Марказий банк Бошқаруви томонидан Аҳолига ипотека кредитлари ажратилишининг ҳадли шартлари тўғрисидаги низом тасдиқланди (АВ рақами 3269, 30.06.2020 й.).
Низом «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида» ва «Ипотека тўғрисида»ги қонунлар, Президентнинг 13.05.2019 йилдаги «Ипотека кредити бозорини ривожлантириш ва кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5715-сон Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Аҳолига ипотека кредити тижорат банклари томонидан тўловлилик, қайтаришлик, таъминланганлик ва муддатлилик шартларида қуйидаги мақсадларга берилади:
- қурилишнинг белгиланган нормалари ва қоидаларига риоя қилиб якка тартибда уй-жой қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;
- янги қурилган ёки иккиламчи бозордан якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани сотиб олиш ёки ўзиникига алмаштириш;
- бошқа банклар томонидан ажратилган ипотека кредитларини мижозларга қулай шартларда қайта молиялаштириш.
- Ипотека кредити:
- қурилаётган уй-жойни у жойлашган ер участкаси билан бирга;
- ипотека кредити ҳисобига сотиб олинадиган ва белгиланган тартибда қарз олувчи мулкига ўтадиган якка тартибдаги уй-жойни ёки кўп квартирали уйдаги квартирани;
- қарз олувчининг мулки бўлган ва ипотека кредити ҳисобига реконструкция қилинаётган якка тартибдаги уй-жойни гаровга қўйган ҳолда амалга оширилади.
Муомаладан олиб қўйилган ва бегоналаширилиши мумкин бўлмаган қўчмас мулк ипотека предмети бўлиши мумкин эмас.
Ипотека кредитининг муддати, ҳажми, фоиз ставкаси ва бошқа шартлари банкнинг ички кредит сиёсатига мувофиқ банк ва унинг мижози ўртасидаги келишувга асосан белгиланади.
Ипотека кредити ажратилишида қуйидагиларга риоя этилиши зарур:
- ипотека кредити тўловида муаммо юзага келганида мавжуд қарздорликни ундириб олиш учун ҳуқуқий жиҳатдан таъминотга банкнинг талаб ҳуқуқи мавжуд бўлиши;
- ипотека кредитининг фоизларини ва асосий қарзларини сўндириш учун қарздор тўловга лаёқатли бўлиши;
- таъминотга қабул қилинган кўчмас мулк гарови бозор нархларидан келиб чиқиб баҳоланган бўлиши;
- кредитни олишга ва мониторинг қилишга керак бўладиган барча маълумотлар банкнинг кредит сиёсатига мувофиқ ҳужжатлаштирилган бўлиши зарур.
Ипотека кредитини ажратишнинг барча босқичлари узоқ жараённи ташкил этишини ҳисобга олган ҳолда, банкнинг ички кредит сиёсатида кўрсатиб ўтилиши, шу жумладан унда ипотека кредитларини олиш имкониятига эга бўлган потенциал қарз олувчиларга мувофиқлик мезонлари ишлаб чиқилиши зарур.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.06.2020 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.