Ташкилот телекоммуникация воситалари – видеокузатув камераларини ишлаб чиқаради ва уларни монтаж қилиш ҳамда объектларга ўрнатиш хизматларини кўрсатади.
Юқорида кўрсатилган фаолият учун солиқ ва божхона имтиёзлари борми ҳамда қайси ҳуқуқий норма ва ҳужжатлар асосида ташкилот уларни қўллай олади?
– Божхона кодексининг 297-моддасига мувофиқ божхона божидан озод этиш тарзидаги тариф имтиёзлари қуйидагиларга нисбатан берилади:
● божхона ҳудудига қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган рўйхат бўйича олиб кирилаётган технологик асбоб-ускуналар, шунингдек бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, агар уларни етказиб бериш контракти (шартномаси, келишуви) шартларида назарда тутилган бўлса. Олиб кирилган технологик асбоб-ускуналар олиб кирилган пайтдан эътиборан 3 йил мобайнида экспортга реализация қилинган ёки текин берилган тақдирда, мазкур имтиёзнинг амал қилиши божхона божларини тўлаш мажбуриятлари тикланган ҳолда бекор қилинади;
● ваколатли давлат органининг ёзма шаклдаги тасдиғи бўлган тақдирда, телекоммуникациялар операторлари ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларини сертификатлаштириш бўйича махсус орган томонидан олинадиган тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг техник воситаларига.
Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарларга қўшилган қиймат солиғини ва акциз солиғини тўлаш бўйича имтиёзлар Солиқ кодексига мувофиқ берилади (БКнинг 298-моддаси).
Божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимларини тўлаш бўйича имтиёзлар БКнинг 299-моддасида белгиланган. Хусусан, юридик шахслар томонидан олиб кириладиган, қиймати ЭКИҲнинг 10 бараварини ва ундан кам миқдорни ташкил этадиган товарлар божхона расмийлаштируви учун божхона йиғимларини тўлашдан озод этилади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига ўзгартиришлар киритилди (АВ томонидан 2.05.2019 йилда 2436-9-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи тўлови бўйича имтиёзлар ушбу Рўйхатга ТИФ ТН кодлари киритилган янги технологик ускуналарга қўлланилади. Имтиёзлар, шунингдек, бутловчи ва эҳтиёт қисмларга, улар битта контрактга (шартномага) мувофиқ технологик жиҳозлар билан бирга ажралмас қисми сифатида етказиб берилган тақдирда, татбиқ қилинади.
Бинобарин, янги технологик ускуна деганда ҳозир ҳам «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида божхона расмийлаштируви вақтида, унинг ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан кўп бўлмаган технологик ускуна тушунилади. Унинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлаш учун технологик жиҳознинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқловчи ишлаб чиқарувчи заводнинг техник паспорти ёки жиҳозларнинг улар томонидан ишлаб чиқарилганлиги, жумладан ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги тегишли маълумотларни ўз ичига олган ишлаб чиқарувчининг ҳужжати тақдим этилиши керак.
Мурожаатингизда ускунанинг ТИФ ТН кодини кўрсатмагансиз, усиз эса мазкур ускунанинг юқоридаги Рўйхатга киритилганми-йўқлигини аниқлаб бўлмайди. Рўйхатнинг янги таҳририда илгари божхона имтиёзлари қўлланилган бир қатор товар позициялари олиб ташланган. Хусусан:
● радиоэшиттириш ёки телевидение узатиш аппаратура учун, таркибида қабул қилиш қурилмалари мавжуд ёки мавжуд бўлмаган радиоэшиттириш ёки телевидениелар учун узатиш қурилмалари ... (8525 50 000 0, 8525 60 000 0);
● радиолокациявий, радионавигациявий аппаратура ва масофали бошқариш учун радиоаппаратура (8526);
автоматик тартибга солиш бошқарув учун асбоблар ва мосламалар (9032 10–9032 89 000).
Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда импорт божхона божи ва қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган технологик жиҳозлар рўйхатига киритилган янги ўзгартиришлар жорий йилнинг 4 августидан кучга кирди.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.