Мамлакатимизда қабул қилинган ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш мақсадида Давлат божхона қўмитасида хизматга қабул қилинган ёш ходимлар ва уларнинг ота-оналари билан суҳбат ташкил этилди.
Суҳбат аввалида ДБҚ раиси М.Азимов юртимизда рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти тўғрисида маълумот бериб, божхона соҳасида хизмат қилишнинг энг асосий мезони ҳалоллик ва поклик, Ватанга ва бурчга садоқат, адолатли бўлиш ва қонунларга оғишмай амал қилиш эканлигини таъкидлади.
Суҳбат чоғида республикамиз вилоятларидаги ҳудудий божхона бошқармалари, «Тошкент-Аэро» ИБК, Миллий кинология марказида шарафли ва масъулиятли хизматни ўташга киришган 25 нафар ёш кадр ва уларнинг ота-оналарига мазкур тизимда хизмат қилишнинг ўзига хос масъулияти, яратилиши лозим бўлган соғлом маънавий-руҳий муҳит ҳақида маълумот берилди.
Шу билан бирга божхона органларида хизматни олиб бораётган ходимларнинг давлатимиз томонидан ижтимоий муҳофазага олингани, хусусан, бошқа вилоятлардан келиб хизмат қиладиган божхоначилар хизмат уйлари билан таъминланиши тўғрисида айтиб ўтилди.
Фарзанди ишга қабул қилингани муносабати билан ушбу тадбирда иштирок этиш учун Хоразм вилоятидан ташриф буюрган Султон Раҳимов ўз сўзида Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимиз ёшларига яратиб берилаётган имкониятлар хусусида тўхталди. Бугунги кунда ёшлар ўз билим ва салоҳиятлари билан очиқ ва шаффоф тарзда ўтказилган синовлардан муваффақиятли ўтиб, божхона соҳасига хизматга қабул қилинганликлари, улар келгусида хизмат жараёнида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай қийинчиликларни сабот билан енгиб, Ватанимизга садоқат билан хизмат қилишларига ишонч билдирди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган ушбу учрашувда ёш божхоначилар ва уларнинг ота-оналари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.
ДБҚ Ахборот хизмати.