Инглизларда «Time is money», яъни «Вақт – бу пул» деган ибора бор. Дарҳақиқат, ҳар бир тадбиркор, айниқса, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси учун ҳар бир дақиқа ғанимат – қимматли ҳисобланади.
Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари томонидан товар ва транспорт воситаларининг экспорти ва импортида божхона расмийлаштируви учун сарфланган ўртача вақт ҳақида божхона постлари кесимида 2019 йил февраль ойи якунлари бўйича маълумотлар эълон қилинди.
Экспорт
Товарларни «экспорт» божхона режимига расмийлаштириш учун сарфланган вақт бўйича республикамиздаги 53 та ТИФ божхона постлари орасида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси «Талимаржон» ТИФ божхона пости етакчилик қилмоқда. Бу ерда экспорт божхона юк декларацияларини расмийлаштириш учун ўртача 56 дақиқа 34 сония сарфланган.
Ундан кейинги ўринларни 1 соат 6 дақиқа 3 сония билан Наманган вилояти божхона бошқармасининг «Наманган» ТИФ божхона пости ҳамда 1 соат 7 дақиқа 53 сония билан Фарғона вилояти божхона бошқармаси «Қувасой» ТИФ божхона пости эгаллади.
Импорт
Товарларни «импорт» божхона режимига расмийлаштириш учун сарфланган вақт бўйича эса Бухоро вилояти божхона бошқармаси «Ғиждувон» ТИФ божхона пости етакчилик қилмоқда. Бу ерда импорт божхона юк декларацияларини расмийлаштириш учун ўртача 2 соат 23 дақиқа 44 сония сарфланган.
Ундан кейинги ўринларни Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг «Улуғбек» ТИФ божхона пости (2 соат 42 дақиқа 21 сония) ҳамда мазкур вилоятдаги «Самарқанд» ТИФ божхона пости (2 соат 56 дақиқа 25 сония) эгаллади.
Тўлиқ рўйхат билан ДБҚ веб-сайтидаги http://bojxona.uz/uz/lists/view/228 ҳавола орқали танишиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Божхона маъмурчилигини такомиллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида (24.11.2018 йилдаги ПФ-5582-сон) белгиланганидек, ТИФ иштирокчиси томонидан товар ва транспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви учун сарфлайдиган вақт божхона постлари ходимлари фаолияти самарадорлигининг асосий кўрсаткичи ҳисобланади.
Шу сабабли Фармон билан божхона расмийлаштируви вақти тўғрисидаги статистик ахборот ҳар ойда барча божхона постлари кесимида ДБҚнинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши белгиланган. Шундан келиб чиқиб, 2019 йилдан бошлаб ҳар ой якуни бўйича ТИФ иштирокчилари томонидан товар ва транспорт воситаларининг экспорти ва импортида божхона расмийлаштируви учун сарфланган ўртача вақт ҳақидаги маълумотлар божхона постлари кесимида ДБҚ сайтида эълон қилиб келинмоқда.