Соддалаштирилган ҚҚС тўловчи корхона мол-мулкни (нотурар жойни) ижарага беради. Ижара ва коммунал хизматларни қоплаш шартномаси тузилган.
Коммунал хизматларни қоплаш учун ҳисобварақ-фактура қандай расмийлаштирилади?
– Коммунал хизматлар, электр энергияси, алоқа хизматлари қийматини қоплаш учун ҳисобварақ-фактура Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибига (3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ расмийлаштирилади.
Ижара шартномаси шартларига мувофиқ коммунал хизматлар, электр энергияси, алоқа хизматларининг қиймати ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган хизматлар миқдорида қопланиши лозим бўлса, ҳисобварақ-фактурада алоҳида сатрларда қуйидагилар кўрсатилади:
● ҚҚС суммаси ажратиб кўрсатилган ҳолда ижара ҳақи суммаси. Сизнинг ҳолатда соддалаштирилган ҚҚС;
● хизматлар қийматига тўғри келувчи, ҚҚС суммаси ажратилган ҳолда қопланиши лозим бўлган сумма (Тартибнинг 48-банди).
Соддалаштирилган ҚҚС тўловчилар ижарага олувчи томонидан истеъмол қилинган коммунал хизматлар, электр энергияси, алоқа хизматларининг қийматининг қопланадиган қисмини бундай хизматларни етказиб берувчилар ҳисобварақ-фактураларида кўрсатган ҚҚС ставкасини ажратиб кўрсатган ҳолда қайта тақдим этишлари керак. Ушбу хизматлар қийматини қоплаш суммаси ижарага берувчининг даромади ҳисобланмайди. У хизматларни етказиб берувчилар ва ижарага олувчи ўртасидаги боғловчи бўғин холос. Бинобарин, у хизматлар бирлиги нархи ва ҚҚС ставкасини ўзгартирмай, суммаларни қайта тақдим этиши керак.
ҚҚС тўловчиси бўлган ижарага олувчи ижарага берувчининг ҳисобварақ-фактурасида ижара ҳақи ва қопланадиган хизматлар суммаси бўйича кўрсатилган ҚҚС суммасини ҳисобга олиши мумкин.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.