Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 34 / Меҳнат муносабатлари

Ягона миллий меҳнат тизими нима учун керак?

 

Маълумки, баъзи ташкилотларда кадрлар бўйича иш юритиш асосан қоғоз шаклида амалга оширилмоқда. Бу эса ходим, айниқса пенсия таъминоти ҳуқуқларини расмийлаштиришда меҳнат стажи аниқ ҳисобланишини мураккаблаштиради, шунингдек, аҳоли бандлиги ҳақидаги маълумотларнинг нотўғри кўрсатилишига шароит яратади ва маъмурий бошқарув харажатларини кўпайтиради.

 

Шу жиҳатдан ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш, уларнинг меҳнат стажини ҳисоблаш механизмини такомиллаштириш, ижтимоий-меҳнат соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш мақсадида фуқароларнинг меҳнат фаолиятини ҳисобга олишни босқичма-босқич электронлаштириш жараёни йўлга қўйилди.

Республика Президентининг 2019 йил 31 октябрдаги «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борада муҳим ҳужжат бўлди. Қарор ижросини таъминаш учун 2020 йил 1 январдан «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплекси жорий қилинди.

Ушбу қарорга асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, уларни тугатиш ҳолатлари ушбу тизимда рўйхатдан ўтказилиб келинмоқда. Бунда, 2020 йил 1 январга қадар тузилган амалдаги меҳнат шартномалари 2020 йил 1 сентябрдан кечиктирмасдан «ЯММТ» ИДАКда рўйхатдан ўтказилиши таъминланмоқда.

Миллий меҳнат тизимида автоматик тарзда шаклланиб келаётган электрон меҳнат дафтари 2020 йил 1 январдан бошланган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади. Тизимнинг асосий мақсадларидан бири бу – барча жисмоний шахсларнинг 2020 йилдан кейинги бўлган меҳнат фаолиятини тасдиқлаш ва пенсияни ҳисоблашда фақатгина фуқаролик паспорти асосида амалга оширилишини йўлга қўйишдан иборат.

Ходимнинг 2020 йил 1 январга қадар бўлган меҳнат стажи эса коғоз меҳнат дафтарига мувофиқ, аввалги ўрнатилган тартибда белгиланади. Ҳозирги кунда белгиланган давлат идоралари ва ташкилотларининг маълумотлар базасига интеграциялашган ҳолда Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ тўловчи жисмоний шахснинг шахсий рақами, жисмоний шахсга иш берувчи – ташкилот СТИР рақами, юридик шахсларнинг марказий маълумотлар базаси томонидан юридик шахс (ташкилот) нинг СТИРи, номланиши, бошлиғининг фамилияси, исми ва бошқалар, жисмоний шахсларнинг марказий маълумотлар базасидан жисмоний шахс (ходим) ҳақида маълумотлар киритилмоқда.

Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маълумотлар базаси томонидан олий маълумот тўғрисидаги дипломлар, илмий даража тўғрисидаги ҳужжатлар ҳақида гувоҳномалар маълумотлари, «Халқ банки» АТБ томонидан фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига бадаллар тўланган ташкилот СТИРи, ҳисобварағи рақами ва бошқалар олиниб, тизимга қўйилган вазифалар бажарилиб келинмоқда.

Тизим нима беради? Энг аввало, ходимнинг шахсий саҳифасига яратилган маълумотлари (меҳнат фаолияти ҳақидаги ва шахсий маълумотлар) келгусида хужжатларни тўплаш, тўлдиришнинг олдини олади ва келажакдаги иш берувчининг ишини сезиларли даражада осонлаштиради. Чунки ҳодимнинг шахсий маълумотлари тизимнинг маълумотлар базасига киритилганлиги сабабли ҳодимнинг шахсий маълумотларини қайта яратиш, яъни иш жойидан маълумотнома, ходим ҳақидаги маълумотнома (объективка) каби ҳужжатларни йиғишга зарурат қолмайди.

Шу билан бирга, ходим ўзининг шахсий саҳифасига кирган ҳолда иш берувчи томонидан киритилган меҳнат фаолиятига тегишли маълумотларни кузатиб бориши, меҳнат дафтарчасидан кўчирма, иш жойидан маълумотнома ва C/V-маълумотномани (объективка) мустақил равишда юклаб олиши мумкин. Жисмоний шахсларнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда шакллантириш ва юритиш, пенсия таъминоти ҳуқуқларини расмийлаштиришда келиб чиқадиган муаммоларнинг (меҳнат стажи нотўғри ҳисобланиши, меҳнат дафтарчаси яроқсиз ҳолга келиб қолиши ва ундан аниқ маълумотларни олиб бўлмаслиги, баъзи бир ҳолларда меҳнат дафтарчасининг қалбакилиги аниқланиши, фуқаро ўз меҳнат дафтарчасини йўқотиб қўйиши) олдини олади.

Тизимда барча ташкилотларда мавжуд иш ўринлари, ишловчи ходимларнинг меҳнат шартномалари рўйхатдан ўтказилаётгани боис меҳнат бозори кўрсаткичлари ҳолати ва динамикаси тўғрисидаги маълумотларни шакллантириш ва мониторинг қилиш имконияти туғилади. Ушбу имконият меҳнат бозоридаги ишчи кучи сонини, таркибини ўрганиб чиққан ҳолда керакли янги иш ўринлар сонини кўпайтириш, етук мутахассис кадрларга эҳтиёж бўлган соҳаларга малакали мутахассисларни қидириб топиш, иш билан таъминлаш ва ишчи кучига бўлган талаб ва таклифни ривожлантиришда ёрдам беради.

Ходимлар ҳамда ишчиларнинг сон ва сифат таркиби, вакансиялар, шунингдек, ишга жойлашиш учун номзодларга иш берувчилар томонидан қўйиладиган малакавий ва бошқа талаблар тўғрисида автоматик тарзда тўпланадиган холис, шаффоф ва долзарб маълумотлар шакллантирилади.

Жорий йилнинг январ ойидан бошланган ишлар натижасида ҳозирги кунда «ЯММТ» ИДАКда рўйхатдан ўтган юридик шахслар, яъни ташкилотлар сони 447 минг 325 та бўлиб, бу кўрсаткич давлатимиз бўйича тизимда умумий рўйхатдан ўтиши керак бўлган юридик шахслар (ташкилотлар) нинг 112,6 фоизини ташкил этади.

Шу билан бирга, ушбу тизимда рўйхатдан ўтказилган жисмоний шахслар, яъни ходимлар сони 5 миллиондан зиёд бўлиб, бу кўрсаткич давлатимиз бўйича тизимда умумий рўйхатдан ўтиши керак бўлган жисмоний шахслар (ходимлар)нинг 92,5 фоизини ташкил қилади.

Бундан ташқари, барча фойдаланувчиларга масофавий техник ва ахборот кўмагини тақдим қилиш мақсадида ҳозирги кунда «ЯММТ» ИДАКни техник қўллаб-қувватлаш хизмати ўз ишини олиб бормоқда. Иш берувчилар томонидан маълумотлар «ЯММТ» ИДАКга киритилиши мавжуд бўш (вакант) иш ўринлари тўғрисида маълумотлар базасини тўлиқ ва сифатли шаклланишига ҳамда ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА.

(Материал қисқартириб чоп этилмоқда).

Прочитано: 1463 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика