Корхона ходими қизининг Ўзбекистон олий ўқув юртида ўқиш ҳақини ўз ҳисобидан тўлади.
Корхона ушбу ходимга нисбатан ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаши мумкинми?
– Йўқ, ходим қизининг ўқиш ҳақини ўз маблағлари ҳисобидан мустақил равишда тўлаган бўлса, корхона унга нисбатан ЖШДС бўйича имтиёзни қўллашга ҳақли эмас.
Жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида ўзининг ўқиши ёки 26 ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун ҳақ тўлаганда ЖШДС бўйича солиқ чегирмаси берилади (Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-банди; АВ томонидан 27.05.2010 йилда 2107-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1-банди). Шу жумладан ўз маблағлари ҳисобидан (Низомнинг 4-банди).
Тўлов қуйидагилар ҳисобига амалга оширилганда иш берувчи ЖШДС бўйича имтиёзни қўллаши мумкин:
● тўланган суммаларни жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромадларидан кейинчалик ушлаб қолиш шарти билан берилган иш берувчининг маблағлари;
● Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртига ёки тижорат банкига олинган таълим кредитини қоплаш эвазига иш берувчи томонидан ўтказиб бериладиган жисмоний шахснинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари (Низомнинг 10-банди).
Жисмоний шахс фарзандининг ўқиш ҳақини ўз маблағлари ҳисобидан мустақил равишда тўлаган бўлса, солиқ органлари томонидан имтиёз қўлланилади. Бунинг учун жисмоний шахс доимий прописка қилинган жойдаги солиқ инспекциясига жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириши зарур (Низомнинг 16-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.