Корхонамиз умумбелгиланган солиқларни тўлайди. Асосий фаолият тури – лизинг бўйича хизматлар.
Молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича хизматлар кўрсатиш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинадиган молиявий хизматлар жумласига кириши сабабли ижарага берувчининг (лизингга берувчининг) фоиз тариқасидаги даромадига тегишли қисми бўйича имтиёзга эгамиз (Солиқ кодексининг 209-моддаси 13-банди).
Солиқ солинадиган оборотга ҳам эгамиз, булар – мол-мулкни молиявий ижарага, шу жумладан лизингга бериш, мол-мулкни оператив ижарага бериш, асосий воситаларни реализация қилиш.
Ташкилот ҳисобга олинадиган ҚҚСни аниқлаш учун алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш усулидан фойдаланади. Бунда умумий харажатларни мутаносиб усулни қўллаган ҳолда тақсимлаймиз. ҚҚС бўйича реестрларни ҳар ойда ортиб борувчи якун билан тўлдирамиз.
Кирувчи ҚҚСни солиқ солинмайдиган даромад қисмида ҳар ой харажатларга (9430-счёт) ҳисобдан чиқариш мумкинми? Ёки салмоқ йилнинг охиригача ортиб борувчи якун билан ҳисобланиб, солиқ даври охирида ҳисобдан чиқариладими?
– Солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган оборотлар мавжуд бўлганда:
1) фақат солиқ солинадиган оборот учун фойдаланиладиган олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС ҳисобот даврида ҳисобга олинади (ҚҚС ҳисоб-китоби, 3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган). ҚҚС бўйича ҳисобот даври ой ҳисобланади (Солиқ кодексининг 223-моддаси);
2) фақат солиқ солинмайдиган оборот учун фойдаланиладиган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича маҳсулот етказиб берувчиларга, шунингдек импорт бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) ҚҚС ушбу товарларнинг қийматида ҳисобга олинади (Солиқ кодексининг 221-моддаси);
3) умумий харажатлар бўйича ҚҚС суммасини умумий оборот ҳажмидаги солиқ солинадиган оборот салмоғига мутаносиб равишда ҳисобга олишингиз мумкин. Солиқ солинадиган ва солиқ солинмайдиган оборотлар салмоғи ортиб борувчи якун билан ҳисобланади. Шу сабабли «ҳисобга олинмайдиган» ва «ҳисобга олинадиган» ҚҚС суммалари йил охиригача ўзгариб туради.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.