Давлат божхона хизмати органлари аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини кенг миқёсда ўтказиб келмоқда.
Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Давлат божхона қўмитасидаги бошланғич ташкилоти ташаббуси билан Тошкент вилояти Зангиота туманининг Ўртаовул қишлоғидаги 33-умумтаълим мактабида ана шундай тадбирлардан бири бўлиб ўтди. Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий саводхонлик даражасини юксалтириш, энг аввало оиладан, сўнгра таълим муассасаларидан бошланади. Масалан, умумтаълим муассасаларида математика ва информатика ойликлари ўтказилади. Мазкур ойлик доирасида айнан шу фанларни божхонага доир мавзу билан боғлаб дарслар ўтказиш анъанага айланган. Дейлик, давлат бюджетига ундирилаётган божхона тўловлари, республикамизда амалга оширилаётган экспорт-импорт операциялари, товарларни божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтишга доир ҳуқуқбузарликлар ҳисобини юритиш – бу амалиётлар математик билимларга таянса, соҳага жорий қилинаётган турли ахборот тизимлари, замонавий АКТ негизида эса информатика фани туради.
Шу сабабли мактаб ўқувчилари иштирокида бўлиб ўтган учрашув интерфаол, жонли ва амалий руҳда кечди. Биргина божхона соҳаси мисолида ўқувчиларга нафақат математика ва информатика фанларининг аҳамияти тушунтирилди, балки, божхонага доир ҳуқуқий билимлар ҳам етказилди.
Хайрли анъанага мувофиқ фаол ўқитувчи ва ўқувчиларга китоблар туҳфа қилинди.
Ҳусан ТАНГРИЕВ, ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори.