Ишлаб чиқариш корхонаси (ЯСТ тўловчи) Туркиядан янги, бироқ паспортсиз компрессор сотиб олган. БЮДда у 2018 йилда ишлаб чиқарилган деб кўрсатилган. Импорт қилаётганда ҚҚС бўйича имтиёзни қўлладик, сабаби ускуна ҚҚСдан озод қилинадиган жиҳозлар рўйхатига (20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган) киритилган. Ушбу ускунадан ишлаб чиқаришда фойдаланаяпмиз, эски компрессор ўрнига уни ўрнатганмиз.
ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базани ушбу механизм қиймати суммасига камайтириш мумкинми? Агар мумкин бўлса, имтиёзни фақат ЯСТ бўйича ҳисоботда акс эттириш керакми ёки ДСИни ҳам бу ҳақда хабардор қилиш зарурми?
– Ҳа, корхонангиз солиқ солинадиган базани янги технологик асбоб-ускуналар олишга, бироқ солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 25%ига йўналтирилган маблағлар суммасига камайтириш кўринишида ЯСТ бўйича имтиёзни қўллаши мумкин (Солиқ кодексининг 356-моддаси).
Солиқ солинадиган база ускуна фойдаланишга топширилган солиқ давридан эътиборан 5 йил ичида камайтирилади. Имтиёздан фойдаланиш тартиби Маблағларни инвестицияга йўналтирувчи юридик шахслар томонидан имтиёзларни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом (АВ томонидан 25.08.2017 йилда 2918-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан белгиланган.
Янги технологик ускуна – «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимида божхона расмийлаштируви вақтида ишлаб чиқарилган йили 3 йилдан кўп бўлмаган ускуна.
Олиб келинадиган технологик жиҳозларнинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқлаш учун «Эркин муомалага чиқариш» божхона режимига божхона расмийлаштируви пайтида унинг ишлаб чиқарилган йилини тасдиқловчи ишлаб чиқарувчи заводнинг техник паспорти ёки жиҳозларнинг улар томонидан ишлаб чиқарилганлиги, жумладан ишлаб чиқарилган йили тўғрисидаги тегишли маълумотларни ўз ичига олган ишлаб чиқарувчининг ҳужжати тақдим этилади (Рўйхатга изоҳ, АВ томонидан 20.03.2013 йилда 2436-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Импорт қилиш чоғида ҚҚС бўйича имтиёз қўллангани ускуна ишлаб чиқарилган йилни тасдиқловчи ҳужжат борлигидан далолат беради.
Фойдаланишга янгитдан киритилаётган янги технологик ускуна бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш учун Ягона солиқ тўлови бўйича ҳисоб-китобга (9-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган шаклдаги Фойдаланишга киритилган янги технологик жиҳоз тўғрисида маълумотнома (Низомга илова) илова қилинади.
Сўнг имтиёз ЯСТ ҳисоб-китобида акс эттирилади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.