Импорт қилаётганда божхона қийматини белгилаш учун коронавирус пандемияси муносабати билан эркин савдо зонаси тўғрисидаги битимлар ва энг кўп қулайлик бериш режими асосида имтиёзларни бериш тартиби ўзгарганми-йўқми, билмоқчи эдик?
– ЎзР Божхона кодексига мувофиқ тариф преференциялари:
● божхона божларини тўлашдан озод этиш;
● божхона божлари ставкаларини камайтириш;
● муайян давлатларда ишлаб чиқарилган товарларни божхона ҳудудига преференциал олиб кириш;
● ушбу ҳудуддан преференциал олиб чиқишда квоталар белгилаш тарзида берилади (БК 300-м.).
Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ қуйидаги товарларга нисбатан божхона божлари қўлланилмайди:
● ЎзР билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки республика эркин савдо режимини белгилаган давлатларда ишлаб чиқарилган ва ушбу давлатлардан божхона ҳудудига олиб кириладиган товарларга;
● ЎзРда ишлаб чиқарилган ва унинг божхона ҳудудидан Ўзбекистон билан эркин савдо зонасини ташкил этувчи ёки ЎзР эркин савдо режимини белгилаган давлатларга олиб чиқилган товарларга.
Бож тарифи билан белгиланган ставкалар миқдоридаги божхона божлари ЎзР савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режимини қўллаётган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарларга нисбатан, товарни жўнатувчи ва экспорт қилувчи мамлакатдан қатъи назар қўлланилади.
Савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режими назарда тутилмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган ёхуд ишлаб чиқарилган мамлакати аниқланмаган товарларга нисбатан божхона божларининг ставкалари икки баравар оширилади.
Эркин савдо режими
Ўзбекистон Республикаси билан МДҲ мамлакатлари ўртасида 2011 йил 18 октябрдаги Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги Шартномани унинг Томонлари ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида қўллаш ҳақидаги Баённома (Минск, 2013 йил 31 май) имзоланган.
Баённома Ўзбекистонни МДҲ доирасида ҳамкорликка янада фаол жалб этиш, шунингдек Божхона иттифоқига аъзо иштирокчи давлатларнинг савдо режимларини Ўзбекистон билан бирхиллаштириш учун ишлаб чиқилган. Баённоманинг қоидаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Беларусь Республикаси, Россия Федерацияси, Қозоғистон Республикаси ўртасидаги савдоларда эркин савдо режимидан импорт ундирувларни қўллаш назарда тутилмаган. Яъни ўзаро етказиб беришларда барча турдаги товарларга нисбатан импорт божхона божлари ундирилмайди.
Баённомада 2020 йилнинг 31 декабрига қадар бўлган даврда ёки Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлгунича (бу саналарнинг қайси бири аввал келишига кўра) Ўзбекистон ва шартнома тарафлари Тарифлар ва савдо бўйича бош келишувнинг (30.10.1947 йил, ТСББ 1947) III моддасига биноан ўзаро савдода миллий режимни тақдим этиш бўйича мажбуриятлардан озод этилганлиги назарда тутилади. Низоли масалаларни икки томонлама музокаралар йўли билан ҳал этиш қоидаси ҳам сақлаб қолинган.
Товарлар келиб чиққан мамлакатни аниқлашда шартнома тарафлари ва Ўзбекистон ўртасида Товарлар келиб чиққан мамлакатни белгилаш тўғрисидаги қоидалар (МДҲ ҳукуматларининг 24.09.1993 йилдаги қарори билан тасдиқланган) қўлланилади. Бунда агар тарафлар рози бўлса, келиб чиқиш қоидаларига доир бошқа шартномалар қўлланилиши ҳам мумкин.
Баённомага 1-иловада товарларнинг импорти ва экспортига нисбатан қўлланиладиган божхона божлари белгиланган. Баённома доирасида Ўзбекистон Республикаси Баённомани имзолаган тарафлар божхона ҳудудидан чиққан товарлар импортида божхона божларини қўлламайди.
Шу билан бирга Ўзбекистон Баённома тарафларининг божхона ҳудудлари учун мўлжалланган товарлар экспорт қилинган тақдирда ҳам божхона божларини қўлламайди.
Энг кўп қулайлик бериш режими
Энг қулай савдо-сотиқ тартибини яратган ҳолда савдо-иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар имзоланган мамлакатлар рўйхатига (АВ томонидан 8.04.1998 йилда 426-сон билан рўйхатдан ўтказилган) Австрия, Бангладеш, Бельгия, Болгария, Бразилия, Буюк Британия, Венгрия, Вьетнам, Германия, Греция, Дания, Миср, Исроил, Ҳиндистон, Индонезия, Ирландия, Испания, Италия, Иордания, Кипр, Корея, Хитой, Латвия, Литва, Мальта, Люксембург, Нидерландия, Португалия, Покистон, Польша, Словения, Руминия, Словакия, Сингапур, АҚШ, Туркия, Финляндия, Франция, Чехия, Швейцария, Швеция, Эстония, Япония, Саудия Арабистони, Малайзия кирган.
Бунда Сингапур Республикасида ишлаб чиқарилган товарлар бўйича тариф преференциялари фақат алоҳида товарларга нисбатан тақдим этилади. Уларнинг Рўйхати – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Сингапур Республикаси Ҳукумати ўртасидаги иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликнинг асосий йўналишлари тўғрисидаги Битимнинг фақат А-иловасида кўрсатилган товарларга нисбатан алоҳида халқаро шартнома билан тасдиқланган (Сингапур, 25.01.2007 йил).
Диққат! Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Эрон Ислом Республикаси Ҳукумати ўртасида ўзаро савдо имтиёзлари тўғрисида 2003 йил 17 июндаги Аҳдлашув Меморандумига Ижро баённомаси (Тошкент, 4.01.2005 йил) 2020 йил 16 мартда ўз кучини йўқотди.