Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 09 / Божхона

Божхона омборига янги лицензия талаблари

 

Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) эълон қилинганлиги муносабати билан жорий йилдан божхона омбори эгасига қўйиладиган талаблар ўзгардими?

А.Туропов, Х.Суюнов, В.Чориев.

 

– Президентнинг 12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон Фармонини ижро этиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона омбори, эркин омбор ва бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори (18.12.2018 йилдаги 1028-сон) қабул қилинган. Божхона омбори фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ лицензия таомилларидан ўтишни янада соддалаштириш мақсадида Божхона омбори фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом (1-илова) тасдиқланган. Ҳужжат расмий ­эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач, 2019 йил 20 мартдан кучга киради.

Лицензия лицензияловчи орган томонидан амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда, омбор ҳудуди, шунингдек, божхона омбори сифатида фойдаланиш мўлжалланаётган омбор ва қўшимча бинолар эгалигида бўлган лицензия даъвогарига лицензия даъвогари, божхона омбори ҳудуди ҳамда бинолар унинг талаблари ва шартларига мувофиқ бўлиши шарти билан берилади.

 

Ҳужжат тили билан

Божхона омбори – махсус жиҳозланган ва белгиланган жой бўлиб, биноларнинг ҳудудини ва (ёки) очиқ майдончаларни ўз ичига олган ҳамда товарларни божхона назорати остида сақлашга мўлжалланган. Божхона омбори очиқ ёки ёпиқ турда бўлиши мумкин.

Очиқ турдаги божхона омбори – ҳар қандай шахслар фойдаланиши мумкин бўлган божхона омбори.

Ёпиқ турдаги божхона омбори – лицензиатнинг товарларини сақлашга мўлжалланган божхона омбори, қонунчиликда назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно. Ёпиқ турдаги божхона омборига лицензиатнинг товарлардан ташқари унинг таркибий тузилмалари товарлари жойлаштирилиши мумкин.

Лицензияловчи орган – Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг марказий аппарати.

Лицензиат – божхона омбори фаолиятини амалга ошириш лицензияси бўлган Ўзбекистон Республикаси юридик шахси ёки божхона омборини таъсис этган Ўзбекистон Республикаси божхона органи.

 

Янги шартлар ҳақида

Божхона омбори ҳудуди божхона назорати зонаси ҳисобланади. Божхона назорати остидаги товарларни ташийдиган транспорт воситалари унга сутканинг исталган вақтида кириши мумкин. Транспорт узеллари ва транспорт магистралларидан олиб борувчи йўл бўйлаб божхона омборигача бўлган масофа 3 км дан ошмаслиги керак.

Божхона омбори сифатида ишлатиш учун мўлжалланган бинолар ва (ёки) очиқ майдончалар ёхуд божхона омборига бевосита туташиб кетган ҳудуд, қуйидагиларни инобатга олган ҳолда, биттадан кам бўлмаган ёпиқ кўрик майдончасига эга бўлиши керак:

● божхона омбори эшиклари томонидан жойлашиши;

● 40 кв.метрдан кам бўлмаган майдонга эга бўлиши;

● электр ёруғи билан жиҳозланиши;

● содир бўлаётган воқеалар бўйича ҳар хил томонлардан олинган видеомаълумотларни 3 ой давомида кўрсатиш имконига эга бўлган, лицензияловчи орган томонидан белгиланган жойларда ўрнатилган, куну-тун ишлайдиган видеокузатув воситалари билан жиҳозланган бўлиши;

● товарларни тушириш-ортиш учун кўчма ва (ёки) ердаги эстакада бўлиши.

Божхона омборида товарларнинг ортилиши, туширилиши ва қайта юкланиши фақатгина кўрик майдончасида амалга оширилади. Бунда, ҳаво шароитининг кескин ёмонлашиши ҳолатларида, амалга оширилаётган ҳаракатларни ҳар хил томонлардан узлуксиз видеокузатувга олиш имконини яратган ҳолда, уларни божхона омбори биносида амалга оширишга йўл қўйилади.

Божхона омбори доимий равишда соз, ишчи ҳолатда ва унинг нормал фаолият кўрсатиш учун қуйидагилар етарли бўлиши керак:

● ортиш-тушириш ва транспорт воситалари;

● омбор асбоб-ускуналари;

● ўлчов асбоблари, аниқлиги ва ўлчаш чегаралари божхона омборида сақлашга мўлжалланаётган товарлар хусусиятига мувофиқ бўлган товарларнинг оғирлигини ўлчаш воситалари;

● божхона органларининг дастурий таъминотига мос келадиган товарлар ҳисобини юритадиган автоматлаштирилган тизим;

● божхона омбори сифатида ишлатиш учун мўлжалланган биноларни, очиқ майдончаларни, божхона омборига бевосита туташиб кетган бутун ҳудудни тўлиқ назорат қилиш ҳамда божхона органларига видеомаълумотларни узатиш, шунингдек, ушбу маълумотларни 3 ой давомида сақлаш имконига эга бўлган узлуксиз ишловчи видеокузатув тизими.

Шунингдек у кўрик ўтказиш учун стол, аптечка, термометр (дори воситаларини сақлашга мўлжалланган бинолар учун), алоқа воситалари (шу жумладан телефон, маълумот узатиш тармоғи, Интернет), ташкилий техника, мебель билан жиҳозланган бўлиши шарт.

Божхона органи ходимлари учун божхона омборида божхона назорати ва божхона расмийлаштирувини амалга ошириш учун 6 кв.метрдан кам бўлмаган майдонга ва 20 куб метрдан кам бўлмаган ҳажмга эга бўлган бино ажратилиши керак. У доимий соз ҳолатдаги, божхона органларининг дастурий таъминоти билан ишлаш имконига эга бўлган компьютер, принтер ва нусха кўчирадиган аппарат, алоқа воситалари (шу жумладан телефон, факс, Интернет) билан жиҳозланган, мебель жиҳозлари билан таъминланган бўлиши шарт.

 

Маълумот учун. Божхона омбори фаолиятини амалга оширишга лицензия «Лицензия» ахборот тизимлари комплекси орқали берилади. Лицензия бўйича ҳуқуқларни бошқа шахсларга бериш тақиқланади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 986 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика