д) давлат тилини мулоқот қилиш учун зарур даражада билса. Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
«б» бандда назарда тутилган шарт Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан никоҳда бўлган ва никоҳ тузилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси ҳудудида турмуш ўртоғи билан биргаликда узлуксиз 3 йил давомида яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан татбиқ этилмайди.
Бунда, агар фуқаролиги бўлмаган шахс 1 йил ичида Ўзбекистон Республикасидан ташқарига жами 183 кундан ортиқ бўлмаган муддатга чиққан бўлса, Ўзбекистон ҳудудида яшалган муддат узлуксиз деб ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишнинг соддалаштирилган тартиби чет давлат фуқароси бўлган ёки фуқаролиги бўлмаган шахс ҳисобланган ватандошга нисбатан қуйидаги ҳолларда амалга оширилади, агар у (Қонуннинг 20-моддаси):
а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшайдиган ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган лоақал битта ўзидан олдинги қариндошга эга бўлса;
б) тирикчиликнинг қонуний манбаига эга бўлса;
в) Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига риоя этиш мажбуриятини ўз зиммасига олса;
г) давлат тилини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулоқот қилиш учун зарур даражада билса.
«а» бандда назарда тутилган шарт илм-фан ва илмий фаолият, техника, маданият ҳамда спорт соҳасида катта ютуқларга эга бўлган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси учун манфаатли касбга ёхуд малакага эга бўлган ватандошга ва (ёки) унинг оила аъзоларига нисбатан ҳисобга олинмаслиги мумкин.
Фуқаролик масалалари комиссияси материалларни кўриб чиқади ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини юқорида айтиб ўтилган шахсларга бериш мақсадга мувофиқлилиги тўғрисида Президентга таклифлар киритади.
Қабул қилинган қарор асосида шахсга, агар у фуқароси бўлган давлат фуқаролигидан чиқадиган бўлса, Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини бериш тўғрисида кафолат хати берилади.
Кафолат хатининг амал қилиш муддати – 1 йил. Комиссиянинг қарорига биноан кафолат хатининг амал қилиш муддати яна 1 йилга узайтирилиши мумкин. Кафолат хати ички ишлар органи ёки консуллик муассасаси томонидан ариза берувчига ёки унинг қонуний вакилига топширилади ёхуд почта орқали юборилади.
Фуқароликка қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Перзидентининг Фармонига мувофиқ ариза берувчи чет давлат фуқаролигидан чиққанлиги ҳақида ҳужжат тақдим этганидан кейин амалга оширилади.
Президент миллий манфаатлардан келиб чиқиб, чет давлатларнинг фуқаролигига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга ушбу Қонуннинг 19 ва 20-моддалари талаблари қўлланилмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериши мумкин (Қонуннинг 21-моддаси).