Тошкентга одатдан ташқари туристик поезд кириб келди
18 сентябрь куни эрта тонгда «Келес» темир йўл чегара-божхона постига кириб келган йўловчи поезди шу турдаги одатий поездлардан фарқ қилади. Чунки у йирик немис сайёҳлик компанияларидан бири томонидан уюштирилган махсус туристик поезд ҳисобланади.
Бундай меҳмонлар юртга ташриф буюрганда божхоначиларнинг масъулияти икки карра ошади, зеро, Ўзбекистонга кириб келаётган хорижий меҳмон, энг аввало, божхона ходимлари билан мулоқотга киришишади, унинг юртимиз ҳақидаги дастлабки таассуротлари ҳам айни шу мулоқотда шаклланади.
Поезддаги юздан ортиқ сайёҳнинг асосий қисмини Европа, хусусан Германиядан ташриф буюрган туристлар ташкил қилади. Улар йўналишларга бўлинган ҳолда 28 сентябрга қадар Ўзбекистоннинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Шаҳрисабз ва бошқа бир қатор тарихий шаҳарларида бўлишади.
– Ўзбекистон ҳақида кўп эшитганман, айниқса Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг довруғи бутун оламга ёйилган. Германия фуқаролари учун 2018 йилдан 30 кунлик визасиз режимнинг жорий этилиши анча қулайлик яратди, – дейди германиялик сайёҳ Хильдегард Дрехслер хоним.
«Ўзтемирйўлйўловчи» АЖдан маълум қилишларича, октябрь ойининг якунига қадар худди шу каби яна 2 та махсус туристик поезднинг келишига тараддуд кўрилмоқда.
ДБҚ Ахборот хизмати.