ОТМнинг фаолият тури – олий таълим соҳасида хизматлар кўрсатиш. Шартномага биноан талабалар ўқиш ҳақини ҳар семестр: 50%ини – 1 сентябргача ва 50%ини 1 мартгача тўлайдилар. 2019 йилда умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтдик.
Университет қачон ҳисобварақ-фактураларни ёзиб бериши ва хизматлар реализация қилинганини акс эттириши керак: ҳар ойдами ёки семестр тугагандами?
– Ўқув муассасангиз ҳисобварақ-фактураларни ҳар ойда (ҳар чоракда) ёки семестр якунлари бўйича ёзиб, хизматлар кўрсатишдан олинган даромадни вақти-вақти билан аниқлаши мумкин.
Хизматлар кўрсатишдан олинган даромадни аниқлаш даврийлиги ҳисобварақ-фактураларни худди шу даврийлик билан тақдим этиш имконини беради. 2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан тушган даромадлар» (АВ томонидан 26.08.1998 йилда 483-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 14–19-бандларида белгиланган шартларга риоя этилганда хизматлар кўрсатишдан тушган даромад тан олинади. Бунда оралиқ тўловлар ва талабалардан олинган аванслар суммалари бўйича даромадлар тан олинмайди.
Ниҳояга етиш босқичига қараб хизматларни кўрсатиш (ишларни бажариш) билан боғлиқ даромад тан олиниши мумкин. Ниҳояга етиш босқичлари турли усуллар билан аниқланиши мумкин. Даромадни тан олишнинг танланган усули, шу жумладан уни аниқлаш даврийлиги корхонанинг ҳисоб сиёсатида белгиланади.
Ниҳояга етиш босқичига қараб даромадни аниқлашнинг қуйидаги усуллари мавжуд:
● бажарилган ишларни таҳлил қилиш усули;
● муайян вақтга келиб кўрсатилган хизматларнинг битим бўйича хизматларнинг тўлиқ ҳажмига фоизли нисбатини аниқлаш усули;
● шу санагача қилинган харажатларнинг битим бўйича баҳоланган умумий харажатларга фоизли нисбатини аниқлаш усули. Шу санагача қилинган харажатларга фақат мазкур санагача бажарилган хизматларни акс эттирадиган харажатлар киради. Битим бўйича баҳоланган умумий харажатларга эса фақат бажарилган ёки бажарилиши лозим бўлган хизматларни акс эттирувчи харажатлар киритилади (2-сон БҲМСнинг 18-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.