Директор корпоратив картадан пул тўлаб бензин сотиб олади, бироқ биронта ҳам автомобиль корхонамиз балансида турмайди. Ушбу сумма кейинчалик унинг иш ҳақидан ушлаб қолинмайди. Мазкур харид қандай солиқ оқибатларига олиб келиши мумкин?
– Директор корпоратив картадан тўлов ўтказган ҳолда шахсий автомобилига сотиб олган бензин қиймати унинг учун моддий наф тарзидаги даромад ҳисобланади. Корхона солиқ агенти сифатида ушбу даромадга ЖШДС солиши лозим (СК 376-м. 1-қ. 1-б., 387-м. 1-қ. 2-б.).
Ходимнинг моддий наф тарзидаги даромадларидан ШЖБПҲга ажратмалар олинади («Фуқароларнинг жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси). Бироқ Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобида (4-илова, АВ томонидан 24.02.2020 йилда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган) фақат меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлардан ШЖБПҲга ажратмалар олиниши назарда тутилган.
Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ижтимоий солиқ солинадиган объект ҳисобланади (СК 403-м.). Моддий наф тарзидаги даромадлар улар жумласига киритилмайди ва ижтимоий солиқ солинмайди.
Корхонанинг моддий наф тарзидаги даромадлари ҳисобланган харажатлари фойда солиғи бўйича солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайди (СК 317-м. 3-б.).