Умумбелгиланган солиқларни тўловчи корхона муассисга (жисмоний шахсга) дивидендлар ҳисобига омбордаги товарни таннархи бўйича реализация қилади.
Товар таннархи – 100 минг сўм, ҚҚС (20%)* – 20 минг сўм, дивидендлардан солиқ - 5% бўлганда, тўланадиган дивидендлар суммасини қандай тўғри ҳисоблаш мумкин?
Тўғри ҳисоб-китоб қилганмизми: тўланадиган дивидендлар суммаси – 126,32 минг сўм, улардан дивидендлардан солиқ - 6,32 минг сўм, товар қиймати ҚҚС билан – 120 минг сўм?
Дивидендлар товар билан тўланганда ҚҚС дивидендларни тақсимлаш суммасига киритилиши лозимми?
– Ҳа, дивидендлар товар билан тўланганда ҚҚС уларни тақсимлаш суммасига киритилади.
Муассисга дивидендларни тўлаш ҳисобига товар берилиши товарларни реализация қилиш обороти деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 199-моддаси 1-банди). Товар таннархи – 100 минг сўм, ҚҚС (20%)* – 20 минг сўм, ҚҚС билан умумий етказиб бериш қиймати 120 минг сўмни ташкил қилади.
Дивидендлар кўринишидаги даромадлар жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари ҳисобланади (Солиқ кодексининг 176-моддаси 2-банди), уларга 5%лик ставкада (Солиқ кодексининг 181-моддаси 2-хатбошиси) тўлов манбаида жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи солинади (Солиқ кодексининг 184-моддаси 3-банди). ҚҚС тўланадиган дивидендлар суммасига киритилади.
Муассисга дивидендлар ҳисобига ҚҚС билан 120 минг сўмлик товар тўланган бўлса, демак, ушбу сумма дивидендлардан солиқ чегирилган ҳолда 95%ни ташкил қилади. Тегишинча, тўланадиган дивидендлар суммаси 126,32 минг сўмни (120 х 100 / 95) ташкил этади.
Дивидендлар кўринишидаги даромад солиғининг суммаси 6,32 минг сўмни (126,32 х 5%) ташкил этади.
Демак, тўғри ҳисоб-китоб қилгансиз.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.